А Серия. "Ювентус" "Милан" устидан иродали ғалабага эришди

"Альянц-Стэдиум"да кечган учрашувда мезбонлар 2:1 ҳисобида рақибдан устун келишди. 39-дақиқада Кшиштоф Пёнтек Войцех Шенсни билан бирга-бир вазиятга чиқиб бориб дарвозани ишғол этди ва ҳисобни очди.

60-дақиқада эса Матео Мусаккьо ўз жарима майдони ичида Пауло Дибалани қўполлик билан тўхтатиб қолди ва ҳакам миланликлар дарвозаси томон пенальти белгилади. 11 метрли жарима зарбасини эса жабрланувчининг ўзи аниқ амалга ошириб, мувозанатни тиклади.

84-дақиқада эса захирадан майдонга тушган Мойзе Кин "кекса синьора"ни ҳисобда олдинги олиб чиқди. Беллашувда бошқа гол киритилмади ва "Юве" навбатдаги 3 очкони қўлга киритди.

Шу тариқа Массимилиано Аллегри шогирдлари ҳисобидаги очколар сони 84 тага етди ва туринликларнинг 2-ўриндаги "Наполи" билан ўртадаги фарқи 21 тага етди.  Агарда, "Наполи" бу тур мағлуб бўлса, "Ювентус" муддатидан олдин чемпионликни ҳал этади. Йўқса, чемпионлик келгуси турга қолади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!