Ёрқин Назаров “Шўртан”дан нима учун кетди?

Яқиндан бери мураббийлик иши билан шуғулланиб келаётган Ёрқин Назаров бу соҳада аста-секин ўсишга эришишга жиддий бел боғлаган. Хабарингиз бўлса, у ўтган йилги мавсумнинг иккинчи ярмини Ғузорнинг “Шўртан” клубида ўтказди ва жамоага бош мураббийлик қилди. Лекин Назаровнинг ушбу жамоадаги ҳаёти узоққа чўзилмади. Эндиликда у “Бунёдкор” клубида иш бошлади. Ўтган йили эса ғузорликлар Ёрқин Назаров бошчилигидаги мавсумни 6-ўринда якунлашди. Энди эса Вадим Абрамов ушбу ёш мураббийни ўз ёнига чорлади. Шу боис куни кеча Назаров билан боғланиб, бир қатор масалаларга ойдинлик киритдик.

- “Шўртан”дан кетишимнинг сабабига келсак, у ерда ҳали ҳеч нима аниқ эмасди. Янги мавсум учун бюджет қанча, жамоа ўзи бўладими-йўқми, ҳаммаси мавҳумлик эди. Бу ҳақида клуб бош директоридан сўрасам ўзи ҳам ҳали ҳеч нимани билмаслигини айтди. Шу пайтда менга “Бунёдкор”дан таклиф бўлди. Вадим Абрамов бош мураббийликка ишга киришганидан кейин мени ёрдамчи мураббийликка таклиф қилди. У тажрибали мутахассис, терма жамоаларда ҳам яхши ишлаган. Бундай мураббий билан бир йил давомида ишлаб ўзим учун ҳам катта тажриба тўплаб оламан деган умиддаман. Шу боис “Бунёдкор”нинг таклифини қабул қилдим.

- “Шўртан”дан кетишингизни клубдагилар қандай қабул қилишди?

- “Шўртан”дагиларга хужжатларимни беринглар дегандим, улар ҳаммасини беришди. Ўртамизда ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ.

- Демак, клубдан кетиш ташаббуси ўзингиздан чиқибди-да?

- Раҳбарият билан гаплашганимда нима қиламиз, клубда ишлайманми-йўқми, деб сўрасам ўзлари ҳам ҳали ҳеч нима аниқ эмаслигини айтишганди. Сўнг улар ўзлари менга қўнғироқ қиламиз деб айтишди. Аммо ҳадагенда қўнғироқ қилишмади. Ваҳоланки, улардан жавоб келишини кутгандим. Натижада “Бунёдкор”дан тушган таклифни қабул қилишга қарор қилдим. Бу жамоада ишлаш мен учун яхши имконият. Ваҳоланки, “Шўртан” раҳбарияти менга “конкрет” гап айтишмади.

- “Шўртан”да олиб борган ярим йиллик фаолиятингизга ўзингиз қандай баҳо берасиз?

- “Шўртан”да ҳамма шароитлари яхши. Агар клуб ўз олдига Суперлига мақсадини қўйса, унда бу ерда ишласа бўлади. Аммо ҳали ғузорликларда бундай мақсадни кўрмаяпман. Ҳар доим мураббийга жиддий мақсад учун курашадиган клубда ишлагани маъқул. “Шўртан”даги ўтган йилги фаолиятимга келсак, биз мавсумни 6-ўринда тугатдик. Бу поғонани “Шўртан” учун мос деб ўйлайман. Негаки, биз жамоани йилнинг бошидан йиғмагандик. Мавсумнинг ўртасидан иш бошладик ва 6-ўрин бу жамоага муносиб бўлди. Чунки биздан юқоридаги бешта жамоанинг барчасида Суперлигага чиқиш учун мақсадлари бор эди. Масалан, “Динамо” 5-ўринни олди, “Сурхон”нинг ҳам бошидан Суперлигага чиқиш учун курашаётгани ҳақида кўп айтилди, аммо улар 4-ўринни банд этишди. Юқори учликдан эса “Андижон”, “Машъал” ва “Истиқлол” жамоалари жой олишди. Шу боис “Шўртан”нинг эгаллаган ўрни ўзи учун нормаль бўлди. Умуман олганда, ёмон ишлаганимиз йўқ. Агарда бу йил клуб ўз олдига жиддий вазифани қўйиб яна ҳамкорлик қилишни хоҳлаганида ҳозирги таркибни сақлаб қолиб, уларга яна 5-6 нафар футболчиларни қўшиб мақсад сари курашишимиз мумкин эди. Лекин ҳозирги пайтда “Шўртан”да Суперлигага чиқиш мақсади борлигини кўрмаяпман.

- “Шўртан”да ҳар йили керак бўлса, 2-3 мартадан мураббий алмашаверади. Сиз у ерда ярим мавсум бўлса ҳам ишладингиз, ҳаётини кўрдингиз. Сизнингча, нима учун мураббийлар қўлқопдек алмаштирилаверади?

- Менимча, ҳаммаси раҳбариятга боғлиқ бўлса керак. У ерга яхши мутахассисни олиб келиб, унга вақт бериш керак. Ярим йилдаёқ нимагадир эришишни мақсад қилиб қўймаслик лозим. Бизга маҳаллий футболчиларни ўйнатинглар деб кўп айтишди. Маҳаллий ўйинчиларни ўйнатиш учун эса биринчи навбатда “Шўртан” футбол клубининг мавқеини кўтариш керак. Бизга таклиф қилинган ёшларнинг ҳаммаси ҳам ўзимиз истаган савияда ўйнай олишмайди. Лекин уларнинг орасида иқтидорлилари ҳам йўқ эмас. У ерда қилинадиган асосий вазифа – футбол клубини яхшилаш лозим.

- Демак, раҳбарият томонидан мураббийлар ишига аралашувлар бўлиб турдими?

- Йўқ, у қадар жиддий аралашувлар бўлмади. Машғулот ва таркибни ўзим хоҳлаган даражада туздим. Фақат маҳаллий ёшларни кўпроқ ўйнатишимизни айтишди. Аммо биз уларнинг салоҳиятларини яхшироқ билишимиз учун у ерда камида икки йил ишлашимиз лозим.

- Эндиликда “Бунёдкор”нинг мураббийлар штабида кимлар билан ишлаяпсиз?

- Шуҳрат Мақсудов, Марат Мифтахутдинов ва мен. Шунингдек, Арам деган бола ҳам келган. Виктор Карпенко “Бунёдкор”нинг ёшларига мураббийлик қиляпти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!