Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчилари муаммо нимада эканини очиб берди
Ўзбекистон футболчилари тарихий илк жаҳон чемпионатининг дастлабки икки учрашувида кучли рақибларга дуч келиб, Колумбияга 1:3 ва Португалияга 0:5 ҳисобида ютқазди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яқин ўтмишдаги собиқ ўйинчилари Виталий Денисов ва Андрей Фёдоров бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Виталий Денисовнинг таъкидлашича, бош мураббий Фабио Каннаварога жамоага янги тактикани сингдириш ва унга мос футболчиларни танлаб олиш учун вақт етарли бўлмади.
- Фабио Каннаварога Ўзбекистон терма жамоасига янги ўйин услубини жорий этиш ва шу тактикага мос футболчиларни танлаш учун вақт етишмади. Уч нафар ҳимоячи билан ўйнаш тизимига бир кунда мослашиб бўлмайди.
Бу схема доимий қўлланилиши учун ўзига хос фазилатларга эга футболчилар керак. Мураббийлар штабида эса буни тўлиқ амалга оширишга вақт бўлмади. Нима бўлса, шу бўлди. Унинг ўрнида бошқа бир мураббий бўлганида, натижа албатта бошқача чиқарди, деб аниқ айта олмаймиз. Бу саволга ҳеч ким аниқ жавоб бера олмайди, - деди Виталий Денисов.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси Андрей Фёдоров ҳам мундиалдаги муваффақиятсизликларни бош мураббий Фабио Каннаваро фаолияти билан боғлади.
- Менга қолса, Фабио Каннаварони Ўзбекистон терма жамоасига бош мураббий этиб тайинламас эдим, Тимур Кападзени қолдирган бўлардим. У терма жамоа бош мураббийи сифатида ўз олдига қўйилган вазифаларни яхши бажараётган эди.
Каннаваронинг эса Ўзбекистонда ишлаш учун ўзича бир мотивацияси бор.
Ўзбекистон терма жамоасининг плей-оффга чиқиш имконияти ҳали йўқолгани йўқ. Мен жамоа албатта гуруҳдан чиқа олмайди, деб айтолмайман. Умид жуда катта эмас, лекин барибир бор. Бунинг учун, энг аввало, Конго терма жамоасини мағлуб этиш керак.
Бу жамоа гуруҳ босқичида ўзини анча кучли томондан кўрсатди, - деди Андрей Фёдоров.
Ўзбекистон ва Конго Демократик Республикаси терма жамоалари ўртасидаги учрашув АҚШда 28 июнь куни бўлиб ўтади. Ҳар икки мамлакат футболчилари учун ўта юқори аҳамиятга эга ўйин Тошкент вақти билан 4:30 да бошланади.

Фикрлар