Умид Аҳмаджонов SPORTS.uz портали учун йил якунларига бағишлаб интервью берди
Ҳаш-паш дегунча 2018 йил ҳам ўз манзили томон етиб келмоқда ва яқин орада ўрнини 2019 йилга бўшатиб беради. Ҳар қандай соҳада бундай пайтда йил сарҳисоблари, қилинган ишлар бўйича йиллик ҳисоботлар борасида турли мақолалар, таҳлиллар эълон қилинади. Якунига етаётган йилда юртимиз футболида ҳам бир қанча ўзгариш ва янгиликлар кузатилди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, мазкур йилни ўзбек футболи учун бурилиш йили бўлди десак муболаға қилмаган бўламиз. Ҳар ҳолда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раиси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг саъй-ҳаракатлари эвазига қатор ўзгариш ва ислоҳотларга гувоҳ бўлдик. Энг муҳими, бундай янгиликлар футболимизнинг ривожи учун хизмат қилаётганини кўриш қувонарли бўлмоқда. Албатта, ҳар қандай иш камчилик ва муаммолардан ҳоли бўлмайди. Бунга ҳам реал кўз билан қараш керак. Лекин факт шуки, Ўзбекистонда футбол инфратузилмаси ўсиб боряпти. Бу борада ўзига хос стратегия ишлаб чиқилди. Эндиликда ўзбек футболи жаҳон футболи ҳамжамиятининг эътиборини қозонмоқда. Етакчи мамлакат футбол ассоциациялари билан яқиндан ҳамкорликлар йўлга қўйилмоқда. Ҳаммасига эса бирданига эмас, балки босқичма-босқич эришилади.
Умид Аҳмаджонов танқидга ҳам, мақтовга ҳам бирдек муносабатда бўлади. Ҳар доим спорт ва хусусан футбол орқали халқнинг хурсанд кайфиятда бўлиши унинг учун устивор вазифалардан бири ҳисобланади. Йил тугаб бораётгани сабабли бу борада Умид Муҳаммаджонович билан қатор масалалар хусусида суҳбатлашиш режасини тузиб қўйгандик. Доимо журналистлар билан очиқ мулоқот қилишдан қочмайдиган раҳбар бу сафар SPORTS.uz сайти учун махсус интервью берди. Унда бир қанча муҳим масалаларга ҳам жавоблар бор ва умид қиламизки, ушбу суҳбат сизни ҳам бефарқ қолдирмайди.
- Умид Муҳаммаджонович, 2018 йил ҳам якунига етиб боряпти. Айтинг-чи, йил бошида ўз олдингизга қўйган қайси мақсадларни амалга ошира олдингиз ва қайсилари амалга ошмай қолди?
- Биринчи галда олдимизда U-23 Осиё чемпионати мусобақасида муваффақиятли иштирок этиш вазифаси турганди. Терма жамоамиз эса унда чемпионликни қўлга киритиб катта ғалабаларни Ўзбекистонга қайтарди. Иккинчи катта мусобақа Осиё ўйинлари билан боғлиқ бўлди. Айтишим мумкинки, Ўзбекистон делегацияси ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд эта олди. Бироқ ўз олдимизга қўйилган вазифаларнинг ҳаммасини зўр бўлди дея олмайман. Унда биз изланишдан тўхтаб қолган бўламиз. 2018 йилдаги хатоларни 2019 йилда тўғрилашимиз керакки, натижаларимиз бундан ҳам яхшироқ бўлсин. Ахир биз Токио-2020 ва ЖЧ-2022 учун курашишимиз керак.
- Якунига етган чемпионатдан қанчалик қониқиш ҳосил қилдингиз?
- Камчиликлар бисёр. Бироқ ижобий ўзгаришлар ҳам бор. Про-лиганинг “А” гуруҳи ваниҳоят рақобатга бой бўлди. Буни 2019 йил учун ўзига хос қадам деган бўлардим. ПФЛ ўзи учун титул ҳомий топганини ҳам айтишим керак. Ўйинларнинг иш вақтида бошланмаслигига эришдик, бунинг учун стадионларнинг ёритгичларини яхшилашимиз керак бўлди. Телевидение билан алоқаларни мустаҳкамладик ва телетрансляциялар борасида катта бурилиш қилдик. Олдинлари турда битта учрашув олиб кўрсатилган, биз уни максимумга чиқариш учун интилдик. Муаммоларни эса вақти билан бартараф этиб боришга интиламиз. Ахир бир йилнинг ўзидаёқ ички чемпионатни 180 градусга ўзгартириш имконсиз.
- Яқинда Суперлига қатнашчиларига ойдинлик киритиб, иштирокчилар сони 12 тадан ортмаслиги ҳақида айтгандингиз. 2019 йилда Суперлигада 12 та клуб қатнашиши узил-кесил аниқ бўлдими? Ёки эҳтимолий ўзгариш бўлиши мумкинми? Шу билан бирга келаси йили Суперлига формати қандай кўринишда ўтади?
- Формат масаласини ПФЛ Суперлига иштирокчилари билан йиғилишда аниқлаб олади. Бу ҳақда шунчалик кўп гапирилдики, миллион хил муаммо турганда одамлар нима сабабдан фақат шунга қараб кетганликларини тушуниш қийин бўлди. Формат эса бизнинг муаммо. Клублар сонига келсак, уларни 12 тадан оширмаймиз. Чунки айнан 12 та клуб қолдирилганлиги учун ҳам про-лиганинг “А” гуруҳи уйғонгандек бўлди. Агар катта клубларимиз ошиб борса, Суперлига иштирокчилари сонини ҳам ошириб бориш мумкин. Энг яхши вариант биз учун 16 талик чемпионат. Бироқ ҳозир бизда бунча катта клуб йўқ. Бўлса ҳам уларнинг ҳаммасини Суперлигада ўйнашидан маъни кўрмаяпмиз.
- Шу ўринда Ўзбекистон футбол ассоциацияси йил давомида турли тадбирлар ва яна бошқа дастурлар ваҳоказолар учун қанча миқдорда маблағ сарфлади?
- Бу ижроқўмнинг йиллик конференциясида ҳисобот шаклида айтиладиган гап.
- Айни пайтда ҳамманинг эътибори миллий терма жамоамизнинг Осиё Кубогидаги иштирокига қаралган. Раҳбар сифатида айтинг-чи, мазкур мусобақада терма жамоамиз олдига аниқ вазифа қўйилдими?
- Эктор Купер иштирокидаги матбуот анжуманида иштирок этдингизми? Менимча, у нима деганини эшитган бўлсангиз керак. Биз ҳар қандай мусобақага фақат чемпионлик учун борамиз. Марсга қараб интилавериш керак, ҳеч бўлмаса ойга чиқасиз.
- Умуман олганда, Эктор Купер томонидан олиб борилаётган ишларни сиз ҳам кузатиб боряпсиз. Албатта, ўртоқлик ўйинлари ва натижалардан келиб чиқиб, мухлисларда хавотирлар йўқ эмас. Бу борада бош мураббийнинг олиб бораётган ишига қандай муносабатдасиз?
- Купер дунё кўрган мураббий. У футбол нима эканлигини сиз-у, биздан кўра яхшироқ билади. Биз унга олтита ўртоқлик ўйинини ташкил этиб бераётганда ушбу учрашувларда каромат кўрсат демаганмиз. Унинг олдига қўйилган талаблар бор. Буни бажариш учун изланяпти, ишлаяпти. Биз эса у сўраган ҳамма шароитларни яратиб бермоқдамиз.
- Футболчиларнинг қанча маош олиши-ю унинг трансфер баҳоси қанча эканлиги бизда ошкора айтилмайди. Нега Ўзбекистонда ҳаммаси сирли? Бунга сабаб нима? Балки футболдаги коррупцияга айнан шу ҳолат ҳам сабаб эмасмикин?
- Сизнингча, ойлик маошлар қанча эканлиги айтилса коррупция бўлмайдими? Ёки сиз футболчи билан пулни бўлишиб олиш учун шартнома имзолаган раҳбарлар бўлмаган деб ҳисоблайсизми? Биринчидан, бировнинг қанча пул топишига аралашиш чиройли иш эмас. Иккинчидан, ҳамма нарсага босқичма-босқич ўтиш керак. Биз энди футболчиларнинг шартномасини нормаль кўринишга келтирмоқдамиз. Шунингдек, уларнинг клуб билан шартномаси қанчага мўлжаллангани ҳақида ҳамма билади ва албатта футболчининг трансфер нархи ҳам эълон қилинади. Қолганини вақти билан кўрамиз.
- ПФЛ ташкилотининг олиб бораётган иш фаолиятидан қанчалик қониқиш ҳосил қиляпсиз?
- Қониқиш ҳосил қилмаяпман. Бироқ йигитлар ҳаракат қилаётганини кўриб турибман. 2019 йил аввалгисидан анча яхши ўтишига ишончим комил. Муҳими, ҳаммаси прогресс сари бўлиши. ПФЛ орқага кетяпти деган фикрга қўшилмаган бўлардим. Бу ҳақида юқорида ҳам қатор сабабларни санаб ўтдим.
- Шунингдек, ПФЛ бош директори Омон Ғофуровнинг бошқа ишга ўтиши борасида ҳам гап-сўзлар чиққанди. Бу ҳақиқатга мос тушадими ёки...
- Агар Омон Ғофуров ҳали ҳам ўз ўрнида ишлаётган бўлса, демак бу ҳақиқатга мос тушмаётган экан.
- Йил бошида Суперлига, Про-лига, аёллар ва футзалда совриндор бўлган клубларга қанча миқдорда мукофот пуллари берилиши эълон қилинганди. Ушбу маблағлар ўз эгаларига қачон топширилади?
- Топширилади. Албатта ва ишонаманки, сиз бундан бехабар қолмайсиз.
- Яқинда бўлиб ўтган ОФК конгрессида ЎФАнинг позицияси кўпчиликни ажаблантирган бўлса керак. Президентлик сайловида 42 та давлат амалдаги Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа учун “ҳа” деган бўлса, 4 та давлат “йўқ” деган ва уларнинг орасида Ўзбекистон ҳам бор. Ваҳоланки, сиз ОФК президенти билан яхши муносабатда эдингиз. Шундай экан, ушбу ҳолатга ҳам ойдинлик киритиб ўтсангиз. Бу билан ОФКнинг ўзбек футболига бўлган муносабати ўзгариб қолмасмикин?
- Биз ўз танловимизни амалга оширдик. Бу дегани ОФК президентига қаршимиз дегани эмас. Масалага бу тақлид ёндашиш керак эмас, менимча. ОФК президенти ҳам фақат шуни сабаб қилиб, бизга қарши бўлиб қолишига ишонмайман. Уни ақлли ва дунёқараши кенг инсон сифатида ҳурмат қиламиз. Биз бир-биримизнинг танловларимизни ҳурмат қилишимиз керак. Демак, бу томондан ҳавотирланмаса ҳам бўлади.
- Видеоассистент рефери (VAR) тизимини ўрнатувчи компания билан Тошкентда учрашдингиз. Ушбу тизим Ўзбекистон чемпионатига қачондан жорий этилиши мумкин? Умуман, VAR тизими битта стадионга тахминан қанча маблағ эвазига жойлаштирилиши мумкин?
- Ҳозир унинг нархини ҳисоблагандан кўра, аввал унга тайёргарлик кўрган яхши. Мисол учун майдонлар масаласида. Ўзингиз ҳам биласиз, майдони ва академиясини қурмай туриб, катта оғиз футболчиларни олиб келиб ўйнатадиган клубларимиз бор. Ўша майдонларсиз ва сифатли телетрансляциясиз VAR ҳақида ўйлашга эртароқ. Шу икки жиҳат ҳал бўлса, биз VAR тизимини Суперлигага олиб келамиз.
- Клубларни хусусийлаштириш Ўзбекистонда қачондан бошланади? Ҳозирда бунга тайёр жамоаларимиз борми?
- Ҳозир “Пахтакор” ва “Қўқон-1912” клублари давлат маблағларига қараб қолмаган. 2019 йилги мавсум учун ишлаб чиқилган лицензиялаш бўйича регламент сиз айтаётган масала йўлидаги дастлабки қадамлардир. Давлат томонидан молиялаштириладиган футбол клублари аввал моддий-техник базани яхшилаб олиш керак. Кейинроқ клубларни акционерлик жамиятларига айлантириш мумкин. Ҳозир эса бунга “Насаф”дан бошқаси тайёр эмас.
- Ўз олдига юксак мақсадларни қўйган ассоциациялар ҳамиша журналистлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, мухлисларни имкон қадар терма жамоалар ҳақида тўлақонли маълумотлар олишларига шароитлар яратади. Ҳаттоки, ЖЧ саралашларида ва бошқа муҳим мусобақаларда Хитой, Жанубий Корея, Япония, Эрон сингари мамлакат терма жамоалари сафар учрашувларига ҳам кўплаб журналистларни олиб келади. Осиё Кубогини ёритиш учун Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ОАВ билан режалари қандай?
- Бир жиҳатни адаштирманг, улар журналистларни олиб келмайди. Ўша журналистларни ўз ОАВси юборади. Шунчаки улар жамоага қўшилиб келади. Бизда журналистларнинг спорт ривожига қўшаётган ҳиссаси беқиёс. Шунинг учун ҳам давлатимиз кенг имкониятлар яратиб бермоқдаки, натижада биз уларни Осиё ўйинлари ва бошқа катта мусобақаларга олиб бормоқдамиз. Осиё Кубоги ҳам бундан мустасно бўлмайди.
- Яқинда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийлиги учун испаниялик мутахассис билан музокаралар олиб борилаётгани ҳақида маълум қилгандингиз. Қачон расман бош мураббий тайинланади ёки Равшан Ҳайдаров ўз вазифасини давом эттиришда давом этадими?
- Бу осон жараён эмас. Купер масаласини ҳам кўрдингиз, қанча чўзилганини. Чунки биз олиб келаётган номзодимизга ишонишимиз керак. Айни вақтда эса ҳар кимга ҳам ишониб кета олмаймиз. Музокаралар олиб боришда давом этяпмиз.
- Муаммолар гирдобида қолиб кетган “Бунёдкор” клубини келаси мавсумдан чемпионатда иштирок этмаслиги ҳақида кўплаб гап-сўзлар юрибди. Бу борада ўзингиз маълумот бериб ўтсангиз.
- Бу саволни “Бунёдкор” футбол клуби ва унинг таъсисчиларига беришингиз тўғрироқ бўлади. Мен биладиган маълумот эса “Бунёдкор”нинг қарздорликлари масаласи. Факт шуки, бу ишлар ҳақида ФИФА ҳам яхши билади.
- ФИФА президенти Жанни Инфантино билан ажойиб муносабатдасиз. Жаноб президент Ўзбекистонга қачон расмий ташриф билан келиши мумкин?
- Биз уни у истаган вақтда кутиб олишга тайёрмиз. Инфантинони келажакда Ўзбекистонга таклиф этамиз.
- Матбуотни қанчалик кузатиб борасиз?
- Қўлимдаги телефонимда спорт ва ижтимоий соҳаларда фаолият олиб борувчи энг кўзга кўринган интернет сайтларига тегишли каналлар ва иловалар бор. Уларни имконим борича кузатиб бораман. Одатда кимдир бирор футбол хабарини менга улашгунича, мен уни аллақачон ўқиб чиққан бўламан.
Шуҳратбек Жўраев ва Бахтиёр Тоштемиров суҳбатлашишди.
Фикрлар