Абдуқодир Ҳусанов "Челси"га қарши учрашувларда неча балл олган?
Хабарингиз бор, бугун Англия кубоги финалида Хосеп Гвардиола бошчилигидаги "Манчестер Сити" Лондоннинг "Челси" клуби билан баҳс олиб боради. Ушбу беллашувни эса Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда бошлайди.
Бундан аввал Ҳусанов "аристократлар"га қарши 3 марта майдонга тушган. Дастлабки баҳс вакилимиз учун унча омадли бўлмаган. Манчестерликлар ўтган мавсумнинг иккинчи даврасидаги ўйинда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса ҳам ҳамюртимиз ҳимоядаги бир неча қўпол ҳаракатлари учун паст балл олган (Sofascore - 5.7). Бироқ ундан кейинги икки баҳсда Абдуқодир ишончли ҳаракат қилган.
Жорий йилнинг 4 январь куни бўлиб ўтган беллашувда Ҳусанов иккинчи бўлимнинг 51-дақиқасида жароҳат олган Гвардиолнинг ўрнига майдонга тушган ва 6.7 баллни қўлга киритган. Ўша баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилган, "шаҳарликлар" сўнгги дақиқаларда ўз дарвозасидан тўп олиб чиққан эди.
Бундан ташқари, ушбу мавсум Англия Премьер-лигасининг иккинчи даврасидаги ўйинни ҳамюртимиз асосий таркибда бошлади ҳамда жамоаси 3:0 ҳисобида рақибини таслим этди. Sofascore портали эса Ўзбекистон миллий терма жамоамиз аъзосига 7.7 балл қўйган эди.
Маълумот ўрнида, бугунги тўқнашув Тошкент вақти билан 19:00’да старт олади.

Фикрлар