Юртимизда спортни оммалаштиришда Хитой тажрибасидан фойдаланилади

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Цзян Янь билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришда ўзаро тажриба алмашиш, спорт медицинаси ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш каби йўналишлардаги алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Тадбирда сўз олган Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев Президентимиз томонидан юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, ушбу йўналишда Хитой тажрибаси ўрганиш бўйича қатъий вазифалар берилгани таъкидлаб, Ўзбекистонда спортни оммалаштиришнинг Миллий концепцияси ишлаб чиқишда Хитой тажрибасидан фойдаланиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Элчи Цзян Янь хоним спорт соҳаси бўйича ўзаро ҳамкорлик ҳақида шундай деди: “Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан спорт ривожлантириш бўйича, айнан, Хитой тажрибаси ўрганиш вазифаси берилганини хурсандчилик билан қабул қилган эдик. Ўзбек спортчиларининг нуфузли халқаро мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқлари таҳсинга сазовор. Хитойда спортчиларни тайёрлаш ва спортни оммалаштириш бўйича амалга оширилган лойиҳалар яхши натижа бермоқда. Ушбу тажрибалар ўртоқлашиш ва Ўзбекистонда спортни ривожлантиришга кўмаклашишга тайёрмиз”.

Якунда томонлар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳузурида Спорт медицинаси бўйича илмий-тадқиқот лабораториясини ташкил этиш, Пекин спорт университети билан қўшма факультетлар очиш, енгил атлетика, сув спорти ва қишки спорт турларидан спортчиларни тайёрлаш ҳамда икки давлатнинг спорт соҳаси бўйича бошқарув органлари делегациялари ташрифларини ташкил этиш каби масалалар бўйича ҳамкорликда ишлашга келишиб олишди.

Маълумот учун: Бугунги кунда оммавий жисмоний тарбия Хитойнинг давлат стратегияси бўлиб улгурган. Бу йўналишда Умумхалқ жисмоний тарбия куни таъсис этишдан бошлаб Давлат Кенгаши томонидан аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг беш йиллик режаси расмий қабул қилингунигача бўлган узоқ йўл босиб ўтилган. Хитойда ҳар учинчи киши спорт билан шуғулланса, ҳар бешинчи одам стол тенниси ва бадминтон ўйнайди. Жисмоний тарбия ва спортга Хитойда иқтисодиётнинг бир тармоғи сифатида қаралиб, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилда 10 млрд АҚШ доллар ёки 1 фоизни ташкил этган бўлса, прогнозларга кўра 2020 йилга келиб 1,5 фоизгача ошади.

 

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!