Абрахамнинг жони темирдан, Шомуродов эса аламзада Моуриньонинг фикри ўзгаришини кутишга мажбур!
Италия кубогининг “Интер”га қарши чорак финал учрашувида “Рома” мағлубиятга учраб, турнирни тарк этгани етмаганидек, етакчи ўйинчиларининг жароҳат олганини ҳам ҳазм қилишга мажбур.
Хусусан, ҳимоянинг мустаҳкамлигини таъминлаб келаётган Рожер Ибаньес Миландаги ўйиннинг иккинчи ярмига чиқа олмади.
23 ёшли ҳимоячи чап тиззасида оғриқ ҳис қилмоқда ва мураббийлар штаби бу ўйинчининг жароҳати чуқурлашиб кетмаслиги учун кейинги баҳсдан озод қилишга қарор қилди. Энди бразилиялик ҳимоячи қўшимча текширувдан ўтказилади ва шикастланиш даражаси аниқланади.
Шунингдек, римликларнинг асосий ҳужумчиси Тэмми Абрахам ҳам “Интер”га қарши учрашувнинг охирида чап сони мушакларидаги оғриқ сабабли захирага олинган эди.
Англиялик тўпурар жароҳатлангани ҳақидаги хабар тарқалгач, кўпчилик мухлислар ниҳоят Жозе Моуриньо Элдор Шомуродовга имкон берилишини тахмин қилаётганди. Чунки, 13 февраль куни “Сассуоло” меҳмони бўлиши керак.
Клуб мутасаддилари Абрахамни пойтахтдаги Villa Stuart клиникасида чуқурлаштирилган текширувдан ўтказди. Тиббий кўрик 24 ёшли ҳужумчининг жароҳати жиддий эмаслигини тасдиқлади. Абрахам ўзини яхши ҳис қилаётгани ва якшанба куни бўладиган ўйинда албатта майдонга тушишини таъкидламоқда.
Тэмми Абрахам жорий мавсумда барча турнирларда 32 та учрашув ўтказиб, рақиблар дарвозасини 17 маротаба ишғол қилди ва тўрт марта жамоадошларини голли пас билан таъминлади.
Англиялик ҳужумчи трансфер қилинганидан кейин захирадан ўйинга туширилиб келаётган Шомуродовнинг кейинги пайтда омади чопмаяпти. Жозе Моуриньо “Ювентус”га қарши ўйиндаги аламли мағлубиятда легионеримизни айблаганидан кейин унга имкон бермаяпти. Шомуродов кейинги ўйинлардан бирида гол урган бўлишига қарамай, португалиялик мутахассис уни бошланғич таркибга киритмади. Энди эса, кетма-кет иккинчи марта захирадан ҳам ўйинга қўшгани йўқ.
Ҳамюртимиз кайфияти тез-тез ўзгариб турадиган устозининг ишончини қайта қозониши учун анча тер тўкиши керак бўлади. Элдор Римга келганидан бери 27 та учрашувда атиги 943 дақиқа ҳаракат қилди ва ўз ҳисобига тўртта гол, бешта ассист расмийлаштирди.
Спинаццола муҳим текширувга боради
Ўтган йили ёзда Европа чемпионатида жароҳат олган Леонарда Спинаццола ҳал қилувчи тиббий текширувга борадиган бўлди.
“Рома” марказий ҳимоячи ўтган йил охирида майдонга қайтиши кутилганди. Бироқ, у жароҳатидан тўлиқ тиклана олмади. Тиббиёт ходимлари футболчи келаси мавсумгача майдонга қайта олмаслигини ҳам таъкидламоқда.
Шу кунларда 28 ёшли футболчи ўзини операция қилган жарроҳ Лассе Лемпайнен бошчилигида муҳим текширувдан ўтади. Профессор Лемпайнен “Рома” қароргоҳига шахсан ўзи келади ва икки кун давомида Спинаццолани махсус тестдан ўтказади.
Бу кўрик, ўйинчининг қачон сафга қайтишига ойдинлик киритиши керак. Агар натижалар яхши чиқса, Леонардо келаси ҳафтадан машғулотларга қўшилишига рухсат берилиши кутилмоқда.
У Моуриньога ёқмай қолди!
“Рома”нинг аввалги мураббийи Пауло Фонсека даврида асосий таркибнинг муқим ўйинчилари бўлган Жордан Веретунинг ўйини Жозе Моуриньога унчалик маъқул келмаяпти. Айниқса, “Сан-Сиро”да “Интер”га бой берилган баҳсда унинг ҳаракатлари бош мураббийни қониқтирмагани ҳақида хабарлар чиқяпти.
Франциялик ярим ҳимоячига ўз юрти ва Англиядан таклифлар бўляпти. Январда ўз мақсадига етолмаган “Тоттенхэм” ёзда Верету трансферини ҳал қилмоқчи. “Рома” бу ўйинчини 25 миллион еврога баҳолаган.
“Бўрилар” раҳбарияти ёзги трансферлар вақтида Веретудан ташқари Рожер Ибаньес, Рик Карсдорп, Карлес Перес, Стефан Эл-Шаарави ва Генрих Мхитарян билан хайрлашишга тайёрланмоқда.
Фикрлар