АГМК - "Насаф". Енгилмас жамоалар қарама-қаршилиги

Coca Cola Суперлигаси 7-турида АГМК - "Насаф" учрашуви ўтказилади. Олмалиқликлар матбуот хизмати ўйинга оид маълумотларни тақдим этди.

Ўзбекистон чемпионати доирасида 2008 йилдан буён давом этаётган қарама-қаршилик: АГМК - "Насаф" тўқнашувида 27-беллашув.

Ҳозирга қадар ўтказилган 26 учрашувда олмалиқликлар 4 ғалаба, 9 дуранг ва 13 мағлубият қайд этган. Бу борада устунлик "Насаф" тарафида. Тўплар нисбати ҳам қаршиликлар фойдасига: 23-41.

Айни пайтда жамоалар чемпионат турнир жадвалида деярли ёнма-ён туришибди. АГМК якунланган 6-турдан кейин 14 очко билан 2-ўринни банд этиб турган бўлса, "Насаф" 12 очко тўплаган ҳолда 4-ўринда бормоқда.

АГМК чемпионатда қаторасига 4 ўйиндан буён ғалаба қозонаётган бўлса, "Насаф" карантиндан кейинги ҳамма ўйинда дуранг ўйнамоқда. Эътиборли тарафи, ўтган турда ҳам АГМК кетма-кет 3 дуранг қайд этган "Машъал"ни меҳмон қилганди. Бу гал ҳам АГМКнинг навбатдаги рақиби Олмалиққа қаторасига 3 дуранг қайд этган ҳолда ташриф айламоқда.

Мазкур баҳс шубҳасиз турнинг энг марказий тўқнашуви. Биринчидан, турнир жадвали эътибори билан ҳам бўлажак ўйиннинг аҳамияти юқори ва учрашув 6 очколик қадрга эга. Қўшимчасига, жорий мавсум Суперлигада ҳозирча умуман мағлубиятга учрамаган икки енгилмас жамоаларнинг ўзаро баҳсида тарози палласи кимнинг фойдасига тортилади, бу ҳам кўпчиликни қизиқтирмоқда.

"Насаф" ўтказилган 6 ўйиндан 3тасида ғалаба қозонган ва 3 дуранг ўйнаган. "Насаф"нинг киритган голларига Бобир Абдихолиқов (4), Шароф Муҳитдинов (2), Марко Станоевич (2) ва Ойбек Бозоров муаллифлик қилган.

Тошкент вилояти жамоаси чемпионатда энг кам гол (-2) ўтказиб юборган. АГМКнинг киритган голларига Мате Ватсадзе, Игорь Зонич, Муроджон Тошматов, Ҳожимат Эркинов, Элгужа Григалашвили ва Баҳром Абдурахимов муаллифлик қилган.

АГМК Ўзбекистон миллий чемпионатида ўтказган 345 ўйиндан 123тасида ғалаба қозонган, 150 мағлубият ва 72 беллашувда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати: 472-503.

АГМК - "Насаф" учрашуви 2 июль куни Олмалиқдаги ОКМК спорт мажмуасида соат 20:00да бошланади. Ўйин карантин талаб ва қоидаларига мувофиқ тарзда томошабинларсиз ўтказилади.

Учрашувни МТРК тармоғидаги "Оилавий" канали жонли эфирда намойиш қилади.

Суперлига, 7-тур
2 июль, пайшанба.
АГМК – НАСАФ
Ҳакамлар: Жасур Мухторов, Руслан Серазитдинов, Ҳусниддин Баҳодиров, Достонбек Раҳмонов
Назоратчи: Тимур Абдуллаев
Комиссар: Лазиз Қўчқоров

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!