Ёзнинг ҳароратида "қайнаётган" интрига

Ёзнинг қайноқ кунларида Суперлигадаги интрига ҳам ўзининг “қайноқ” палласига кириб боряпти. Қайд этилаётган натижалар эса ҳеч кимни беэътибор қолдираётгани йўқ. Бизда жўжани кузда санаймиз деган ажойиб ибора бор. Аста-секин вақт ўтгани сари Суперлига қатнашчилари ўз ўйинларига яраша маълум мавқега эга бўлиб боришмоқда. Янги форматга кўра Суперлигада жамоалар икки тоифага бўлинишлари олдиндан маълум. Яъни, дастлабки олтиликдан жой олганлар совринли ўринлар учун курашишса, қолган олтилик асосан лигада жон сақлаб қолиш учун курашади. Шуни инобатга олганда, иштирокчи клублар асосан натижа учун курашаётгани ҳам билиниб турибди.

Шу кунга қадар чемпионатимизда 18 та тур ўтказилди ва турнир жадвалидаги вазият ҳам тобора ойдинлашиб бораётгандек. Масалан, ўз майдонида кутилганидек “Металлург” устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонган “Пахтакор” ўз мавқеини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Уларнинг ҳисобида эндиликда 42 очко мавжуд. Яқин таъқибчиси ҳисобланган “Бунёдкор” эса бу сафар ҳам иродали ғалабага эришди. Ўз уйида “Навбаҳор”га қарши беллашувда 0:1 ни 2:1 га айлантирган ҳолда қийин ғалабани қўлга киритди. Ҳозирда “Пахтакор” билан “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги очколар фарқи олтитани ташкил этмоқда. Боз устига Шота Арвеладзе жамоаси ўйин ритмига тушиб олишган ва деярли барча ўйинларни барқарор тарзда ўтказиб келишмоқда. Агар мана шу факторларни ҳисобга оладиган бўлсак, “Шерлар” мавсум охирига қадар етакчиликни бошқа бировга бериб қўймайдигандек тасаввур уйғотмоқда. Аксига олиб “Пахтакор”дан кейинги ўринларда бораётган клублар галмадан-галдан ўз ўринларини алмаштириб туришибди. Шунчаки, “Бунёдкор” бир амаллаб бўлса ҳам ўз ўрнини анча вақтдан бери сақлаб келяпти ва 3-ўриндаги “Локомотив”дан тўрт очкога илгарилаб кетган. Ҳозирда 1- ва 2-ўрин эгаларидан кўра 3-поғона учун кураш ҳам анча қизиб қолди десак ишонаверинг. “Навбаҳор”, шунингдек, “Бухоро” жамоалари ўз вақтида кучли учликдан жой олиб келишганини яхши эсласангиз керак. Лекин уларга барқарорликни бир маромда ушлаб туриш оғирлик қилаётгани ҳам кўриниб турибди. Натижада мавсумни анча вақт пастки ўринларда ўтказишга мажбур бўлган “Локомотив”ни ўзларидан олдинга ўтказиб юбордилар. Бунга эса “Навбаҳор” билан “Бухоро”нинг ўзи сабабчи. Айниқса, охирги учрашувларда ғалаба нималигини билмай, фақат рақибларига очко улашиб келаётган Улуғбек Бақоев бошчилигидаги бухороликлар 5-ўринга тушиб кетишди. Ҳаттоки, бу кетишда кучли олтиликда қолиши ҳам даргумон бўлиб бормоқда. Боиси унинг ортида “Металлург”, “Насаф” ва “Қўқон-1912” каби клублар бор. Лекин чемпионатдаги интрига охиригача давом этади. Айниқса, наманганликлар бухороликлардан фарқли ўлароқ курашдан эрта четга чиқишгани йўқ. “Навбаҳор” билан “Локомотив” ўртасидаги фарқ ҳозирча биттани ташкил этиб турибди холос. Шундай экан, Илҳом Мўминжонов қандай бўлмасин кучли учликка киришга ҳаракат қилаверади.

Bun-Navba (12)

Албатта, турнир жадвалида “Насаф”дек клубни 7-поғонада кўриш бироз ғалати туюлар экан. Аммо вақт ўтгани сари бунга ҳам кўникиб боряпмиз. Молиявий муаммолар сабабли фақат ўз тарбияланувчиларига таяниб қолган клуб мавсумнинг иккинчи ярмини мағлубиятлар билан бошлади ва айнан 18-турга келибгина узоқ кутилган ғалабани қўлга киритди. Барибир “Насаф”да ўйин сифати сақланиб қолганини эътироф этиш жоиз. Юқорида айтганимиздек, олтиликка кириш учун курашда “Насаф” билан “Металлург” асосий фаворитлардек кўринмоқда. Дарвоқе, шу ўринда бир жиҳатга тўхталиб ўтмоқчимиз. Одатда ўйинлардан кейин ўтказиладиган матбуот анжуманларида мураббийлар томонидан билдириладиган фикрларга ҳам эътибор қаратиб келамиз. Ҳеч кимга сир эмаски, мураббийларнинг “шпаргалка” гаплари биз учун ёт эмас. Масалан, “омад етишмади”, мухлисларимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз” ва яна шунга ўхшаш жумлаларни эшитавериб зерикиб ҳам кетдик. Шу боис мураббийлар томонидан аниқ, “конкорет”, очиқ-ойдин ва албатта дангал гаплар айтилса бу ўқувчи ва мухлисларнинг ҳам қизиқишига, эътиборига сабаб бўлади. “Пахтакор” – “Металлург” жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейин бекободликлар устози Андрей Шипиловнинг билдирган фикрлари очиғи бизни ҳайрон қолдирди. Ўша учрашувда “Металлург” 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Энди Шипиловнинг ўйиндан кейин айтган гапларига эътибор беринг: “Ўйлашимча, натижа адолатдан бўлмади. Таблодаги ҳисоб 3:0 эмас, балки 1:0 бўлганида адолатли бўларди”. Қизиқ, “Металлург” бош мураббийи бу гапи билан нимани назарда тутмоқда? Қайси мураббий ўз жамоасининг мағлубиятида натижанинг таъсир кўрсатишига эътибор қилади? Мағлубият ўз номи билан мағлубият. 1:0 га ютқазса ҳам, 5:0 га ютқазса ҳам унинг жамоаси енгилди-ку. Андрей Шипилов бу гапи билан гўёки ўйиндан олдин мағлубиятга тайёрдек таассурот уйғотди. Ҳали бирор-бир мураббийнинг 1:0 ёки 2:1 ҳисобида ютқазганимизда яхши бўларди, деган гапини эшитганим йўқ. Тўғри, агар гап бошқа мусобақа, айтайлик, Кубокдаги уй-сафар тизими ҳақида кетаётган бўлса, бу бошқа гап. Чунки унда ҳисобнинг жавоб ўйинига аҳамияти катта бўлади. Аммо бу чемпионат доирасидаги ўйин-ку. Агар “Металлург” “Пахаткор”га 3:0 ҳисобида эмас, балки 1:0 ҳисобида мағлуб бўлганида демак, бундан бекободликлар устозининг кўнгли тўлган бўлармиди? Лекин ҳар қандай мураббий жамоасини фақат ғалаба учун тайёрлаши керак, мағлубиятнинг натижаси учун эмас!

Loko-Nasaf (9)

Ушбу мақоланинг сарлавҳасида “Пахтакор”дан “Нефтчи”гача”, дея бежизга атамадик. Турнир жадвалининг юқорисида “Пахтакор”, сўнггисидан эса “Нефтчи” жой олган. Фарғоналиклар ёзги танаффус пайтида яна селекцияга жиддий эътибор бериб, доимгидек таркибда ўзгаришларни амалга оширишди. Лекин “Нефтчи” ҳамон эски ҳаммом, эски тос кўринишида қолмоқда. Бу ўзгаришлар қандай фойда беряпти? Бош мураббий Баҳром Ҳайдаров ишонч билан бир неча бор жамоасининг Суперлигада қолиши ҳақида айтди. Лекин шунга яраша натижа қани? “Нефтчи” 18 та ўйинда фақат 8 та дуранг қайд этиб, қолган барча учрашувларда ютқазди. Бу турда Фарғонада “Қизилқум”га 0:1 ҳисобида мағлубиятга учрагач, эндиликда барчада бу клубнинг Суперлигадан тушиб кетишига шубҳа қолмади десак муболаға қилмаган бўламиз. 11-ўринда бораётган “Сўғдиёна”нинг ҳисобида эса 16 очко бор. Ўртадаги тафовут эса 8 очко! Қишда қўшимча бонус эвазига Суперлигага қайтарилган “Нефтчи”нинг аҳволи шу экан, ундан кўра про-лигада юргани яхши эмасмиди? Ахир ўтган йили фарғоналиклар қандай ҳолатда бўлсалар, бу йил ҳам худди шу манзара такрорланяпти. Бирор-бир ўзгариш йўқ. Айнан “Нефтчи”нинг яққол аутсайдерлиги унинг атрофида яқин жойлашган бошқа жамоаларга нисбатан бўлса ҳам енгил тин олишга имконият беряпти.

Шуҳратбек Жўраев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!