Агар Ашурматов "Турон" билан яна қониқарсиз натижа қайд этса...

Суперлиганинг 3-туридаги охирги ўйин Яйпанда “Турон” ҳамда “Сурхон” клублари иштирокида бўлиб ўтади. Айнан мазкур қарама-қаршилик орқали тур якунига етади. Лекин ушбу охирги учрашувга ҳам мухлислар бефарқ эмаслар. Боиси, бу учрашувга қизиқиш юқорилигининг ўзига яраша сабаблари бор.

Про лигадан яна Суперлигага қайта олган “Турон”нинг элитага қайтиши ҳозирча суюкли ишқибозлари кутган даражада омадли чиқмаяпти. Бу худди 2021 йили Суперлигадаги стартини эслатиб юборяпти. Яхши биласиз, Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги “Турон” катта мақсадлар билан жорий мавсумда иштирокини бошлаганди. Бироқ ҳозирча натижалар қониқарсиз. Аввалига илк турда “Бухоро”ни қабул қилган “Турон” 1:2 ҳисобида ютқазиб мухлисларини ранжитиб қўйди. Айниқса, рақибдан бир футболчи кўп бўлиб ҳаракат қилган “Турон”нинг бундай мағлуб бўлиши раҳбарият ва мураббийларни ҳам хафа қилди. 2-турда эса Қаршида “Насаф”га муносиб ўйин таклиф қила олди. Учрашув 1:1 ҳисобида дуранг билан тугаётган бир маҳалда “Турон” қўшиб берилган дақиқанинг охиргисида иккинчи голни ўтказиб юборди ва кетма-кет иккинчи учрашувда ҳам жуда аламли мағлубиятни қабул қилиб олишига тўғри келди.

турон2

3-турда мезбонларни ғалабадан бошқаси қониқтирмаслигини улар яхши сезиб туришибди. Бунинг устига таркиби кучайтирилган. Яхши номлар бор. Ашурматов ҳам Суперлигада тезроқ “Турон” билан ғалаба ҳисобини очиш илинжида юрибди. Бу борада улар учун “Сурхон” қулай рақибми? Клубларнинг ўзаро ўйинлар тарихи қандай? Ҳозирча учрашувлар статистикаси олисларга бориб қадалмайди. Яқин икки йиллик уларни ўзаро ўйинлари ҳақида “сўзлайди”. “Турон” ва “Сурхон” жамоалари илк бор 2021 йилги мавсумнинг биринчи даврасида 19 май куни тўқнаш келишган. Ўшанда “Сурхон” мезбонлиги остида ўтган баҳсда ягона гол “Турон”нинг мағлубияти учун етарли бўлган. Иккинчи даврадаги беллашувда томонларнинг кучи тенг келган – 1:1. Навбатдагиси уларнинг ўзаро учинчи учрашувига айланади.

Кўриб турибсизки, “Турон” клуби ҳали “Сурхон”ни мағлубиятга учратишнинг уддасидан чиқа олмаган. Дарвоқе, бўлажак ўйинда меҳмонлар сафида Артём Филипосян жамоасига ёрдам бера олмайди. У ҳамон дисквалификация муддатини ўтаяпти. Шу боис ушбу футболчининг “Сурхон”даги дебюти чўзиляпти. “Турон”да эса бундай ўйинчилар йўқ. Лекин бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов учун жуда муҳим. Юқорида айтганимиздек, у Суперлигада “Турон” устози сифатида тезроқ ғалабали ҳисобини очишни истамоқда. Дастлабки иккита баҳсда бунинг иложини қила олмади. “Сурхон” билан учрашувда яйпанликлар ғалабага тўлиқ ишонишяпти.

сурхон фанат

“Сурхон” дастлабки турда ОКМКга 1:3 ҳисобида мағул бўлди. 2-турда “Андижон”ни 1:0 ҳисобида енгди. 3-турда ниҳоят сафарда ўйнайди. Шундай экан, термизликларни меҳмонда қандай ўйин кўрсатишини кўрамиз. Барибир кўпчилик мезбонларнинг имкониятини юқорироқ баҳолашяпти. Агар “Турон” Ашурматов бошчилигида яна қониқарсиз натижа қайд этса нима бўлишини биласизми?

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!