“Vive la France” ёҳуд Франция Жаҳон Чемпиони!

Кеча бўлиб ўтган 21-Жаҳон Чемпионати финалида Франция Хорватияга қарши баҳс олиб борди. Унда французлар қийинчилик билан ҳаракат қилган бўлсада, Погба ва Мбаппеларнинг саъйи-ҳаракатлари эвазига орадан йигирма йил ўтиб иккинчи марта дунёнинг энг яхши термаси деб топилди.

Франциянинг ўйин услубини ёқтириш ёки ёқтирмаганлигингизни айтишингиз мумкин. Аммо улар Россияда бўлиб ўтган Мундиалда энг курашувчан жамоалардан бири бўлганини алоҳида эътироф этиш лозим. Улар Аргентинани нимчорак финалда ютганидан бери Килиан Мбаппе ёш бўлишига қарамай, жамоасига катта фойда бера бошлади.

Айтишингиз мумкинки, жамоада бундай иқтидорли футболчилар бўла туриб, жозибадор ўйин намойил қилиши мумкин эди. Бироқ юлдузларга тўла баъзи терма жамоаларнинг тақдири нима билан тугади? Улар мусобақани эртароқ тарк этишди.

Дидье Дешам “Евро-2016” финалида айнан эҳтиётсизлиги оқибатида мағлуб бўлганди. Иккинчи марта бундай хатога йўл қўя олмасди. Хорватияга қарши учрашувнинг биринчи бўлимида ҳам “кўклар” анча эҳтиёткорлик билан ҳимоявий ўйин кўрсатишди. Буни ҳеч ким инкор қилаётгани ҳам йўқ. Бироқ иккинчи бўлимда французлар ким аслида ким эканлигини кўрсатиб қўйишди.

Олдинга бориш керак вақтда Поль Погба ва болакай Мбаппе катта саҳнага чиқишди. Улардан аввал Антуан Гризманн Манжукичнинг автоголидан кейин жамоасини олдинга олиб чиққан эди. Погба бутун мусобақа давомида ёрқин ўйин намойиш қилмагандир, бироқ унинг Мбаппега голли узатмаси беназир чиқди. Ўзи ҳам чиройли голга муаллифлик қилди. Мбаппенинг голида Субашич собиқ жамоадошининг фикрини ўқиши шарт эди, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Бироқ ўтказиб юборилган голда унинг мутлақо айби йўқ. Шунчаки, зарбалар ажойиб чиқди.

Мбаппе эса финалда урган голи билан тарихга кирди. 1958-йилда Пеледан кейин биринчи марта финалда гол урган энг ёш футболчига айланди. Бу эса 19 яшар йигитчанинг иқтидори ҳақида сизга кўп нарсани англатиши зарур.

У биринчи бўлимда ўзини кўрсата олмади, кўп вақтини ҳимоядаги шерикларига ёрдамлашиш билан ўтказди ва ўз имкониятини кутди. Иккинчи бўлимда эса унга берилган имкониятни голга айлантирди.

Франция шу тариқа йигирма йил ўтиб, иккинчи марта Жаҳон Чемпионати бош совринига эга чиқди. Мбаппе эса биринчисида ҳали туғилмаган ҳам эди. Ушбу таркибнинг кўпчилик қисми ҳали ёш ва 1998-йилги “Сен-Дени”даги тарихий ғалаба ҳақида узуқ-юлуқ ҳотираларга эга бўлса ажабмас.

Дешам эса ўшанда совринни сардор сифатида қўллари узра кўтарган бўлса, Москвада уни бош мураббий сифатида юқорига кўтарди. Дешам футболчилик вақтида интизомли, курашувчан эди. Унинг жамоаси ҳам у каби мустаҳкам интизом билан финалга қадар етиб келди. Австрлия, Перу, Дания, Уругвай терма жамоаларига қарши шундай услубда ўйнади. Бироқ Бельгия ва Аргентинага қарши одатий услубидан бироз чекинган ҳолда биринчи рақам остида ҳаракат қилди.

Хорватияга қарши финалда эса яна одатий услубга айланган – ҳимоявий ўйин услубига қайтишди. Анча эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилган Франция ўз мақсадига эришди. Яшасин Франция ёҳуд французча айтадиган бўлсак “Vive la France”!

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!