Умарбек Эшмуродов: “Насаф”да тўп тепишимдан мамнунман

Аввалроқ, "Насаф" ҳимоячиси Умарбек Эшмуродов жамоадаги фаолиятини яна давом эттиририши ҳақида хабар берган эдик. Ушбу футболчи бугун клуб матбуот хизматига интервью берди:

-Умарбек аввало сизни шартнома муддатини узайтирганингиз билан табриклаймиз.

-Катта раҳмат. Бош мураббийимиз Рўзиқул ака ва клубимиз бош менеджери Сергей Петровичлар менга яна ишонч билдиришди, ўз ўрнида мен ҳам буни мамнуният билан қабул қилдим ва ўзаро шартнома муддатини узайтирдик.

-Демак, сизни “Насаф”даги шароитлар қониқтиради.

-Шундай, клубимизда футболчи учун ҳамма шароитлар бор. Бу ердаги футболчига бўлган муносабат ҳам профессионал тарзда йўлга қўйилган. Жамоадаги муҳит ҳам ҳар қандай футболчи орзу қиладиган даражада. “Насаф” таркибида тўп тепиб, қитъамизнинг нуфузли мусобақасида ҳам иштирок этдим. Бу мен учун катта тажриба мактаби бўлди. “Насаф”да ўйнаб, жамоам билан яна шундай мусобақада иштирок этишни ҳоҳлайман. Тўғри, бу йил мавсум биз учун қийинроқ кечди. Етакчи футболчиларимиз молиявий муаммолар туфайли бошқа жамоаларга ўтиб кетишди. Бу кучли жамоаларга қарши ўйинимизда муаммоларни келтириб чиқарди. Аммо Рўзиқул ака буларга қарамасдан биз футболчиларни яхшироқ ўйнашимизга руҳлантира олди. Қолаверса, воҳамиз футбол мухлисларининг энг севимли жамоаси

– “Насаф”да тўп тепиш мен учун жуда ёқимли ва фахрлидир.

-Сизни футболчи сифатида жамоанинг бу йилги натижаси қониқтирдими?

-Йўқ, чунки ҳар бир футболчи юқори натижаларга эришишни ҳоҳлайди. Чемпион бўлишни орзу қилмаган футболчи менимча топилмайди. Бу ҳолат яъни бу йил янги форматда ўтказилган чемпионатимизда қуйи олтиликда ўрин эгаллашимиз, вақтинчалик ҳолат деб, биламан. Пастлаш дунёнинг буюк жамоаларида ҳам учраб турадиган ҳолат. Мен шуни ишонч билан айтаманки, “Насаф” ҳали катта ютуқларни қўлга киритади. Келинг, бу йилги натижани юқорига сакрашдан олдин, пастга шўнғиш дея қоламиз. Шундай бўлишини ўзим жуда ҳоҳлайман.

-Футболчи учун энг муҳими нима?

-Бу саволингизга ўзимнинг дунё қарашимдан келиб чиқиб жавоб бераман. Футболчи шу йўлни танладими, аввало шу соҳани илғори бўлиши керак. Яъни фойдали ўйинчи бўлиши керак. Баъзида футболчини кўп пул ҳоҳлашини танқид қилишади. Кўп пул кимга керак эмас? Аслида эса футболчи кўп пул таклиф этиладиган даражани эгаллаши керак. Аммо ҳали бир нарсани уддаламай туриб, кўп пул топиш пайига тушиш ҳам, нотўғри. Футболдан бошқа ҳам пуллик соҳалар кўп. Масалан, тадбиркорлик. Футболда катта пул изидан қувиб, келажагини бузиб қўйган футболчилар ҳам учраб туради. Менимча, футболчи ўз олдига буюк футболчи бўлиш орзусини қўйиши керак, ана шунда уни катта пулнинг ўзи қувлай бошлайди. Бу эришиб бўлмайдиган ҳавои орзу эмас. Одам қилган нарсани, одам қилади. Фурсатдан фойдаланиб, яқинлашиб келаётган Осиё Кубогида миллий терма жамоамизга каттадан-катта муваффақиятлар тилайман. Терма жамоамиз, ушбу мусобақада кўпмиллионлик мухлисларимизнинг орзусини амалга оширишига омад тилайман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!