Кеча Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов Республика Олимпия захиралари спорт коллежига бориб, у ердаги шароитларни кўздан кечирган, спортчи ёшлар билан суҳбатда бўлганди.
Бугун эса МОҚ раҳбари Республика Олимпия захиралари спорт коллежи ҳамда бир қатор спорт федерациялари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди. Йиғилишда мазкур ўқув даргоҳини тубдан реконструкция қилиш, уни жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган замонавий ҳолатга келтириш масаласи кўриб чиқилди.
Умид Аҳмаджонов терма жамоаларимиз учун асосий база сифатида хизмат қилиши кўзда тутилган мазкур спорт коллежида таъмирлаш ишларини тезкорлик билан бошлаш юзасидан топшириқ берди. Унга кўра, Республика олимпия захиралари спорт коллежи йил якунига қадар жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган, замонавий услубда кўриниш олиши лозим.
У ерда олимпия спорт турларига ихтисослашган йўналишларда таълим оладиган спортчилар учун барча шарт-шароитлар яратилади. Шунингдек, коллеж ҳудуди бўйлаб велосипед учиш ва югуриш йўлакчаси барпо этилади. Режага биноан таъмирлаш ишлари шу йил якунига қадар якунланиши кўзда тутилган.
Энг муҳим янгилик сифатида эса коллеж ҳудудида спорт шаҳарчасининг барпо этилиши режелаштирилаётганини қайд этиб ўтса бўлади. Лойиҳага кўра, янги қуриладиган барча спорт иншоотлари, машғулот заллари ва майдонлари дунё андозаларига моманд равишда қад кўтаради. Бу ерда мамлакатимизнинг энг иқтидорли ва келажаги порлоқ ёш спортчилари таҳсил олишади. РОЗК чин маънода терма жамоаларимиз учун асосий тайёргарлик базасига айлантирилади.
Фикрлар