"Агар белгиланган муддатгача қарзни узишмаса ФИФАга мурожаат қиламан" ёхуд легионеримиз клубдан кетди!
Бир йил давомида Малайзия чемпионатида тўп сурган ҳамюртимиз Суҳроб Нуруллоевнинг “Кедах” клубидаги фаолияти якунланди. Ҳамюртимиз яхши таассурот қолдирди. Бироқ кейинчалик жамоасида муаммолар кўзга ташлана бошлади. Бу албатта ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Суҳроб Нуруллоев эса Sports.uz журналистининг саволларига жавоб берди.
- Суҳроб, сиз Малайзия чемпионатида дебют мавсумингизни ўтказдингиз. Қандай таассуротлар қолди?
- Ҳа, мен биринчи марта легионер бўлиб чет давлатда ўйнаяпман. Таассуротларим яхши. Бу ерда кўпроқ тажрибага эга бўлдим, деб ўйлайман.
- "Насаф"ни тарк этиб "Кедах" клубига ўтган чоғингизда жамоангизда вазият қандай эди ва ҳозир қандай ҳолатда?
- Бу ерга келган пайтим жуда яхши эди. 3 ойдан кейин ҳамма муаммолар бошланди, албатта, молиявий тарафдан. Ҳалигача катта муаммолар бор.
- Ҳозиргача у ерда 13 та ўйинда 2 та гол ва 1 та ассистни бажардингиз. Бу натижа сиз учун қониқарлими?
- Йўқ, бу ерда мен 12 та ўйинда 3 та гол урдим ва 4 ассистни амалга оширдим. Лекин бундан-да яхшироқ натижа қиламан, деб ният қилгандим.
- Эшитишимча, клубни футболчилардан қарздордлиги бор экан. Қарздорликни ҳал қилишдими?
- Ҳа, бу тўғри. 7 та ойлик маош қарзи бор ва ҳалигача ҳал қилгани йўқ. Бу ҳар бир спортчи учун хориж давлатида жуда қийин бўлса керак.
- Клубдан ҳақингизни ундиришга ишоняпсизми? Бунинг учун қандай чоралар кўриляпти?
- Ҳа, аллақачон клуб билан келишиб олганмиз ва улар мендан вақт сўрашди. Агар ўша вақтгача қарзларини узишмаса унда ФИФАга мурожаат қиламан.
- "Кедах" билан хайрлашасизми? Кейинги режангиз қандай?
- Шартномам апрелгача. Аммо клуб билан келишган ҳолда хайрлашдим. Чунки бундай ҳолатда хорижда яшаш анча қийин.
- Олдингизда қандай таклифлар бор ва ҳозирда музокаралар қандай давом этмоқда?
- Ўзбекистондан ва бошқа давлатдан таклифлар бор. Худо хоҳласа, бирортасини кўриб чиқиб, яқин кунларда ўз қароримни айтаман.
- Умуман, фаолиятингизни Малайзияда давом эттираётганингиз эвазига нимага эришдим, деб ўйлайсиз ёки аксинча...
- Малайзияда футбол тарафлама анча ўсдим, дея оламан. Чунки барибир легионер бўлиб тўп суриш футболчига бошқача ишонч беради. Ҳозир ҳамма жойда футбол ўйнаш қийин. Қолаверса, бу ерда иқлим жуда иссиқ. Мослашишга ҳам вақт кетиб қолади.
- 2025 йилда нимани кўзлаяпсиз, мақсадингиз қандай?
- Худо хоҳласа, 2025 йилда ҳаммамизга омад тилайман. Бундан ҳам яхши ўйнаб совринларни қўлга киритишни ният қиляпман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар