"Абрамов менга мотивация берди, ёшлар рақобатда бизни чиқариб юборишлари керак, аммо..." - Баҳодир Насимов суҳбатда яна нималар деди?
Бу йил Суперлигада “отахон” футболчиларидан бири бу Баҳодир Насимов. 1987 йилда туғилган ўйинчи ҳамон спорт формасида.
Самарқандлик ҳужумчи ўзи туғилиб ўсган шаҳар жамоаси – “Динамо” шарафини ҳимоя қилмоқда. Ўтган йили про лигада ўйнади, голлар урди ва клуби билан элитага қайтди. Насимов энди Суперлигада ҳам яна бир бор ўзини синаб кўрмоқчи.
Тажрибали ўйинчи бўлажак мавсум олдидан Sports.uz сайтига интервью берди.
- Янги футбол мавсум старт олмоқда. “Динамо” жамоасини тайёргарлиги қандай бўлди?
- Тайёргарлик яхши бўлди. 2023 йилнинг 4 декабрь кунидан Самарқанд шаҳрида бошлаб, машғулотларни икки маҳалдан олиб бордик. Кўпроқ жисмоний тайёргарликка эътибор қаратилди. Ўзимизда уч ҳафта шуғулландик. Раҳбариятга раҳмат, янги йилдан кейин иккита хориж йиғинини ташкиллаштириб бердилар. Дастлаб Абу-Дабида икки ҳафта шуғулландик. Кейин Анталияга кетдик, у ерда ҳам икки ҳафта мобайнида машғулотлар олиб бордик. Йиғинлар давомида ўртоқлик учрашувларида майдонга тушдик. Бир сўз билан айтганда, биз яхши йиғин ўтказдик, деб ўйлайман.
- “Динамо” чемпионатни Наманганда “Навбаҳор”га қарши ўйин билан бошлайди. Дастлабки турда жамоангизга рақиб сифатида “Навбаҳор”нинг дуч келиши қанчалик қулай ёки ноқулай? Балки, сиз буни хоҳламаганмидингиз...
- “Навбаҳор” билан ҳозир ўйнамасангиз ҳам кейин ўйнайсиз. Шунинг учун фарқи йўқ, ҳозир ҳаммани кучи тенг. Биринчи тур энди бошланяпти, ҳали жамоалар бир-бирини яхши билишмайди. Барибир ҳар бир рақиб билан ўйнаймиз. Яхши тайёргарлик кўриб ўйнасангиз натижа бўлади, деб ўйлайман.
- Ўтган йили про лигада ўйинларингиз ва голларингиз билан “Динамо”ни Суперлигага қайтишига ҳиссангизни қўшдингиз. Элитада эндиликда ёши катта ўйинчилардан бирисиз. Қанчалик тайёрсиз ва кучингиз етадими?
- Машғулотларда кўп ёшларга қарасангиз охиригача чопмайди. Яхши йиғин ўтказса, футболни ҳам шунга яраша яхши ўйнайди. Агар кўнгилдагидек шуғулланмаса қаердадир билиниб қолади. Ўзимни йиғинларда синадим, ҳали кучим бор. Шу боис яна ўйнашга қарор қилдим. Кучим бўлмаса, чарчаб қолаётганимни сезсам фаолиятимни тугатардим. Ёшларга ўрнак бўлиш ва уларга тўғри ўйнашни етказиб бериш керак. Машғулотда ҳам жонини бериши керак, агар бундай бўлмаса натижа бўлмайди. Кўп жойда кўрдик-да. Биринчи навбатда машғулот муҳим. Унда 100 фоиз кучингизни берсангиз расмий ўйинда ҳам ўз сўзингизни айта оласиз.
- Бош мураббий Вадим Абрамов сизни яна майдонда тўп суришингизга муносабати қандай бўлди ёки бошқа иш таклиф қилганмиди?
- Вадим Карленович билан бошқа масалада гаплашмадик, фақат футбол ҳақида. Ўзи ҳам менга ёрдаминг керак, ўйнайсан деб мотивация берди. Бош мураббийнинг сўзлари ва ишончи менга қўшимча куч-қувват бўлади. Ўзим ҳам кўряпман, иқтидорли ёшлар кам чиқяпти-да. 35-36 ёшга кирса дарҳол уни қари футболчига чиқариб қўйишади. Лекин қарилар натижалар қилишяпти, Россия, Европа, бошқа жойларда ва ҳатто ўзимизда ҳам. Ёшлар аксинча рақобатда бизни чиқариб юборишлари керак. Аммо бундай бўлмаяпти. Улар зўр ўйинчи бўламан деса ўз устиларида кўпроқ ишлашлари шарт. Футболни умри қисқа, 40-50 ёшгача ўйналмайди. Футболчи фаолияти мобайнида ўзини кўрсатиши ва пойдеворини яхшилаши керак. Футболдан кейин нима иш қилади? Кейинчалик яна футболда қолиши учун ҳам кўп нарсани билиши лозим. Кўп жойда ўйнадим ва кўрдим. Энг асосийси, жисмоний тайёргарлик экан. Осиё майдонларида ҳам кўряпмиз. Кўп ҳолатларда бизникилар 70-дақиқадан кейин чарчаб қолишяпти.
- Чемпионатимизда тўпурарлар асосан легионерлар орасидан чиқяпти. Ўзимизни ҳужумчилар бу ишни бажара олмаяптилар ва маҳаллий яхши ҳужумчилар қолмади, деган фикрларни кўп эшитяпмиз. Ҳужумчи сифатида бу саволга қандай жавоб берасиз?
- Ҳужумчилар бор. Фақат ўз устида ишлашмайди. Черан ёки бошқаси тажрибали. Улар қаерга очилишни, қандай ҳаракат қилишни билади. Аксарият жамоаларимизда ёш ҳужумчилар тўп суришяпти. Ҳужумчилар ҳам ўз устида кўп ишлашса натижаси бўлади. Ростини айтаман, машғулотдан олдин ва кейин ўз устида ишлаётган футболчиларни кўрмадим. Масалан, ҳар қандай ўйинчини ўзига яраша минус томони бўлади. Ўша жиҳатни плюсга ўзгартириши керак. Нимага гол урмаяпман деб ўша камчилиги устидан кўп ишлаши керак-да.
- Жорий йилги мавсум учун сиз охиргисими?
- Ҳали ўйлаб кўрмадим. Кўрамиз. Соғлигим кўтарса ўйнайвераман. Йиғинларни яхши ўтказдик, ҳозир чемпионатга тайёрмиз. Ўйнайверайлик-чи, у ёғини кўрамиз.
- “Динамо” қишки селекцияда таркибида анча-мунча ўзгаришларни қилди. Клубни вазифаси қанақа ва потенциалини қандай баҳолайсиз?
- Мақсадимиз ҳар бир баҳсга яхши тайёрланиб, ўйинни ютиш. Натижани охирида турнир жадвалида кўрамиз. Чемпионатдан олдин ҳеч нима дея олмайсиз. Бизда кўпи янги футболчилар. Янги ўйинчилар эса бу янги жамоа деганидир. Мисол учун, қайсидир клубда ҳар йили таркиб алмашаверса жамоа сифатида шаклланиши қийин кечаверади. Бир-бирини тушунгунича 15-16 та ўйин керак бўлади. Бизни йигитлар ўсадиган футболчилар.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар