Яна Австралия тўсиғидан ўта олмадик ёхуд Австралия – Ўзбекистон учрашуви шарҳи
Бир неча дақиқа олдин Осиё Кубоги-2019 нимчорак финалидан ўрин олган Австралия – Ўзбекистон баҳси ўтказилди.
Дастлабки дақиқаларда Австралия устунликка эришди. Бироқ бу ўткинчи ҳолат бўлиб чиқди. Вакилларимиз орадан кўп ўтмай уйғонишди. Илк ҳавфли ҳужум ҳам бизникилар томонидан содир этилди. Жалолиддин Машариповнинг пасидан сўнг Элдор Шомуродов қаршисидаги рақибдан ўтди ва дарвозабоннинг устидан тўпни ошириб қўйишга уринди. Аммо австралиялик посбон Мэтью Райан жамоаси жонига оро кирди.
21-дақиқада вакилларимиз томонидан уюштирилган комбинация ҳам эсда қоларли бўлди. Фақатгина Одил Аҳмедовнинг зарбасига аниқлик етишмади.
28-дақиқада Жалолиддин Машарипов чап қанотда қаршисидаги иккита футболчидан чиройли тарзда ўтди ва Жавоҳир Сидиқовга узатма берди. Сидиқов эса жарима майдони ташқарисидан зарба берди. У тепган тўп устун яқинидан ўтиб кетди.
Тайм охирларида кенгрулар юрти вакиллари босим қилиб кўришди. Яхшиямки, сўнгги зарба ўхшамади.
Танаффусдан сўнг Даврон Ҳошимов рақибга нисбатан анча қўпол ҳаракат қилгани учун сариқ карточка кўрсатилди. Сал қолса ушбу вазиятда ҳакам ҳамюртимизни майдондан чиқариб юбориши ҳам мумкин эди.
Австралияликлар иккинчи таймда жонланишди. Тўпни кўпроқ ўзларида ушлаб туришди. Асосан ўнг қанотдан ташкил этилган ҳужумлар ҳавфли чиқди.
Сариқ либослилар жарима майдонимизга борган сари яқинлашиб боришди. 70-дақиқада яна Игнатий Нестеров бизни қутқарди. У рақибнинг ҳаракатларини олдиндан кўра билди. Орадан бир дақиқа ўтар ўтмас Жавоҳир Сидиқовнинг хатосидан сўнг Игнат яна тер тўкишига тўғри келди. У кучли зарба билан йўлланган тўпни муштлари билан қайтариб юборди. Ушбу вазият якунланганидан сўнг Жавоҳир Сидиқов ўрнига Икромжон Алибоев майдонга тушди. Бу орада рақиб сафида ҳам ўзгаришлар кузатилди.
86-дақиқада Машарипов чап томондан оширган тўпни Одил Аҳмедов тўхтатмасдан дарвозага тепди, рикошет. Акс ҳолда ҳисоб очилиши мумкин эди.
Қолган вақт мобайнида жамоалар ҳар қанча уринишмасин, ҳисоб очилмади. Натижада қўшимча бўлимларга мурожаат қилинди. Ўзбекистон шу тариқа, Австралияга қарши баҳсда илк марта 90 дақиқа дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
Экстра таймнинг биринчисини Австралия ҳужум билан бошлади. Яна Нестеров ўзини кўрсатишга мажбур бўлди. У рақиб футболчиларининг икки зарбасини бартараф этди.
Иккинчи 15 дақиқаликда биз яхшироқ ўйнадик. Фақат футболчиларимиздаги толиқиш баъзан панд берди. Натижада, тўқнашувда 0:0 ҳисоби ўзгармади.
Пенальтилар сериясида эса австралияликлар аниқроқ ҳаракат қилиб, зафар қучишди – 4:2. Энди Ўзбекистон уйга, Австралия чорак финалга йўл олди.
Австралия – Ўзбекистон 0:0 (пенальтилар серияси – 4-2)
Хайр Осиё Кубоги-2019. Энди мусобақа Ўзбекистонсиз давом этади.
Фикрлар