
Агар Файзуллаев ЦСКАдан кетса...
Аббосбек Файзуллаевнинг Европага йўл олиши ҳужумкор футболчимизнинг 2023 йил август ойида “Пахтакор”дан ЦСКАга кўчиб ўтганидан бери энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланган.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатига чиққанидан кейин ва бу муваффақиятда Аббоснинг ҳам ҳиссаси катталигини инобатга олиб, Файзуллаевнинг келажаги ҳақидаги муҳокамалар яна авжига чиқди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, яқинда ўз сафига Элдор Шомуродовни қўшиб олган “Истанбул Башакшеҳир” Аббосбек Файзуллаевни трансфер қилиш ҳаракатида экан.
Аббоснинг биринчи мураббийи Дмитрий Ан шогирдининг ЦСКАдан кетиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларга муносабат билдирди.
- Мен Аббос билан унинг келажаги ҳақида гаплашишни истайман. Клуб раҳарияти ва мухлислар учун унинг жамоада қолиб, охиригача ўйнаб бериши яхши.
ЦСКАнинг ашаддий мухлислари Аббос клуб билан янги шартнома имзоламаётганидан хафа бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқаляпти. Агар Аббос кетса ҳам, жамоани муносиб тарзда тарк этади. Ҳозир Файзуллаев кам ўйин амалиётига эга бўляпти. Унинг асосий таркибдан мустаҳкам жой олишини истаймиз. Лекин мен янги мураббий билан вазият қандай эканини билмайман.
ЦСКА раҳбарияти бу вазиятга профессионалларга хос ёндашади. Улар Аббос масаласида тўғри қарор қабул қилади, - деди Дмитрий Ан.
Аббос Файзуллаев учун 2025 йил муваффақиятли ўтмоқда. 21 ёшли ҳужумкор футболчи Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тарихда илк бор жаҳон чемпионатига чиқишига ўз ҳиссасини қўша олди.
Клублар миқёсида ҳам легионер сифатида илк ютуқларини қўлга киритди. Россия Премьер-лигасининг бронза медалини қўлга киритган Файзуллаев Россия кубогига ҳам эга чиқди. Ёзда яна бир расмий учрашув – Россия Суперкубогида “армиячилар” мамлакатнинг амалдаги чемпиони “Краснодар”ни енгиб, бош соврин соҳиби бўлди.
Аббосбек Файзуллаев бир йилда ҳам Россия кубоги, ҳам Суперкубогига сазовор бўлган биринчи ўзбек футболчиси сифатида ўз номини тарихга ёздириб қўйди.
2023 йилнинг августидан бери ўзбекистонлик легионер “армиячилар” жамоасида жами 72 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини саккиз маротаба ишғол қилган ва жамоадошларига 22 та голли пас узатган.
Transfermarkt портали экспертлари томонидан саккиз миллион еврога баҳоланаётган Аббосбек Файзуллаевнинг ЦСКА билан тузган шартномаси 2026 йилнинг ёзигача давом этади. Томонлар ўзаро келишган ҳолда ҳамкорликни яна бир йилга узайтириши мумкин.
Тезкор: Файзуллаев трансферига нарх белгиланди!
Ҳусановга хушхабар!
Ўзбек легионери трансфердан норози фанатларга зўрлигини исботлаши керак!
Фикрлар