АГМК, "Пахтакор", "Насаф" ва "Навбаҳор" ОЧЛда қатнашиши учун лицензияни қўлга киритиши шарт!
ОФК назорати остида ҳар йили профессионал футбол клубларини лицензиялаш жараёни ўтказилади. Ундан кўзланган асосий мақсад – футбол клубларининг профессионал мақомга мос иш юритишини таъминлаш, клублар инфратузилмасини яхшилаб бориш саналади.
ЎзПФЛ бу борада ОФК билан кенг мулоқотга киришаётгани, лицензиялаш жараёнига жиддий аҳамият бераётгани маълум. Ўзбекистон юқори дивизион билан биргаликда иккинчи даражали мусобақа клубларини ҳам лицензиялашдан ўтказадиган қитъанинг кам сонли мамлакатлардан бири саналади. Ҳаракатлар самара бераётганини эътироф этиш даркор.
2023 йилдан ОФК клублар мусобақаларини куз-баҳор даврида ўтказади. Шундан келиб чиқиб, лицензиялаш жараёни муддатларига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Илгари октябрда якуний натижалар эълон қилинган бўлса, эндиликда ОФК лицензиясини қўлга киритган клублар номи май ойида маълум бўлади.
Ўз-ўзидан 2023 йилнинг январь ойидан лицензиялаш жараёнлари старт олади. Унда Суперлига ҳамда Про лига иштирокчи жамоалари қатнашади. Клублар январь ва февраль ойларида спорт, инфратузилма, персонал (ишчи-ходимлар ва мураббийлар) ҳамда ҳуқуқий мезонлар бўйича ҳужжатлар тўпламини AFC CLAS онлайн платформасига юклайди. Март ва апрель ойларида эса молиявий мезон бўйича ҳужжатлар тақдим этилади. Май ойи сўнггида лицензиялаш натижалари маълум бўлади.
Маълумот учун, ушбу лицензиялаш 2023 йилнинг август ойида старт оладиган Чемпионлар лигаси янги мавсумида иштирок этувчи клублар учун муҳим аҳамият касб этади. Чунки қитъа футбол уюшмаси айнан лицензиялаш натижаларига кўра ОФК лицензиясини қўлга киритган клубларгагина мусобақада қатнашишга рухсат беради. Шундан келиб чиқиб, АГМК, “Пахтакор”, “Насаф” ва “Навбаҳор” Чемпионлар лигасида тўп суриши учун лицензия қўлга киритилиши шарт.
ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар