Сен кетавер, буёғига Ҳусанов бор!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов туфайли ўзбекистонлик мухлислар орасида “Манчестер Сити” ишқибозларининг кўплигини инобатга олиб, “шаҳарликлар”га оид маълумотларни етказишда давом этамиз.
“Манчестер Сити” раҳбарияти жамоанинг тажрибали марказий ҳимоячиси Жон Стоунзни эркин агент мақомида қўйиб юборадиган бўлди.
31 ёшли футболчининг амалдаги шартномаси 30 июнь куни тугайди ва “шаҳарликлар” худди жамоа сардори Бернарду Силва билан бўлгани каби Стоунзга ҳам янги битим бермайди.
Таъкидлаш жоизки, кейинги мавсумларда Жон Стоунз жароҳатларга мойил бўлиб қолган ва кўп вақтини даволанишга сарфлаяпти. Бу галги чемпионатда унинг асосий таркибдаги ўрнини Абдуқодир Ҳусанов эгаллаб олди. 22 ёшли ўзбек футболчиси секин-аста “Сити” ҳимоя чизиғи етакчисига айланмоқда.
Хосеп Гвардиола кейинги ўйинларда ҳимоя марказини асосан Ҳусановга топшириб, унинг ёнида Натан Аке ёки Марк Гехини ўйнатяпти.
Жон Стоунз 2016 йилдан буён “Сити” сафида ўйнаб келмоқда, у олти марта Премьер-лига чемпионлигини, икки марта Англия кубогини, уч марта Лига кубогини ва Чемпионлар лигасини ютган.
Talksport нашрининг ёзишича, Англия Премьер-лигасинин бир неча клублари Жон Стоунз атрофидаги вазиятни кузатиб бормоқда ва тажрибали ҳимоячига шартнома беришга тайёр. Даъвогарлар орасида Жоннинг собиқ клуби “Эвертон” ҳам бор.
Пеп, қоласанми ё кетасанми?
“Манчестер Сити” раҳбарияти расман бош мураббийи Хосеп Гвардиоладан у 2027 йилнинг 30 июнигача тузилган шартномасини охиригача бажаришни режалаштираяптими ёки йўқлигини сўради.
Бир неча ойдан бери Гвардиола жорий мавсум охирида “Сити”ни тарк этиши ҳақида турли ахборотлар тарқалмоқда.
Мавҳумлик нафақат мухлисларни, балки “Сити” раҳбариятини ҳам безовта қиляпти. Жумладан “шаҳарликлар” спорт директори Угу Виана ҳам бу борада аниқ маълумотга эга эмас.
“Манчестер Сити” ҳар қандай сценарийга тайёр, аммо клуб Гвардиоланинг ўз келажаги ҳақида имкони қадар тезроқ аниқлик киритишини афзал кўради. Клуб расман Хосепдан буни ҳал қилишни сўради ва жавобни, ҳатто шахсий тартибда бўлса ҳам, тезроқ олишга умид қилмоқда.
Talksport нашрининг ёзишича, агар Гвардиола кетса, “Сити”га нафақат янги мураббий қидиришга тўғри келади, балки бу ҳолат клубнинг трансфер режаларига ҳам таъсир қилади. Чунки Хосеп билан ишлаш имконияти “Ноттингем Форест”дан таклиф этилаётган Эллиот Андерсон каби футболчилар учун муҳим омил ҳисобланади.
Қарийб ўн йилдан бери жамоани бошқараётган Хосеп Гвардиола жами 19 та совринни қўлга киритди. У “Этихад”даги фаолиятини юқори нотада, яъни соврин билан якунлашни муҳим ҳисоблайди. Ҳозирча, бунақа ютуқнинг биттаси тайёр. Жамоа Лига кубогини ўзиники қилди.
Сўнгги маълумотларда айтилишича, Гвардиола ўрнига асосий номзодлардан бири сифатида январь ойида “Челси”ни тарк этган Энцо Мареска кўрилмоқда, у илгари фаолияти давомида “Сити”да Хосепнинг ёрдамчиси сифатида бир мавсум ишлаган.
Қолаверса, “Челси”да ишлаган вақтида Мареска шартномага мувофиқ равишда клубни ўзига “Сити” ва “Ювентус”дан қизиқиш бўлаётгани ҳақида хабардор қилган эди.
Шунингдек, Гвардиоланинг эҳтимолий ўринбосари сифатида эндигина “Тоттенхэм”ни бошқаришни бошлаган Роберто Де Дзерби, “Бавария”да муваффақиятли ишлаётган Венсан Компани ва “Реал”нинг собиқ бош мураббийи Хаби Алонсо номлари ҳам тилга олинган.
Бўлди, “Сити”дан шу ўйинчини оламиз!
Ливерпуль шаҳрининг “Эвертон” клуби жорий мавсум жамоа сафида ижарада ўйнаётган 30 ёшли ҳужумкор футболчи Жек Грилишни таркибда сақлаб қолишга қарор қилди.
The i Paper Sport нашри хабарига кўра, “Эвертон” раҳбарияти Грилишнинг тўлиқ трансфери учун 23 миллион евро ажратишга тайёр.
Аввалроқ, футболчининг ўзи “Манчестер Сити”ни тарк этиб, ливерпулликлар жамоасига ўтишни истаётгани хабар қилинган эди.
Жорий мавсумда Грилиш барча мусобақаларни ҳисобга олганда 22 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 6 та ассист берди. Transfermarkt маълумотига кўра, инглиз футболчисининг қиймати 25 миллион еврога тенг.
Фикрлар