Абдураимовга ёқмаётган легионерлар "Металлург"дан кетадими? Биринчи даврадан кейин таркибда жиддий ўзгариш бўладими? Жамоа бошлиғи вазият бўйича қандай изоҳ берди?

Бекободнинг “Металлург” клубида қандай ўзгаришлар содир бўлганини биласиз-а? Мавсумнинг дастлабки турларидан кейин бош мураббий Андрей Шипилов истеъфога чиқди, ўрнини Жасур Абдураимов эгаллади. Натижада мураббийлар штабида ҳам ўзгаришлар рўй берди.

Лекин янги мураббий учун “Металлург”даги илк ўйинлар оғир кечди. Абдураимов бошчилигидаги бекободликлар аввалига “Машъал” ҳамда “Пахтакор”га бир хил – 2:1 ҳисобида ютқазишди. Кейинги иккита учрашувда эса вазият ўзгарди. Бекободда “Андижон” (2:0), сафарда эса “Қўқон-1912” (0:1) мағлуб этилди.

Яна шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, “Металлург”нинг жорий йилдаги таркибини Андрей Шипилов тузган. Абдураимов эса у тўплаган футболчилар билан мусобақада иштирок этишга мажбур, ҳеч бўлмаганда биринчи даврага қадар.

Эътибор бераётган бўлсангиз, “Металлург”нинг янги устози матбуот анжуманларида ўйинчиларига, айниқса, легионерларга эътирозини очиқ билдиряпти. Хорижлик футболчи маҳаллий ўйинчилардан ҳар жиҳатдан кучли бўлиши шартлигини таъкидлаб келяпти. Балки шунинг учун бўлса керак, “Металлург”даги легионерларга у қадар ишонмаяпти. Украиналик Евгений Чумак ҳамда россиялик Евгений Макеев Суперлигадаги охирги учрашувларда захирада қолдирилди. Бош мураббийнинг муносабатидан уларга гўёки биринчи даврадан кейин жавоб бериладигандек.

Кўриниб турибдики, мураббий уларни ёқтирмаяпти. Шу сабабли, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида sports.uz мухбири “Металлург” жамоасининг бошлиғи Шавкат Саидов билан боғланди.

саидов_13

Легионерлар тақдири ҳақида  

- Ҳали бу масалада ҳеч қандай гап кўтарилгани йўқ, - деб гап бошлади жамоа бошлиғи. - Лекин хабарингиз бор, бош мураббийликка Жасур Абдураимов олиб келинган. Демак, легионерлар ва маҳаллий футболчилар борасида кимни ўйнаши ёки ўйнамаслиги унинг ваколатида. Кўриб турибсизлар, мураббийларнинг футболда ўз қарашлари бор. Мисол учун Андрей Шипилов билан Жасур Абдураимовнинг футболдаги фалсафаси умуман бошқа-бошқа. Абдураимов кўпроқ ҳужумкор футболни ёқтиради. Шипиловнинг услуби эса тартибли ва ҳимоявий ўйинга кўпроқ мослашган, десак тўғрироқ бўлади. Андрей Сергеевичнинг назарияси бўйича мавсум бошида легионерларни дарҳол қабул қилганимиз йўқ. Уларни тайёр шартномага чақирмаганмиз. Аввало, жамоага келиб кўрикдан ўтишган, сўнгра мураббийлар йиғилишида якуний фикрга келинган ва ҳамжиҳатликда улар билан шартнома тузилган. Ҳозирги ҳолатда эса Абдураимовнинг мураббийлар штаби ўзгарган. Шунинг учун балки айни пайтда легионерлар янгиланган мураббийларнинг услубига мос тушмаётгандир. Балки улар билан хайрлашиши ҳам мумкиндир. Бироқ ҳали бу савол ўртага қўйилгани йўқ. Лекин тан оламан, ушбу савол юзага чиқиши ҳам мумкин. Бош мураббий ўйинлар давомида имконият беряпти. Аммо у ўзининг қатъий фикрида турибди. Яъни, легионер маҳаллий ўйинчилардан бир бош баланд бўлиши керак. Охирги қарор барибир бош мураббийда қолади. Ҳаммасини ўзи ҳал қилади. Гарчи у ўзи ҳал қилган тақдирда ҳам “Металлург” футбол клуби неча йилдирки, бирор-бир мураббий ёки футболчи билан жанжалли тарзда хайрлашмаган. Ҳаммаси билан дўстона хайрлашганмиз. Бундан клуб ҳам, ишлаб кетганлар ҳам зарар кўрмайди. Ҳаммаси регламентда кўрсатилганидек, қонуний бўлади. Агар чиндан ҳам ўйинчилар билан хайрлашадиган бўлсак ҳам ўзаро келишган ҳолда дўстона равишда алоқалар узилади.

“Спартак”нинг собиқ ўйинчиси – Евгений Макеев рақобатда ютқазяптими?

- Макеев бўйича гапирадиган бўлсам, у ўнг қанот ҳимоячиси ҳисобланади. Шипиловнинг ўйин услуби бўйича ўнг қанот футболчисининг вазифалари белгилаб қўйилган ва бу борада Андрей Сергеевичнинг талабига жавоб берарди. Лекин Жасур Абдураимовнинг қараши бўйича ўнг қанот ҳимоячисига жуда кўп вазифалар юкланган. Унда талаб умуман бошқача. Балки шу боис Евгений Макеев мураббий истаётган футболга мослаша олмаётгандир. Шунинг учун Абдураимов ўзининг қарашларида Макеевни кўрмаётгандир. Йил бошидаги учрашувлар ва ўртоқлик баҳсларида ҳам Евгений ўз вазифасини бажарарди. Аммо Жасур Абдураимов нафақат легионерлар, балки ўзимизнинг маҳаллий футболчиларга ҳам талаби жуда катта. Шунинг учун улардан ҳам қониқиш ҳосил қилмаётган бўлса керак. Бу мураббий бир неча йил “Пахтакор”да ишлаган, ёшлар терма жамоасини бошқарган. Фарруҳ Сайфиев, Ҳожиакбар Алижонов каби қанот ҳимоячиларининг ўйинларини талаб қиляпти. Балки унинг қўли остидаги футболчилар эса ҳали бунга тайёр  эмасдирлар. Хуллас, бош мураббийнинг дунёқараши, футболга бўлган услуби бўйича футболчилар ҳам шунга мос бўлиши лозим. Юқорида айтганимдек, якуний қарорни бош мураббий чиқаради. Сабаби, ўйин услубига, жозибадорлигига ва натижасига у жавоб беради. Ким қолади, ким кетади, бош мураббий ҳал қилади.

Металлург

Биринчи даврадан кейин таркибда жиддий ўзгаришлар рўй берадими?

- Жасур Абдураимов биринчи даврадан кейин таркибда жиддий ўзгариш қилишни хоҳлайдими-йўқми, биринчи навбатда барчаси “Металлург” клуби раҳбариятининг молиявий имкониятига боғлиқ. Агар мана шу масала бўйича раҳбарият бош мураббийнинг таклифига розилик билдирса, балки ўзгаришлар бўлиши мумкин. Мабодо, раҳбарият томонидан молиявий томондан қўллаб-қувватлов бўлмаса, таркибдаги ўзгаришлар кейинги йилда қолдирилиши ҳам мумкин. Ҳамма нарса иқтисодий жиҳатга боғлиқ. Барчасини вақт кўрсатади, - деди Саидов.     

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!