Ярим йил футболдан четлатилган "Навбаҳор" вице-президенти ЎФАнинг бу қарори ҳақида нималар деди?
Хабарингиз бор, бугун ЎФА Азиз Турғунбоев иши бўйича ўз қарорини эълон қилди. Унга кўра Турғунбона ярим йилга дисквалификация қилинди. Бундан ташқари «Навбаҳор»нинг собиқ бош мураббийи Илҳом Мўминжонов 1 йил муддатга футболдан четлатилди. «Пахтакор» спорт директори Жаъфар Ирисметов «Навбаҳор» вице-президенти Шамшод Сариковлар ҳам ЎФА қарорига биноан 6 ой муддатга футболдан четлатилди.
Юқоридаги қарор борасида "Навбаҳор" вице-президенти Шамшод Сариков "Навбаҳор" мухлисларининг телеграмдаги каналига ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Навбаҳор» мухлислари нафақат клубнинг балки, клуб ҳодимларининг ҳам тақдирига бефарқ эмасликларига яна бир бор амин бўлдим. ЎФАнинг бугунги қароридан сўнг наманганлик мухлислар тинимсиз қўнғироқлар қилиб ҳол-аҳвол сўрашмоқда. Керак бўлса ижтимоий тармоқларда мен билан боғланиб “Ака, биз сиз биланмиз” деб далда бериб қўллаб-қувватлаб туришибди. Барча мухлисларга раҳмат айтмоқчиман. Бугунги хабарларга келадиган бўлсак ЎФАнинг қарорини биз албатта ҳурмат қилишимиз лозим. Қарорни тўғри деб қабул қилдим. Тан олишимиз керак, регламентни бузиш каби хатоликлар бўлган. Умид Аҳмаджонов тўғри йўлдан кетмоқда. Бундай ишлар учун кескин чоралар кўришни тўғри қарор деб биламан ва шундай оқилона чоралардан сўнг футболда ўсиш ва ривожланиш бўлади. Энди бундай ҳолатларни такрорламаслик учун клубдаги баъзи ҳодимларни алмаштирамиз ва малакаларни оширамиз.
Азиз Турғунбоев ҳақидаги бугунги гаплардан сўнг бир нарсани айтиб қўйишим керак. Турғунбоев «Навбаҳор» учун охиригача туриб берди. Мухлислардан илтимосим футболчини айбламасдан уни қўллаб-қувватлаб туришга чақириб қоламан. Турғунбоев ҳақиқий Наманган фарзанди эканлигини, «Навбаҳор»ни яхши кўришини ва мухлисларни ҳурмат қилишини ҳаммамизга кўрсатиб берди. Бу ерда ҳеч қанақасига Азизбекни айби бор деб ўйлаймайман. Футболчи балки хато қилгандир лекин, уни хато қилишга мажбур қилишган. Баъзи мухлислар ҳавотирга тушиб қолишмоқда. Шуни айтиб ўтмоқчиманки, «Навбаҳор»ни орқасида фақат Сариков деган инсон эмас, унинг миллионлаб Наманган халқидек жонкуяр мухлислари бор.
Энди мен вақтинча футболдан узоқда бўламан. Лекин бир нарсани ваъда қиламан. Насиб қилса яқин кунларда «Навбаҳор» 4 та супер трансферларни амалга оширади. Бу бўйича ишларни бошлаб қўйган эдик, яқинда эълон қилинади. Ушбу трансферларга мен ўзим бош-қош бўлмасам ҳам, мен ишонган ҳодимлар бу ишларни охиригача етказиб қўйишларига ишонаман. Клубдаги ривожланиш асло тўхтаб қолмайди. Жамоанинг ҳозирги ҳолати ҳам ёмон эмас лекин, чемпионлик йўлида таркиб яна кучайтирилади. Клуб ўз олдига қилиналиган ишлар бўйича узоқ йиллик режа тузган ва ушбу режа асосида ишлар амалга оширилади. Энди олдингидек «Навбаҳор» бўлмайди. Бундан кейин биз футболчилар билан узоқ муддатли шартномалар имзолаймиз, янги юлдузларни кашф этамиз ва ушбу юлдузлар Европа майдонларида тўп суради. «Навбаҳор» ҳар томонлама профессионал клубга айлантирилади. Биз изланишдан тўхтамаймиз ва албатта ўзбек футболи ривожи учун ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Азизбек Турғунбоев ҳақида яна икки оғиз. Мухлислардан турли хил миш-мишларга ишонмасликларини, Азиз ундай экан, Азиз бундай экан деган гапларни гапирмасликларини сўраб қоламан. Чунки Азиз яна қайтараман, ҳақиқий мардни ишини қилди. «Навбаҳор» учун охиригача туриб берди. Бундан кейин ҳам туриб беради. Биз ҳам Турғунбоев учун ҳар доим туриб берамиз. Ҳозир футболчига фақат ва фақат мухлисларнинг далдаси керак. Биз, жамоамизнинг ҳар бир футболчисини хурмат қиламиз ва бу каби оғир ҳолларда уларни ёлғизлатиб қўймаймиз. «Навбаҳор» бу «Пахтакор»дан қўрқадиган олдинги «Навбаҳор» эмас. Бундан кейин ҳам «Навбаҳор», Сариковсиз ҳам «Пахтакор» ва бошқа Суперлига клублари билан бўладиган ҳар қандай муаммоларни ўзи ҳал қила олади. Жамоа шу ва шунга ўхшаш ишларда асло бўш келмайди. Бизнинг жамоа ҳар доим юқори мақсадлар учун курашишда давом этади.» - дейди Шамшод Сариков
Фикрлар
Xali ko'rasizlar azizlar paxtakor chempionlar ligasiga ham chiqa olmidi chempion ham bo'la olmidi