АГМК - "Истиқлол" учрашуви учун превью

Хабарингиз бор, бугун ОЧЛдаги иккинчи жамоамиз АГМК 2-тур учрашувида майдонга тушади. Вакилларимизга Тожикистоннинг "Истиқлол" клуби рақиблик қилади. Ушбу баҳс олдидан клуб матбуот хизмати баъзи маълумотларни тақдим этди:

"Жорий йил ОЧЛ гуруҳ босқичида дебют қилаётган мазкур жамоалар 2019 йилда ОЧЛ саралаш босқичи доирасида Олмалиқда ўзаро тўқнаш келган ва драматик кечган баҳсда жамоамиз ажойиб камбэкни (4:2) амалга оширганди.

Орадан икки йил ўтиб, жамоалар ниҳоят Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига йўлланма олишни уддалди ҳамда бир гуруҳда жойлашди.

2019 йилги таркибдан 8 нафари Суҳроб Султонов, Мирғиёс Сулаймонов, Бобур Йўлдошев, Сардор Раҳмонов, Миржамол Қосимов, Дилшод Жўраев, Жасур Умаров, Зафар Полвонов ҳозир ҳам жамоамиз шарафини ҳимоя қилади. Ўшанда Султонов ва Умаровдан ташқари 6 нафар футболчи "Истиқлол"га қарши баҳсда иштирок этган ва голларни Жўраев (дубль), Полвонов ва ўтган мавсум аввалида жамоадан кетган Шихов ҳамда Ҳакимов киритганди.

"Истиқлол"ни айни пайтда Виталий Левченко бошқармоқда. ОЧЛда эса бош мураббийда Про лицензияси бўлмагани боис ёрдамчи мураббий Мубин Эргашев расман бош мураббий сифатида кўрсатилган. Жамоа мусобақанинг илк турида "Шабаб Ал-Аҳли" билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади ва гуруҳда 2-тур олдидан барчада бир хил 1 очкодан мавжуд.

Миржалол Қосимов бошчилигидаги жамоамиз бугун ўйинолди расмий машғулотини клуб ихтиёрига фойдаланиш учун топширилган майдонда ўтказди. Жамоа дербига жиддий тайёрланди ва футболчилар кўтаринки кайфиятда бўлажак баҳсга тараддуд кўришмоқда.

АГМК мазкур турда "Истиқлол" билан ўйнаса, параллель равишда гуруҳдаги бошқа рақибларимиз "Шабаб Ал-Аҳли" "Ал-Ҳилол" билан беллашади. Ўйинлар Тошкент вақти билан соат 23:59да бошланади",-дейилади клуб хабарида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсун Ғани
18/04/2021 16:57
Бугун АГМК Ажойб ғалабаси билан ҳаммамизни ҳурсанд қилади деб ишонамиз. Бу рақиб жамоа учун қулай рақиб. Саудия жамоаси билан дурранг ўйнади. шу кайфиятида Эронни Истиқлоли бўлса ҳам ютарди Қосимов шогирдлари. Нима дедизлар...