“Uzbek Tigers” жавоб учрашувида “Cuba Domadores” тўсиғидан ўта оладими? (шарҳ)

 

Бутунжаҳон бокс сериялари (WSB) VII мавсум чорак финал илк учрашувида “Uzbek Tigers” Самарқандда амалдаги чемпион “Cuba Domadores” боксчиларини қабул қилиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Энди бу жамоалар 19 май куни Кубада жавоб учрашувини ўтказади. Кубаликлар тўсиғидан ўтиш учун “Uzbek Tigers" раҳбарияти бугунги кунда ўз вазнида энг кучли бўлган боксчиларни танлади.

Ўз вақтида жаҳон чемпионатларида кумуш ва бронза медалларга эга бўлган Жасур Латипов 52 килограмм вазн тоифасида ҳамон энг кучли боксчи эканини намойиш эта олди. Асли бу вазнда "ўзбек йўлбарслари" таркибида олимпия чемпиони Шаҳобиддин Зоиров жанг қилиши лозим эди. Бироқ, Шаҳобиддин Рио Олимпиадасидан кейин катта рингларда кўриниш бергани йўқ.

Унинг ўрнига терма жамоага жалб қилинган Жасурбек Латипов эса Осиё чемпионатида нималарга қодирлигини кўрсатди ва натижада “Uzbek Tigers" таркибига киритилди. Кубадаги учрашув Жасурбек учун ўта муҳим аҳамият касб этади. Жасурбек бу таркибда энг тажрибали боксчидир.

60 килограмм вазн тоифасида ҳам ўзгариш бўлди. Ўзбек боксчилари ўртасида бу вазн етакчиси бўлган Элнур Абдураимов янги мавсумни 64 килограмм вазнда бошлаганди. "Ўзбек йўлбарслари" таркибида иккита жангда қатнашиб, ғалабага эришган Элнур оғирлигини бироз пасайтирди ва ўзи жаҳон ва Осиё чемпионатида совриндор бўлган вазнга қайтди. Бунинг самарасини Тошкентдаги қитъа чемпионатида олтин медаль билан намойиш қилди.

Элнурнинг ўзи вазн борасидаги ўзгаришларни SPORTS.uz порталига қуйидагича изоҳлади.

- Аслида мавсумни 64 килограмм вазн тоифасида бошлаган бўлсам-да, кейинчалик яна ўз вазнимга қайтишим аниқ эди, - деди Элнур Абдураимов. - Биринчидан мен янги вазнда ўз имкониятларимни синаб кўрдим. Иккинчидан бу мураббийларнинг тактикаси эди.

Бугунги кунда юртимизда 69 килограмм вазннинг энг етакчи боксчиси Шаҳрам Ғиёсовдир. Шаҳрамнинг ҳужумкор ва шиддатли жанг усули мухлисларга жуда ёқиши тайин. Фақат Шаҳрам ўз кучига ва имкониятларига бўлган ишончни йўқотмаса, ҳар қандай рақибни ер тишлатишга қодир боксчи.

81 килограмм вазн тоифасида Бектемир Мелиқўзиевга тенг келадиган боксчи нафақат Ўзбекистонда, балки Осиёда ҳам йўқлигини билиб олдик. Аслида Бектемирнинг жанг услуби мукаммал ҳисобланади. Унинг ҳар бир зарбаси беиз кетмайди. Буни рақиблар ҳам яхши билади. Бектемир ҳар қандай рақибга қарши жангда ғалаба қозониш йўлини билади. Буни Ўзбекистон терма жамоаси ва “Uzbek Tigers" жангларида ҳам исботлаб келмоқда.

Ўта оғир вазн тоифасида Баҳодир Жалолов рингга чиқади. Бугунги кунда юртимизда бу вазнда ундан зўри йўқ. Лекин Баҳодир ҳали жуда ёш ва жаҳон рингларида уни қудрати ҳали тан олинмаган. Шундай бўлса-да, Баҳодирнинг Осиё чемпионати финалида азалий рақиби Қамшибек Конкабаевга қарши ўтказган жанги боксчимизнинг салоҳиятини очиб берди. Агар Баҳодир жангга ҳар томонлама тайёрлана олса, ҳар қандай рақибга етарлича ташвиш туғдира олади.

Ушбу икки кучли жамоанинг Самарқандда ўтказилган учрашувида "ўзбек йўлбарслари" енгилмас саналган рақиб боксчилари устидан зафар қучишга муваффақ бўлди. Айниқса, Исроил Мадримов жаҳон ва Олимпия ўйинлари чемпиони Арлен Лопез билан шундай жанг ўтказдики, кубалик рақиб ҳамюртимизни ғалабасини ўзи ҳам тан олди. Ҳасанбой Дўсматов эса жаҳон чемпиони Йоханис Аргилагога бундан буён энг енгил вазн тахти кимники эканини кўрсатиб қўйди.

Демак, кубаликлар жамоаси ҳам енгилмас эмас. Буёғини 19 май куни билиб оламиз. 

SPORTS.uz ахборот портали мухлислар номидан “Uzbek Tigers" жамоасига ғалаба тилайди!

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!