Бир ярим асрлик рекордда қатнашган Ҳусановни ашаддий рақиб афсонаси ҳам мақтади
“Манчестер Сити” футболчилари Англия кубоги чорак финалида “Ливерпуль”ни 4:0 ҳисобида мағлуб этган ўйинда "шаҳарликлар" тарихий рекорд қайд этган бўлиб чиқди.
“Шаҳарликлар” ушбу нуфузли турнир доирасида ўз майдонида қаторасига 18 маротаба ғалаба қозонди ва шу тариқа, қарийб 150 йил давом этган рекордни янгилади.
Аввалги рекорд “Клэпем Роверс” клубига тегишли бўлиб, бу жамоа 1873 йилнинг декабридан 1881 йил февралигача Англия кубогида ўз майдонида 17 та учрашувдан иборат ғалабали серия намойиш қилган эди.
Мана энди “Манчестер Сити” бу рекордни 18 та ғалаба билан ўз номига ёздирди.
Ушбу тарихий учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов тўлиқ ўйнади ва жамоаси ғалабасига катта ҳисса қўшди.
“Манчестер Сити”нинг ашаддий рақиби – “Манчестер Юнайтед” афсонасига айланган Гари Невилл Абдуқодир Ҳусановнинг “Ливерпуль”га қарши ўйинини алоҳида тилга олиб, унинг маҳоратини эътироф этди.
Таъкидлаш жоизки, Абдуқодир Ҳусанов тез суръатларда жорий мавсумнинг энг ёрқин сенсацияларидан бирига айланмоқда ва унинг “Манчестер Сити” сафидаги ўйинлари бутун футбол оламининг эътиборини тортмоқда.
Ёш ўзбекистонлик ҳимоячининг “Ливерпуль”га қарши ўйини яна бир бор катта таассурот қолдирди ва Абдуқодир Англия футболи эксперти Гари Невиллдан юқори баҳо олди.
- Бу ажойиб трансфер. Ўзбекистондан бўлган ёш ўйинчини ҳеч ким билмасди, танимасди. Энди эса ҳамма уни қандай иқтидорли футболчи эканини гапирмоқда, - дейди Невилл.
“Манчестер Юнайтед”нинг собиқ ҳимоячиси 22 ёшли Ҳусановнинг босимли вазиятлардаги хотиржамлигини алоҳида таъкидлади.
- Ҳусанов “Ливерпуль” каби қудратли жамоага қарши ўйинда катта босим остида шунчалик хотиржам ҳаракат қилдики, мен ҳеч қачон бунақа ёш ҳимоячини кўрмаганман, - деди Гари Невилл.
Дарҳақиқат, Абдуқодир Ҳусанов бу мавсум Хосеп Гвардиоланинг ишончини тўлиқ қозона олди. Жамоада тажрибали марказий ҳимоячилар борлиги ва клуб яқинда Англия Премьер-лигасининг энг зўр ҳимоячиси деб эътироф этилган Марк Гехини трансфер қилганига қарамай, мураббийлар штаби кейинги ўйинларда асосан ўзбек футболчисига суянмоқда.
Абдуқодир бу мавсум барча турнирларда 30 марта майдонга тушди. Бу учрашувларнинг аксариятида у бошланғич таркибга киритилди ва тўлиқ ўйнади. Шунингдек, 22 ёшли футболчи Англия лигаси кубогини қўлга киритиб, легионер сифатида илк совринига эга бўлди.
Фикрлар