Янги регламент, Суперлига формати, ўринбосарлар ўрнига U-21 чемпионати таъсис этилиши... Ёхуд Омон Ғофуровдан ўзаро фикр ва мулоҳазалар

Профессионал футбол лигаси томонидан бир қатор ислоҳотлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айниқса, якунига етаётган жорий йилда бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинди, жиддий ўзгаришларга қўл урилди. Бу йил эса илк бор янги кўринишдаги Суперлига ва Про-лига номи остида чемпионатларимиз ўтказилди. Албатта, бошланиши чакки эмас. Муҳими, ПФЛ яна изланишда ва ривожланишда давом этмоқда. Лекин бу борада айрим муаммо ва камчиликлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Шунга қарамай, ПФЛ танқидлардан ўзи учун тўғри хулоса чиқармоқда. Ташкилот бош директори Омон Ғофуров эса футбол аввало миллионлар ўйини эканлигини яхши англаган ҳолда ушбу спорт турини ишқибозларсиз тасаввур қилиб бўлмаслигини инобатга олиб, стадионларга мухлисларни қайтариш борасида ҳам самарали ишлар олиб борилишида бош-қош бўлди.

Келаси мавсум учун эса ПФЛ томонидан янги регламент ишлаб чиқилди. Омон Файзуллаевич SPORTS.uz муҳбири билан суҳбат жараёнида дастлаб янги регламент ҳақида тўхталар экан, нималарга эътибор қаратилгани, қандай янгиликлар бўлиши ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

- Барча мусобақаларда иштирок этувчи футбол клубларини лицензиялаш ва уларга профессионал футбол клуби мақомини белгилаш бўйича лицензиялаш ҳам ҳисобланади, - дея гап бошлади, ПФЛ бош директори. - Олдин регламент рус тилида бўларди ва ҳамма-ҳаммаси битта китобчанинг ичига киритиларди. Мисол учун лицензиялаш ишлари, стадион бўйича низом ва яна бошқа-бошқа масалалар. Муҳтарам Юртбошимизнинг мамлакатимизда футболни жадаллик билан ривожлантириш юзасидан қаратаётган эътибори ҳамда қарорлари Ўзбекистонда футболнинг янада олдинга силжишида катта туртки бермоқда. Шу муносабат билан Президентимизнинг 3610-сонли қарорида профессионал футбол клубларига солиқ тўловларидан қандайдир имтиёзлар берилган. Биз эса янги регламентда ушбу жиҳатни ҳам эътиборга олганмиз. Аввало шуни айтишим керакки, профессионал футбол клуби деганда нима бўлиши керак? Бу борада айнан кимларга имтиёз берилиши керак? Яъни, биз билмаган ва танимаган клублар ҳам пайдо бўлиб қолишяпти. Аниқроғи, қайсидир корхона ўзининг футбол жамоасини ташкил қиляпти ва бундан мақсад солиқ тўловларидан қутулиб қолиш мақсадида ўзларига ниқоб қилиб олишган. Кимдир корхона очяпти-да, унинг қошида футбол клубини ҳам ташкил қилиб, натижада солиқ тўловларидан озод бўлишни ўйлашмоқда. Биз эса регламентни ҳар томонлама пухта ишлаб чиқишга ҳаракат қилдик. Суперлига ва про-лигадан ташқари, энди алоҳида иккинчи лига мусобақасини ҳам ташкил қиламиз. Бу йил про-лиганинг “В” гуруҳида қатнашган жамоалар энди келаси йилдан иккинчи лигада иштирок этишлари мумкин. Энди бўлса, про-лигада ҳам талабларни кучайтирдик. Ҳаммаси Суперлигага яқинроқ бўлиш мақсадида қилинмоқда. Лекин ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлашни хоҳлардимки, ҳали чемпионатда қайси жамоалар қолишини ҳам ҳеч ким билмайди. Бу Суперлига ва про-лига клубларига тааллуқли. Муҳими, қайси жамоалар белгиланган талабларни қатъий равишда бажарадиган бўлишса, ўшалар Суперлига ва про-лигада қатнашиш имкониятига эга бўлишади. Шунингдек, стадионлар масаласи бўйича ҳам биз алоҳида регламент ишлаб чиқдик. Бизнинг янги талаб ва регламентни қаердан ишлаб чиқдик, деган савол туғилиши ҳам мумкин. Масалан, ОФК, Испания Ла Лигаси каби кучли чемпионатларнинг регламентларини ўрганиб чиққан ҳолда улардан ўрнак олдик. Шунингдек, яқинда юртимизга Россия футбол иттифоқидан мутахассислар келиб кетишди. Биз регламентни тузишда улар билан ҳам маслаҳатлашдик. Хуллас, клубларни лицензиялаш ва уларга профессионал футбол мақомини бериш бўйича биз кўпчилик билан атрофлича маслаҳатлашган ҳолда янги регламентни ишлаб чиқдик. Бунда профессионал футбол клуби аслида қандай бўлиши кераклиги ҳақида ҳам тўхталинган. Аёллар футболи, футзал, болалар футболи, академия, умуман ҳаммаси эътиборга олинган. Масалан, футбол академиясида 11-18 ёшли болалар албатта футбол клуби қошида бўлиши керак. Биз болалар футболига ҳам асосий урғуни қаратганмиз. Агар биз шу йўналишга янада жиддийроқ эътибор бериб, кўпроқ ишласак, эртага янги иқтидорлар ўзимиздан етишиб чиқади, хориждан легионерларни излаб юришмайди. Шу боис албатта 11 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг ўз жамоалари бўлиши лозим. Бундан ташқари, ўринбосарлар жамоаси ўрнида энди U-21 чемпионатини ташкил қиламиз. Хабарингиз бўлса, илгари ёшлар лигасида ўз номига яраша ёшлар ўйнаши керак бўлса-да, ёши катта футболчилар ҳам кўпчиликни ташкил қиларди. Тўғри, бир жамоа сафида икки-учта мана шундай ўйинчилар бўлади. Аммо энди янги мавсумдан эътиборан қатъий тарзда U-21 чемпионатини йўлга қўямиз. Хабарингиз бўлса, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси олдига жиддий ва катта мақсадлар қўйилган. Биз эса янги регламентда албатта ҳар бир клубнинг U-21 жамоалари бўлиш кераклигини алоҳида кўрсатиб ўтганмиз. Ушбу жамоада ўйнайдиган футболчилар эса бизнинг келажагимиз ҳисобланишади. Эртага уларнинг орасидан олимпия терма жамоамиз учун янги номзодлар ҳам пайдо бўлиши мумкин. Энди ёшлар лигаси тугатилди.

Яна бир гап: ПФЛ янги мавсумда Суперлига клубларига бир мунча енгилликларни яратиш мақсадида унинг қарамоғида бўлган футзал ва аёллар жамоаларини молиялаштиришдан чиқариб юбориш борасида ҳам хабарлар тарқалганди. Ўз навбатида Омон Ғофуров билан мулоқот жараёнида ушбу масалага ҳам ойдинлик киритиб ўтишини сўрадик.

- Йўқ, бундай эмас. Биз уларни клублар тасарруфидан чиқариб юбормаймиз, балки бу ишни соддалаштирмоқдамиз. Молиявий томондан жамоаларга қулайлик бўлиши учун турли йўлларини қидириб кўрдик. Бунгача футзал жамоалари уй-сафар тизими бўйича чемпионатда қатнашиб келишганди. Энди эса футзални умумлаштирган ҳолда битта жойда ўтказамиз. Масалан, март ойида Тошкентда барча футзалчиларни йиғиб, ўша ерда ўйинларини ўтказишади. Биз бу борада футзал жамоалари билан ҳам гаплашдик. Футзал мусобақаларининг ўтказилиш кунларини ҳам белгилаб қўйдик. Аёллар футболида ҳам шунга ўхшаш қулайликларни кўриб чиқяпмиз. Бу билан Суперлига клубларига оғирлик тушмаслиги учун енгиллик яратиб беряпмиз. Биз жамоаларни қийнаб юбориш мақсадида эмасмиз.

ПФЛ бош директори айтиб ўтганидек, ҳали Суперлигада қайси жамоаларнинг қатнашиши маълум эмас. Бу нима дегани? Гап шундаки, ПФЛ энди ўз позициясида қатъий турган ҳолда ўзи ишлаб чиққан янги регламент талабларини ва лицензиялаш ишларини тўлиқ бажарган клубларни чемпионатда қатнашишига рухсат беради. Бу борада гап кетганда, келаси йили ҳам Суперлигада 12 та клуб иштирок этади. Фақат ўша 12 та жамоа ПФЛ истаган қиёфага кира олса бас. Хўш, келаси йили Суперлига формати қандай кўринишда бўлади? Бу борада ҳар ким турли фикрларни билдирмоқда. Ёки яна олтин очко тизими ўз кучида қолармикин? Бундай вазиятда эса Ғофуровнинг ўзидан аниқроқ жавобни эшитиш мақсадга мувофиқ бўларди.

- Кейинги йилга ҳам яна шу тизимни синаб кўрмоқчи бўлиб турибмиз. Тўғриси, клублар ҳам бу тизимни анча-мунча ўрганиб, тушуниб олишди. Лекин ҳозирча бу масала кўриб чиқиляпти. Кўплаб мутахассислар билан ҳам шу мавзуда гаплашяпмиз ва улар яна шу тизим ўз кучида қолиши борасида ўз фикрларини билдиришяпти. Бошида эса бу янги тизимни клублар унчалик тушунишмади. Фақат “Пахтакор” клубигина бу тизим бўйича шикоят қилди. Айтишича, улар кўпроқ зиён кўришди. Лекин йил бошида биз ҳамма жамоаларга янги формат ҳақида етарли даражада тушунтириш бериб ўтганмиз. Яна бу масалани кўриб чиқамиз. Мутахассислар билан маслаҳатлашиб, тез орада қарорни эълон қиламиз.

Шунингдек, ПФЛ асосан Ўзбекистон футбол ассоциацияси биносида фаолият кўрсатиб келаётганди. Эндиликда эса ушбу ташкилот “Миллий” (собиқ “Бунёдкор” стадионига кўчиб ўтгани маълум бўлди.

- Ҳа, биз “Миллий” стадионга кўчиб ўтдик. Профессионал футбол лигаси ташкил қилинганидан бери Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан битта жойда бўлган. Умид Аҳмаджоновнинг топшириғига асосан ЎФА билан ПФЛ алоҳида бўлгани яхши. Масалан, ПФЛ ўз клубларини керак пайтда қўллаб-қувватлайди, зарур бўлса, камчиликларини бартараф этишда кўмак беради. Бошқа мамлакатларда ҳам кўрсангиз, футбол ассоциацияси билан ПФЛ бошқа-бошқа ташкилотлар сифатида жойлашишган. Футбол ассоциацияси ўзининг терма жамоаларини ўйлайди, ўқув-машғулотлари, хориж йиғинлари, ФИФА кунларидан унумли фойдаланиш каби масалалар устида ишлайди. Биз эса клубларимизни ривожлантириш бўйича ўз ишимизни олиб борамиз, - дея жавоб қайтарди, Омон Файзуллаевич.

- Дарвоқе, куни кеча ПФЛ бош директорининг ўз лавозимини тарк этган ҳолда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг вице-президенти сифатида ишга киришгани ҳақидаги хабарлар ҳам мухлисларни беэътибор қолдиргани йўқ. Ўз навбатида Омон Ғофуровдан мазкур масалага ҳам ойдинлик киритишини сўраганимизда қисқача қилиб шундай деди:

- Йўқ, бундай ўзгариш бўлмади. Ҳозир ҳам профессионал футбол лигасида ўз ишимни давом эттиряпман. Бу бўлмаган гап.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!