АГМК жамоаси бронза медаллари билан тақдирланди

Бугун Олмалиқ шаҳридаги «Металлург» маданият саройида Ўзбекистон миллий чемпионатида тарихда илк бор совринли ўринни қўлга киритган АГМК жамоасига бронза медаллари тантанали равишда топширилди.

Тадбирда Олмалик Кон Металлургия Комбинати бошқарув раиси, клуб президенти — Хурсанов Абдулла Холмурадович сўз олиб, мураббийлар штаби ва футболчиларни мавсумда эришган тарихий муваффақият билан самимий табриклади ҳамда келгуси мавсумда халқаро майдонда мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишлари йўлида омад тилади.

Шу ўринда, АГМК жамоаси бош мураббийи — Миржалол Қосимов ҳам сўзга чиқиб, қийин ўтган пандемик шароитга қарамасдан, доимо қўллаб-қувватлаб келган ОКМК ва «SFI Management Group» компанияси раҳбариятига жамоа номидан алоҳида раҳмат айтди. Шунингдек, Миржалол Қосимов жамоани йил давомида қўллаб-қувватлаб келган мухлисларга миннатдорлик билдирди.

Шундан сўнг, тадбирда сўзга чиққан ЎФА вице-президенти Шоакрам Исроилов АГМК жамоасини бронза медаллари билан табриклаб, келаси мавсумда халқаро аренада муваффақият тилади.

Тантанали тақдирлаш маросимида ОКМК бошқарув раиси Абдулла Хурсанов, ОКМК ижтимоий масалалар бўйича бошқарув раисининг ўринбосари Улуғбек Фаязов, Олмалиқ шаҳри ҳокими Қобилбек Ҳамдамов, ЎФА вице-президенти Шоакрам Исроилов ва ЎФА Бош котиби Аваз Максумов АГМК жамоаси мураббийлар штаби, клуб раҳбарияти, футболчилар ва ходимларга бронза медалларини топширишди.

Сўнгра клуб матбуот хизмати томонидан ўтказилган «Мухлислар эътирофи» номинациялари бўйича ғолиб чиққанларга ўз совринлари топширилди.

polvonov

• «Энг яхши дарвозабон» — Валижон Раҳимов

• «Энг яхши ҳимоячи» — Сардор Раҳмонов.

• «Энг яхши ярим ҳимоячи» — Жасур Умаров.

• «Энг яхши ҳужумчи» — Зафар Полвонов.

• «Энг чиройли гол муаллифи» — Санжар Турсунов.

• «Энг яхши футболчи» — Бобур Йўлдошев.

АГМК клуби томонидан Олмалиқ шаҳар ҳокими Қобилбек Ҳамдамов, «SFI Management Group» компанияси масъулларига ва комбинат раҳбариятига миннатдорлик тариқасида эсдалик совғалари тақдим этилди.

Тадбирда «Матонат» ногиронлар футболини ривожлантириш маркази масъуллари ҳам иштирок этишди ва уларни йил давомида қўллаб-қувватлаган комбинат раҳбариятига миннатдорчилик билдиришди. Шунингдек, ОКМК раҳбариятига «Матонат» жамоасининг эсдалик совғалари топширилди.

mato

Шунингдек, ОКМК бошқарув раиси Абдулла Хурсанов «Матонат» жамоаси футболчилари ҳақиқий мардлик тимсоли эканлигини таъкидлаб, комбинат уларни доим қўллаб-қувватлашини билдирди.

Тадбир давомида «Металлург» Маданият Саройи бадиий жамоалари ўз дастурлари билан чиқиш қилишиб, залда йиғилганларга маданий ҳордиқ тақдим этишди.

Шундан сўнг АГМК жамоаси тўлиқ делегация билан комбинатга ташриф буюриб, ишчилар билан учрашув ўтказди ва бевосита комбинатдаги иш жараёнлари билан яқиндан танишди. Комбинат ишчилари эса ўз навбатида жорий йил Олмалиқ шаҳрининг том маънодаги қаҳрамонларига айланган АГМК жамоаси билан эсдалик суратларини тарихга муҳрлашди. Учрашув самимий руҳда ва аъло кайфиятда ўтди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!