Умид Аҳмаджонов: Осиё кубогидаги муваффақиятсизликда Купер ҳам, қолаверса ўзимиз ҳам айбдормиз

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё Кубогидаги иштироки юзасидан журналистлар, мутахассислар ва мухлислар ўртасида турли хил фикрлар, баҳс-мунозаралар кун тартибидаги асосий масалага айланган. Шунингдек, бош мураббий Эктор Купернинг улсуби ҳам танқид остига олинган пайтлар ҳам бўлди. Лекин ҳамма ҳам бундай фикрда эмас ва жамоа ўйинида мураббийнинг имзоси борлиги ҳақида муносабат билдираётганлар ҳам кўп. Ўзбекистон футбол ассоциациясининг 1-вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг ҳам Осиё Кубогида терма жамоамиздан умиди катта эди. Чунки жамоамизга ишонч юқори қаралганди. Қолаверса, охирги йилларда турли ислоҳотлар сабабли ўзбек футболида силжиш кузатилаётгани ҳам ҳақиқат. Шу боис терма жамоамиздан мазкур Осиё Кубогида кўпроғини кутгандик. Аммо доим ҳам ўйлаган нарсалар амалга ошавермайди. Бундан буёғига фақат олдинга интилиш керак. Бу муваффақиятсизлик билан ҳаёт тугаб қолмайди ва руҳий тушкунлик исканжасида қолиб кетмаслигимиз лозим. Чунки бизни ҳали олдинда қиладиган ишларимиз кўп. Осиё Кубогидан эса мураббий ўзи учун тегишли сабоқларни чиқариб олди. Аҳмаджонов эса терма жамоамизнинг иштироки ҳақида билдирилаётган фикр ва мулоҳазаларни кузатиб бораётганига шубҳа йўқ. Осиё Кубогидаги иштирокимизга қандай муносабат билдириши, бош мураббийнинг дастлабки расмий мусобақасидаги ишига қай даражада баҳо бериши ва яна шунга ўхшаш бир қатор масалаларда  ЎФАнинг 1-вице-президенти томонидан айтиладиган фикрлар ҳамма учун қизиқ ва муҳим эди. Шуни назарда тутган ҳолда Умид Аҳамаджонов билан суҳбатлашдик.

- Умид Муҳаммаджонович, авваламбор миллий терма жамоамизнинг Осиё Кубогидаги иштироки ҳақида ўз муносабатингизни билдириб ўтсангиз?

- Иккита кучли рақибга дуч келдик ва ҳар иккиси билан муносиб кураш олиб бордик. Эктор Купернинг олдига қўйилган асосий вазифа — ЖЧ-2022 йўлланмасини қўлга киритиш. Тўғри, Осиё Кубогига ҳам чемпионлик мақсадида бордик, бироқ пенальтилар сериясида омад биздан юз ўгирди. Хулосам шуки, терма жамоани ёшартиришда давом этиш керак. Эктор Купер Сервер Жепаров, Тимур Кападзе, Азиз Ҳайдаров сингари яхши футболчиларсиз ҳам жамоа қила олганидек, Осиё Кубогида тўп сурган яна айрим юлдузларсиз ҳам жамоа қура олишига ҳозирча ишончимиз бор. Чунки амирликларда Элдор Шомуродов, Жалолиддин Машарипов, Отабек Шукуров, Жавоҳир Сидиқов, Достон Ҳамдамов, Икром Алибоев каби мустақиллик фарзандлари асосий юкни ўз зиммасига олганини ҳамма кўрди. Шу боис ишонч билан айта оламанки, терма жамоамизнинг келажаги шундай йигитларнинг қўлида.  

- Нимчорак финалдан кейин мусобақани тарк этганимиз аламли бўлди, албатта. Лекин Австралияга қарши ўйинда жамоамиз мардонавор курашди. Лекин мағлубият аччиқ бўлгани учунми, турли хил танқидларни кўряпмиз. Умуман олганда, билдирилаётган танқидларга қандай қараяпсиз?

- Танқидларга жуда яхши қарайман. Турли хил фикрларнинг бўлиши табиий. Терма юзасидан ҳар кимнинг ўз қараши, принциплари, танқид ёки таклифлари бор. Аммо машҳур сайтлар ўтказган сўровномалар натижасига қарасангиз, одамларнинг кўпчилик қисми миллий терма жамоанинг эртасига умид билан қарамоқда. Бу Бабаян қурган терма жамоани бутун халқнинг нафратига учраганидан анча яхшироқ. Қисқа давр ичида Купер кимларнингдир ишончига кирган бўлса, демак у ишлашда давом этиши керак. 6 ойда шунча иш қила олган тажрибали мураббийга имконият ҳамда вақт берилса, янада кўпроғига эришиши мумкин.

- Дарҳақиқат, миллий терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер ҳақида ҳам кўплаб фикрлар айтилмоқда. Айни пайтга келиб эса уни қўллаб-қувватлаётган ва аксинча истъефоси ҳақида гапираётганлар бор. Қисқаси, бу борада мухлис ва журналистлар иккига бўлинишган. Аммо Эктор Купер жамоада ўйин сифатини шакллантириб бораётгани кўриниб турибди. Купер учун бу терма жамоамиз бош мураббийлигидаги дастлабки мусобақа эди. Умуман олганда, унинг дастлабки иши ҳақида фикрингиз қандай, эътирозингиз йўқми?

- Бу борадаги фикрларимни дастлабки икки саволда келтириб ўтдим. Карлос Кейруш Эрон термасини 8 йил деганда шундай кўринишга олиб келган бўлса, биз Купердан ярим йилда нимани талаб қилишимиз мумкин? Мураббийни ич кийим каби ўзгартираверишдан маъно кўрмаяпмиз. Ҳозир кимдир Жозе Моуриньо зўр дейди, яна кимдир Марчелло Липпини зўр дейди. Липпи қурган жамоа сизнингча Ўзбекистондан кучлироқ эдими? Менимча, йўқ. Биз тажрибали, Европа футболида муваффақиятга эришган, финаллар ҳадисини олган ва ўз ишининг устаси бўлган инсон билан ишлаяпмиз.

- Аслида футболимизда қилинган ижобий ишларни унутиб қўямиз-да, биргина мағлубият туфайли қилинаётган барча меҳнат гўёки чиппакка чиққандек туюлиши мумкин. Айтинг-чи, мусобақани эрта тарк этганимизда сизга айнан нима оғир ботди?

- Осиё Кубоги биз учун муваффақиятсиз тугаганида балки Купернинг айби ҳам бордир. Бироқ асосий айбдор ўзимиз. Анча йиллар давомида футболни одам қила олмай, яқиндагина келган хорижликка ҳамма айбни ағдариб қўйиш бизга хос эканлиги оғир ботди. Футболимизни аввал жирканчликлардан тозалашимиз керак.

- Осиё Кубогида кўнгилдагидек натижа кўрсата олмаганимиздан сўнг футболимиздаги ишлаш тизимида қандайдир ўзгаришни амалга оширишимиз керак деб ўйлайсизми?

- Биз ўзимиз учун белгилаб олган йўлдан одимлаяпмиз. Пенальтилар сериясида ютганимизда муваффақиятли бўлармиди, Осиё Кубоги? Агар жавобингиз “ҳа” бўлса, унда фақат шу лотореядаги омадсизлик сабаб принципларимизни ҳам ўзгартириб ташлашимиз мантиқсизлик бўлади. Президентимиз кўп соҳалар қатори, футболда ҳам ишни нимадан бошлаш ва қандай фаолият олиб бориш кераклигини қисқа ва лўнда тушунтириб берганлар. Биз болалар футболига эътибор беришда, терма жамоалар билан тўғри ишлашда ҳамда футболдаги иллатларга қарши курашишда давом этамиз.

- Тан олишимиз керакки, Япония, Эрон каби терма жамоалар биздан бир бош устун. Ўзбекистонни уларнинг қаторига олиб чиқиш мақсадида раҳбар сифатида ўзингиз учун қандай хулосаларни чиқариб олдингиз?

- Хулосани ҳамма терманинг аввалги ҳолатидан кейиноқ чиқарган, Осиё Кубоги-2019 дан кейин эмас.

- Терма жамоанинг кучайиши бевосита ички чемпионатимизга ҳам боғлиқ. Кўриниб турибдики, Суперлигамизда ўтган йилдан бошлаб ўсиш бошланди. Аммо ҳали яна кўп ишлашимиз керак. Яқинда эса навбатдаги чемпионатимиз бошланади. Ҳозирда эса одамлар орасида шундай гап юрибди: “Сурхон” Суперлигада қатнашаркан, лекин кимнинг ўрнига чиқади? Фурсатдан фойдаланган ҳолда ушбу масалага ҳам ойдинлик киритиб ўтсангиз.

- Айнан қайсидир жамоани ажратиб кўрсатишни истамайман. Одамлар нималар демайди?! Бизда ўтган йилдан бошлаб ишлаб чиқилган лицензиялаш талаблари бор. Унинг қандай ишлашини ЎФА комиссияси назорат қилиб боради. Суперлиганинг 12 та клуби одамларнинг гапига ишонавермай, шу талаблар устида ишлайверсин. Агар ҳамма нарсаси жойида бўлса, ким уларни сиқиб чиқариши мумкин? Гапга ишониб ўтираверадиганлар бўлса, чўкиб кетиши аниқ. Ишлаш керак!

- Ўз навбатида клубларимиз қанча кучайишса бу бевосита терма жамоамизнинг ҳам кучайишига олиб келади. Аммо бунинг учун клубларимиз хоҳлаймизми-йўқми, моддий томондан техник базаси мустаҳкам бўлиши лозим. Айрим жамоа мухлисларининг эса сизга бирор-бир ҳомийни клубга бириктириб бериш юзасидан мурожаат қилишмоқчилиги ҳақида ҳам эшитиб қоламиз. Ёки клубларимизни босқичма-босқич хусусий инвесторлар қўлига ўтиши ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Бундай пайтдаЎФА жамоаларни қўллаб-қувватлаши муҳим. Айнан мазкур масалада нима деган бўлардингиз?

- Англия футбол ассоциацияси ёки Испания ўз клубларини қўллаб-қувватлаши ҳақида эшитмаган эканман. Лекин бизда қарашлар шундай. Аввалги раҳбарият ҳам, ҳозиргиси ҳам ҳукуматнинг ёрдами билан шундай қиляпти. Бироқ бу яхшилик йиллар давомида клубларни тўла боқиманда қилиб қўйганки, ҳаттоки сиз ҳам қандай ёрдам берасизлар, деб ўтирибсиз. Сизга савол: клубларнинг ўзи нима қилади, унда? Тайёр пул бўлса, сиз билан мен ҳам биламиз, клубни қандай бошқариш.

- Ўзбекистон олимпия терма жамоамизга Любинко Друлович бош мураббий этиб тайинланди ва унинг олдига қўйилган мақсадлар аниқ! Ушбу мутахассис қандай тамойиллар асосида таклиф этилди?

- Сизга Друлович ҳаёти ва ижоди ҳақида яна бир марта ўқиб чиқишни таклиф қиламан. Сербия футболи сўнгги 10 йилликда катта йўлни босиб ўтди. Бу йўл ҳақида Друлович яхши билади, Сербия ёшлари билан эришган натижаси ва ўша жамоада тўп сурган футболчиларнинг ёрқин келажагиёқ кўпчиликни ўйлантирарди.

- Сиз доим халқ билан мулоқот қилишни, уларнинг дардини тинглаб, муаммоларини бартараф этиш тарафдорисиз, яъни, ҳамиша ўзингизни одамлардан олиб қочмайсиз. Шу боис сизга футбол мавзусида одамлардан кўплаб саволлар, мурожаатлар, таклифлар ва яна бошқа масалалар бўйича хатлар келиб тушади. Айтинг-чи, сизга энг кўп мурожаат қилинаётган масала нима?

- Ҳа, саволлар жуда кўп. Кейинги сафар хатлар бўлимига мавзуларига қараб статистика қилишни ҳам айтаман. Чунки 4-5 та мавзу бор, жуда кўп сўралади. Бирини ажратиб кўрсата олмайман.

- Муҳтарам Президентимиз халқаро даражадаги бирор-бир спорт мусобақасига Ўзбекистоннинг мезбонлик қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилиши ҳақида айтиб, бу борада кўрсатмалар берганди. Шунга асосан Ўзбекистон яқин келажакда қандай мусобақага мезбонлик қилиши режалаштирилмоқда?

- Ҳамма нарса босқичма-босқич бўлади. Агар улгурсак, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати мезбонлигини олишни истардик. Бунгача Ўзбекистон икки бор ўсмирлар қитъа чемпионатига мезбонлик қилган. Навбат ёшларники.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!