Абдумалик Халоков: "Бу кунни жуда кўп кутгандим"
Тошкентдаги "Ҳумо арена"да бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўз поёнига етмоқда. Бугун иккинчи кунги финал жанглари ўтказилмоқда.
-57 кг вазн тоифасида Абдумалик Халоков кубалик Хорта Родригезга қарши рингга кўтарилди. Беллашувда Абдумалик 5:0 ҳисобида ғалабага эришди.
Шу тариқа, Абдумалик Халоков Ўзбекистон терма жамоасига тўртинчи олтин медални олиб келди. Шунингдек, ҳамюртимиз 200 минг доллар пул мукофотига эга чиқди.
Жангдан сўнг ҳамюртимиз ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- "Бу кунни жуда кўп кутдим, орзу қилгандим чемпион бўламан деб. Мурббийимга, ота-онамга, барча раҳбарларга раҳмат. Менга ишонишди. Мен билан жуда қаттиқ тайёрланишди.
Ростини айтсам, охирги жангимдан сўнг анча "синиб" қолган эдим. Болгариядаги мағлубиятдан кейин фаолиятим орқага кетгандек бўлди. Аммо Даврон ака менга йўл кўрсатди, дарс ўтди ва жуда қаттиқ қўллаб-қувватлади.
Жангларим осон ўтди. Мураббийларим меҳнатлари, ўз меҳнатим ўз самарасини берди. Чиройли ғалаба қозондик. Кубалик боксчини ҳам худди шу тарзда мағлуб этдим.
Мен учун пул муҳим эмас, чунки бу ерда Ўзбекистон шани турибди, шунча халқимиз қараб турибди. Барчани олдида юзим ёруғ бўлди", - деди чемпион.
Фикрлар