Усмон Тошев Уммон терма жамоасининг кучли ва кучсиз томонлари ҳақида гапирди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубогидаги дастлабки учрашувини 9 январь куни Уммонга қарши ўтказишидан хабардорсиз. Энди барча эътибор биринчи турга қаратилиши шубҳасиз. Чунки ҳар қандай жамоа ҳам мусобақани ғалаба билан бошлашни истайди. Шу сабабли дастлабки ўйин жамоалар учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода айтганда, 9 январь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ҳамда Уммон терма жамоалари  ўртасидаги беллашув биз учун муҳимлик даражаси ўта юқори бўлган ўйинга айланади. Қолаверса, бу Эктор Купернинг миллий терма жамоамиздаги биринчи расмий учрашувига ҳам айланишини унутмаслик керак. Мураббийларимиз Уммон терма жамоаси ҳақида маълумотлар тўплаб, бўлажак рақибни синчиклаб ўрганаётганига шубҳа йўқ. Ўз навбатида бўлажак рақибимиз ҳам Осиё Кубогига астойдил тайёргарлик кўраётганини айтиш жоиз. Уммон учун ҳам биринчи ўйин муҳим бўлгани сабабли терма жамоамизни ўрганатаёганига шубҳа йўқ. Хабарингиз бўлса, улар яқинда ён қўшнимиз Тожикистон терма жамоаси билан иккита назорат учрашувини ўтказиб, ҳар иккисида ҳам уммонликлар ғалаба қозонишди. Уммоннинг рақиб сифатида Тожикистонни танлагани ҳам бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон ва Тожикистон футболи бир-бирига яқин. Тожикистон терма жамоасини эса ҳамюртимиз Усмон Тошев бошқаришга киришди ва Уммонга қарши беллашувларда айнан Усмон Қудратович бош мураббий сифатида тожикларни майдонга бошлаб тушди. Бундан фойдаланган ҳолда Тошев билан Уммон терма жамоаси ҳақида гаплашдик ва суҳбат давомида терма жамоамиз ҳақида ҳам гап борди.

- Усмон Қудратович, Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогидаги илк ўйинни Уммонга қарши ўтказади. Сизнинг бошчилигингиздаги Тожикистон эса ушбу рақиб билан иккита ўйинда иштирок этдинглар. Айтинг-чи, бугунги кундаги Уммон ҳақида фикрингиз қандай?

- Уммон терма жамоаси билан боғлиқ барча маълумотларни ўзимизникиларга бердим. Ўйиннинг видеоёзувлари, рақибнинг қайси футболчиси ажралиб туриши, ким қайси позицияда яхшироқ ўйнаши, умуман ҳаммаси ҳақида гаплашиб олдик. Бир сўз билан айтганда, Уммон мусобақага тайёр. Биз билан учрашувларда улар бор кучи билан ўйнашди деб ўйламайман. Беллашув шундай руҳда кечдики, уммонликлар эхтиёткор бўлиб тўп суришди. Чунки улар жароҳат олишдан қўрқишди. Аммо футболчилари бўйдор бўлмаса-да, чаққон ва ҳужумларга тезкорлик билан ўтишади. Уларнинг ўйинида мураббийнинг имзоси борлиги кўриниб турибди. Голландиялик Пим Вербек маҳоратли, шу боис уммонлик футболчиларга нималарнидир ўргата оляпти. Улар билан иккита ўйин ўтказган бўлсак, иккаласида ҳам рақибимиз мусобақага тайёрлигини кўрсата олди. Лекин менинг фикрим бўйича, Ўзбекистон терма жамоаси уларга қараганда кучлироқ. Тўғри, ҳали ўз терма жамоамизнинг бирор-бир ўйинини кўрганим йўқ. Бироқ футболчиларимизнинг номларига қарайдиган бўлсак, мен ҳаммасини биламан. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, йигитларимиз индивидуал томондан ҳам кучлироқ. Тўғри, бу – футбол ва унда омад ҳам муҳим роль ўйнайди. Агарда Уммонга қарши беллашувда бизникилар тезроқ гол уриб олишса, терма жамоамизга янада осонроқ бўлади деб ўйлайман. Фикрим аниқ: Ўзбекистон Уммон қаршилигини енгиб ўта олади. Уларнинг мураббийи билан гаплашганимда ҳам албатта Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида суҳбатлашдик. Яъни, Пим Вербек менинг айнан ўзбекистонлик эканлигимдан хабардор. Шунингдек, у Эктор Куперга жуда катта баҳо берди ва уни қаттиқ ҳурмат қилиши гапларидан билиниб турарди. Бунинг устига Ўзбекистонда кучли футболчилар кўплигини ҳам алоҳида айтиб ўтди. Шу боис Вербек жамоаси учун Ўзбекистонга қарши ўйин қийин ўтишини ўзи ҳам сезиб турибди. Пим Вербек асосий ўйин сифатида айнан биз билан учрашувга катта аҳамият қаратяпти, қолаверса, бу мусобақадаги биринчи ўйин ҳисобланади. Вербек Уммонда бир ярим йилдан ортиқ вақт давомида ишлаб келяпти. Ундан яратилган шароитлар ҳақида сўраганимда, ҳаммаси яхши эканлигини айтди. Биласизми, ҳаттоки, ўртоқлик учрашувларида ҳам Уммон футболи раҳбарлари терма жамоага фақат ғалаба қозонишни асосий вазифа қилиб қўйяпти экан. Масалан, биз билан иккита учрашув ўтказишган бўлишса, ҳар иккаласида ҳам Уммон футболининг барча раҳбарлари ўйинни стадионда кузатиб боришди. Шунинг учун Вербек бошчилигида Уммон бир нечта учрашувдан бери ютқазмай келяпти. Лекин шунга қарамай, юқоридаги фикримда собит қоламан: Ўзбекистон бемалол Уммон тўсиғидан ўтиши керак.

- Сизнингча, Уммон терма жамоасининг кучли ва кучсиз томонлари нимада?

- Кучли томони, улар тезкорлик билан ҳужумларга ўтишади. Масалан, бизнинг дарвозамизга урилган гол ҳам тезкор ҳужум оқибатида амалга оширилди. Ўшанда биз бурчакдан тўпни ўйинга киритгандик. Аммо уларнинг дарвозабони тўпни эгаллаб дарҳол жамоасининг ҳужумини бошлаб берди ва гол уришди. Биз эса бунга ҳали тайёр эмасдик. Ўйин давомида ҳам уларнинг ҳаракатлари тезкор. Хўш, Уммоннинг заиф томони нимада? Менимча, терма жамоамиз уларга босим ўтказса эсанкираб қолишади. Чунки улар шундоқ ҳам Ўзбекистоннинг кучли рақиб эканлинини билишади. Шунга мос равишда бизникилар янада кўпроқ босим ўтказишса улар нима қилишини билмай қолишади. Албатта, бу шахсий фикрларим. Барибир уммонликларнинг Ўзбекистон терма жамоаси олдида озгина ҳаяжонлари бор. Бунинг устига бу Осиё Кубогидаги биринчи учрашув саналади. Ўйлайманки, вакилларимизда ташаббус ва имконият катта.

- Юқорида Уммонга қарши ўйинлар ҳақида терма жамоамизга маълумот берганингизни айтдингиз. Уларнинг ўзлари сизга алоқага чиқишдими ёки бу борада ўзингиз ташаббус кўрсатдингизми?

- Ахир мен ўзбекистонликман ва барибир юрагим Ўзбекистон учун уради. Шунинг учун терма жамоамизга ёрдамим тегишини истаб ўзим уларга маълумот бердим. Миллий терма жамоамизда Жамолиддин деган операторимиз бор. У билан боғланиб, керакли маълумотларни ўртоқлашдим. Менимча, терма жамоамиз мураббийлари Уммон – Тожикистон ўйинини телевизор орқали ҳам кўришган.

- Демак, Эктор Купер билан гаплашмабсиз-да, мен бўлса у билан мазкур ўйин ҳақида фикр алмашгансизлар деб ўйлабман…

- Йўқ. Купернинг шундоқ ҳам иши кўп. Мен Купер билан таниш ҳам эмасман. Одатда бундай вазиятларда ким билан гаплашишнинг фарқи йўқ, муҳими, терма жамоамизга керакли маълумотларни етказа олсак бўлгани.

- Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогида қаергача бора олиши мумкин?

- Ҳамма жамоалар кучли. Мусобақагача барча иштирокчилар ўртоқлик учрашувларини ўтказишяпти ва натижаларга қарасак, у қадар катта ҳисоблар бўлмаяпти. Жамоалар асосан ўзларини асраб ўйнашяпти. Ишонаманки, Осиё Кубоги жуда қизиқарли ўтади. Шахсан ўзим Ўзбекистон терма жамоасининг яхши натижа кўрсатишини кутяпман. Мураббийлар штаби ҳам, футболчиларимиз ҳам маҳоратли. Бу сафар Ўзбекистон кучли терма жамоа сифатида шаклланди. Тўғри, мухлисларимизда ҳаяжон бор, чунки улар нима бўларкин, қанақа натижа кўрсатаркин деб кутишяпти. Лекин ҳаммаси яхши бўлиши керак.

- Тожикистон терма жамоасидаги дастлабки йиғин қандай ўтди? Дастлаб Қатарда, кейин Уммонда шуғулландинглар…

- Ҳаммаси яхши ўтди. Мураббийлар ҳам, футболчилар ҳам жуди оддий. Тожикистон футболи раҳбарлари эса бизга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишяпти. У ерда ҳамма менинг режаларимни эшитиб, қабул қилишяпти. Жамоамизда асабийлашиш йўқ. Биз беш кун машғулот ўтказиб, сўнгра биринчи ўйинимизни ўтказдик. Мен иш бошлашимдан олдин улар Уммонга қарши ўйин ўтказилишини келишиб қўйишган экан. Муҳими, бу йиғинда жароҳат олмаслик эди. Чунки бундай пайтда футболчилар ярим кучи билан эмас, балки 100 фоиз борини бериб ўйнашади. Аммо бизда ҳали тўлиқ кучимиз йўқ эди. Улар ҳам ўзимиздагидек техник футболни яхши кўришади. Ўзбек ва тожик футболи бир-бирига яқин. Мен энди футболчиларни кўриб олдим. Иш бошлаганимда қўлимга терма жамоага номзод ўйинчиларнинг рўйхатини беришганди ва шунга асосан уларни текшириб олгандим. Энди эса кимни чақириш ва чақирмасликни биламан.

- Дарҳақиқат, Тожикистон футболи Ўзбекистон футболига яқинроқ бўлгани учун ҳам Уммон бош мураббийи Пим Вербек айнан сизлар билан ўйин ўтказишни маъқул кўргандек, назаримда…

- Бўлиши мумкин, яна билмадим. Лекин бу ҳақида ўйламабман.

- Сиз ҳам Осиё Кубогига борасизми?

- Ҳаракат қиламан. Ярим финал ва финал ўйинларига бормоқчиман. Терма жамоаларнинг савияларини кўришим керак.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!