Виталий Ни: Қўқонда энг яхши академиялардан бирини яратишимиз керак

  • 12 октябрь, 2018, 10:55
  • Baxtiyorjon Toshtemirov
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

“Насаф”даги фаолияти орқали мухлисларга яхши танилган мутахассис Виталий Ни куни кеча “Қўқон-1912” клубида иш бошлади. Ташкилотчилик борасида яхши ном қозонган Виталий Николаевичнинг Қўқонда иш бошлашини маҳаллий мухлислар хурсандчилик билан қарши олишди. Чунки кўпчилик унинг “Насаф”да самарали фаолият олиб борганини яхши билади. Ўз ўрнида Ни қўқонликларнинг таклифи ҳақида шундай деди:

- 3-4 кун олдин “Қўқон-1912” клуби раҳбари Бахтиёр ака Толипов менга қўнғироқ қилиб жамоада ишлаш бўйича таклифни ўртага ташлади. Ўзаро суҳбат жараёнида клубнинг инфраструктурасини янада ривожлантириш, академияни яратиш юзасидан бир қатор қизиқарли ишларни айтди. Мен эса унинг бу таклифини рад қилмадим. Чунки ўзим ҳам қўқонликман. Лекин тан олишим керак, “Қўқон-1912”нинг таклифи мен учун бироз кутилмаган вазият бўлди. Чунки “Насаф”дан кетганимдан бери бирор жойда ишлашим борасида ҳеч кимга ҳеч нима демагандим.

Клубда техник директор сифатида ишга киришган Виталий Николаевич клубнинг инфраструктурасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиши шубҳасиз. Чунки у “Насаф”да ишлаш орқали бу йўлни босиб ўтган. Қўқонликларга эса ҳозирда айнан шунга ўхшаш мутахассис зарур эди. Унинг тажрибаси қанчалик самара беришини эса вақт кўрсатади.

- Биз клуб раҳбарлари билан ҳамма масалани бафуржа гаплашдик. Олдимизда турган биринчи вазифа – бу “Қўқон-1912”ни Суперлигада қолдириш, - дея гапини давом эттирди, мутахассис. - Яна еттита ўйин қолди, шулардан тўрттаси сафарда, учтаси ўз майдонимизда бўлади. Жамоа ҳозирги вазиятдан чиқиб кетиши лозим. Тўғри, бу қийин бўлади, бироқ уддаласа бўлади. Раҳбарият билан гаплашганимизда бир қанча истиқболли режаларни муҳокама қилдик. “Қўқон-1912”нинг янада ривожланиши ва шаклланиши учун яхши ғояларни кўриб чиқяпмиз. Авваламбор клуб академиясини яратишимиз лозим. Биз яхши биламизки, Қўқонда иқтидорли ёшлар жуда кўп. Агар ўз академиямизни ташкил эта олсак, бу жамоанинг келажаги учун хизмат қилган бўларди. Эътиборлиси, академия қилганга яраша уни энг яхшиларидан бири сифатида ташкил этишимиз керак. Биз яна бу масала устида Қўқонга бориб муҳокамаларни давом эттирамиз. Академияда ҳамма шарт-шароитлар бўлиши шарт. У ерда болалар энг яхши шароитлар асосида шуғулланишларини таъминлаб беришимиз даркор. Бу эса “Қўқон-1912”нинг келажаги учун жуда ҳам муҳимдир. Биласизми, мен фаолиятим давомида “Машъал” ва “Насаф”да ишлаб кўп нарсаларни кўрдим, ўргандим. У ерларда академиялар яхши ҳолатда ташкил этилган. Шунинг учун ҳам “Насаф” ва “Машъал” академиясидан иқтидорли болалар доим етишиб чиқмоқда. Менда бу борада ўзига яраша тажриба пайдо бўлган. Муҳими, Қўқонда футболни жуда севишади. Раҳбарият томонидан ҳам эътибор катта. Бу эса ишлаш учун кераклигича иштиёқ бағишлайди. Биз Қўқонда футболни ривожлантиришга бел боғлаяпмизми, демак, у ерда бунинг учун ҳамма нарса бўлиши керак.

“Қўқон-1912” раҳбарияти имкон қадар унинг тажрибасидан фойдаланмоқчи. Бу борада Ни ҳам енг шимариб ишга киришга тайёрлигини маълум қилди. У клубнинг барча бўғинида ўз тажрибаси билан ўртоқлашади. Шу жумладан бош мураббий Нўъмон Ҳасановга ҳам ёрдам бериши табиий.

- Ҳа, мураббилар штабига ҳам қўлимдан келганича ёрдам бераман, - деб фикримизни тасдиқлади, Виталий Николаевич. - Нимани билсам, ҳаммасини жамоа учун беришга тайёрман. Лекин айни пайтдаги биринчи вазифамиз жамоани Суперлигада сақлаб қолиш. Турнир жадвалидаги вазият эса жиддий. Негаки, “Сўғдиёна” билан “Нефтчи” ҳам бизни изма-из таъқиб этиб келишяпти. Олдинда эса бизни Жиззахда жуда жиддий ўйин кутиб турибди. Биз у ердан яхши натижа билан қайтиб келамиз деган умиддаман. Муҳими, ҳамма нарса ўз қўлимизда.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!