Абрамовдан Латиповгача ёхуд про лигани "ёндирадиган" мураббийлар ва дебютантлар жам бўлганда...

Про лига мусобақасига ҳам Суперлигадан кам бўлмаган даражада эътибор қаратиляпти. Айниқса, ўтган йилги чемпионатда про лига қандай “ёндирилгани”ни кўрдингиз-а?

Янги мавсумда яна кучли интрига бўлиши кутилмоқда. Бунда бош мураббийларнинг ҳам роли катта бўлади. Эътибор бераётган бўлсангиз, про лигада яна номи чиққан ва шу билан бирга дебютант мураббийлар бор. Улар про лигани яна “ёндиради”ларми? Қуйида шу хусусида сўз юритамиз.

Денис Коростиченко – “Локомотив” бош мураббийи

Денис Владимирович мураббийлик фаолиятининг ҳозиргача бўлган давр мобайнидаги катта қисмини “Локомотив” клубида ўтказиб келмоқда. У ўтган вақт давомида турли лавозимларда ишлаб келди. Охирги пайтларда эса Коростиченко бош мураббийлик вазифасини бажаряпти. Ўтган йилги натижалардан хабардорсиз. “Локомотив” мазкур мутахассис билан чемпионатга киришди ва орада истеъфога чиқарилди. Барибир охирида яна Коростиченко бошчилигида якунлашди. Фақат бу сафар у Мирко Йеличич билан тандем сифатида иш бошлади. Гарчи жамоа про лигага тушиб кетганига қарамай, раҳбарият томонидан Коростиченко-Йеличич тандемига яна ишонч билдирилмоқда. Мураббийлар керак бўлса, Суперлигадагидан кўра таркибини янада тажрибали ўйинчилар билан бойитиб олди. Мураббийларнинг вазифаси кундек равшан – клубни Суперлигага қайтариш.

денис111

Вадим Абрамов – “Динамо” бош мураббийи

Коростиченко каби Абрамов ҳам “Динамо” билан Суперлигани тарк этди. Ўтган мавсум ярмидан Самарқанд клубини бошқаришга киришган Вадим Карленовичга жамоани элитада сақлаб қолиш насиб қилмади. Шунга қарамай, Абрамов раҳбарият томонидан қўллаб-қувватланди. Шу сабабдан “Динамо” про лигада мазкур бош мураббий бошчилигида курашга киришди. Вадим Абрамов билан тушиб кетган “Динамо” яна шу мураббий билан Суперлигага қайтиб чиқмоқчи. Буни яхши ҳис қилиб турган мутахассис клубни элитага қайтаришини айтди ва таркибини ўзи истаган ижрочилар ёрдамида кучайтирди. Балки Абрамовнинг илк бор про лигада ишлаши ушбу мусобақадаги интригани янада бойитишига хизмат қилар...

Даврон Файзиев – “Қўқон-1912” бош мураббийи

Қўқонликларнинг қисмати ҳам юқоридаги мутахассисларники каби. Ёдингизда бўлса, Даврон Файзиев Бахтиёр Ашурматовдан кейин “Қўқон-1912” бош мураббийи лавозимига тайинланганди. Бироқ муваффақиятсиз натижалар туфайли Файзиев клубни кучлилар орасида сақлаб қолишни уддалай олгани йўқ. Қишда турли гап-сўзлар пайдо бўлди ва бошқа мутахассис келиши мумкинлиги ҳам айтилди. Лекин амалда барча тахминлар тўғри бўлиб чиқмади. Даврон Файзиев билан ҳамкорлик яна давом эттириладиган бўлди. Раҳбариятнинг ишончи сабабли жиззахлик мутахассис Қўқондаги фаолиятини давом эттирмоқда. Катта эҳтимол бу унинг учун охирги имконият. Чунки ҳамма тушуниб турибдики, “Қўқон-1912” шу йилнинг ўзидаёқ Суперлигага қайтмоқчи. Ҳозирча дастлабки иккита турдан кейин уларнинг ҳисобида 4 очко бор.

Дилявер Ваниев – “Машъал” бош мураббийи

Охирги йилларда “Машъал” клуби про лига билан овора бўлиб қолаётганини сезаётгандирсиз. Жамоа ҳали Суперлигага қайтишга тайёр эмасдек тасаввур уйғотмоқда. Албатта, янги бошланган чемпионатда қандай бўлишини билмаймиз-у, лекин “Машъал” про лиганинг жорий мавсумини кетма-кет иккита мағлубият билан бошлади. Бош мураббий ўша-ўша Дилявер Ваниев. Анчадан бери “Машъал”ни бошқариб келмоқда. Биласиз, у ўйинчи сифатида ҳам муборакликлар сафида анча вақт тўп сурган. “Машъал”га садоқатли инсон сифатида мураббийлик вазифасида ҳам жамоани бошқариб келяпти. Бироқ ҳозирча натижалар кутилган даражада эмас. Бу йил ҳам Ваниев клубда ўз постида қолган. Натижа қандай бўлишини чемпионат охирида биламиз. Аммо “Машъал” ҳам фаворитлар қаторида.

ваниев

Алексей Евстафеев – “Шўртан” бош мураббийи

Ўша сиз яхши билган мураббий – Алексей Евстафеев Россиядаги фаолиятидан сўнг ниҳоят яна Ўзбекистон чемпионатига қайтди. Унга “Шўртан” клуби томонидан жиддий таклиф келиб тушгани сабабли Алексей Владимирович Ғузор жамоасини бошқаришга рози бўлди. “Шўртан” Евстафеев учун ўзини яна бир бор кўрсатиш учун имконият десак бўлаверади. Ҳозирча старти чакки эмас. Дастлабки турда Ғузорда “Қўқон-1912”га 0:3 ҳисобида ютқазаётиб 3 та гол урган ҳолда мағлубиятни ғалабага тенг дурангга ўзгартира олиш учун характер топа олган бўлса, 2-турда Бухорода “Ғиждувон” 1:2 ҳисобида мағлуб этилди. “Шўртан” жамоаси аста-секин янги мураббийнинг услубини ўзлаштириб боряпти. Лекин бунинг самарасини олий ҳакам – вақт кўрсатади.

Руслан Аҳмедов – “Хоразм” бош мураббийи

Ўтган йили Аҳмедов бошчилигидаги “Хоразм” анча тажовузкор жамоа сифатида таассурот қолдиргани ёдимизда. Айниқса, етакчиларга қарши ўйинларда янада хавфли жамоага айланганди. Янги мавсумда ҳам амалдаги бош мураббий Руслан Аҳмедов вазифасини давом эттирмоқда. Ўзининг режасига асосан қишда жамоани тайёрлади. Бу йил “Хоразм” ўтган йилгидек хавфли рақибга айланиши кутилмоқда. Зеро, бош мураббий жамоада қолгани ҳам бунинг асосий сабабларидан бири. Бироқ “Хоразм” бу йил Руслан Аҳмедов билан Суперлига йўлланмасини қўлга кирита оладими ёки йўқми, бу енгил масала эмас. Чунки про лигада фаворитлар бор.

руслан1

Геннадий Кочнев – “Ғиждувон” бош мураббийи

Ўтган йили про лигада Бухородан иккита қатнашчи бор эди. Вилоятнинг бош жамоаси Суперлига йўлланмасини қўлга киритгач, биргина “Ғиждувон” қолди. Клубни бухоролик маҳаллий мураббий Геннадий Кочнев бошқаряпти. У бошқарув постига ўтган мавсумнинг ярмида келди. Жорий чемпионатда ҳам у “Ғиждувон”га устозлик қиляпти.

Рашид Ғофуров – “Навбаҳор-фарм” бош мураббийи

Мухлислар учун жуда яхши таниш бўлган Рашид Ғофуров охирги йилларда “Навбаҳор-фарм” жамоасига устозлик қилиб келаётганини билсангиз керак. Биринчи лигада ғолибликни қўлга киритган Ғофуров жамоаси бу йил про лигага қадам қўйди. Унинг мақсади “Навбаҳор”нинг асосий жамоаси учун муносиб ўйинчиларни тайёрлаб беришдан иборат. Бу йўналишда Рашид Ғофуровнинг имконияти юқори баҳоланяпти.

Неъматилла Қуттибоев – “Арал” бош мураббийи

Ўзбек футболининг яна бир таниқли инсонларидан бири, футболчиликдан сўнг ўзини мураббийликка бағишлаган Неъматилла Қуттибоев “Арал” билан бирга илк бор про лигада иштирокини бошлади. Унинг ва клубининг дебюти қандай бўлишини кузатиш албатта қизиқ. Ўтган йили биринчи лигада муносиб иштирок этганини биламиз. Бу йил про лигада қатнашиши боис таркибини ҳам кучайтирди, янги номлар таклиф қилинди. Неъматилла Қуттибоев “Арал”нинг натижаларини про лигада қанчалик яхшилай олишини биргаликда кузатамиз.

Шохруҳ Ишанов – “Андижон-SGS” бош мураббийи

Ушбу ёш клуб ҳам про лигада дебют мавсумини бошлади. Шунга мос равишда бош мураббийи Шохруҳ Ишанов ҳам про лигада илк бор кўриниш бермоқда. 2022 йили биринчи лигада қатнашгани ёдингизда бўлса керак. Янада кучлироқ чемпионатда уларни мураккаб баҳслар кутяпти.

ишанов_1

Алишер Латипов – “Юниред” бош мураббийи

Самарқанднинг “Юниред” жамоаси ҳам “Навбаҳор-фарм”, “Андижон-SGS”, “Арал” каби про лигада дебютини ўтказяпти. “Юниред”нинг лойиҳаси истиқболли кўринаётгани учун ҳам бу йил про лигада қатнашишига рухсат берилди. Бош мураббий Алишер Латиповнинг зиммасида жуда масъулиятли вазифа турибди. Боиси, у “Юниред”ни дебют иштирокида про лигада сақлаб қолиши керак.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!