"Аҳал" бош мураббийи: "Насаф" доим кучли жамоа бўлиб қолаверади ва биз жангга тайёрмиз!
ОФК кубоги ҳудудий финал босқичи доирасидаги "Насаф" - "Аҳал" учрашуви олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида меҳмонлар мураббийи Бегенч Гараев ўйин ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
"Биринчи навбатда, бизни илиқ кутиб олганингиз учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Барчангизни келаётган Мустақиллик байрами билан табриклайман. Ҳар иккала жамоани жуда юқори даражадаги учрашув кутиб турибди.
"Насаф" катта тарихга эга кучли клуб ва биз уларни етарлича ўрганиб чиқдик. Улар ОФК кубогида аввал ҳам чемпионликни қўлга киритган. Бироқ биз осонликча таслим бўлмаймиз. Барчаси майдонда ҳал бўлади. Ким кучлилигини эртага билиб оламиз.
Рўзиқул Бердиев жамоада анчадан бери фаолият юритиб келаётган тажрибали мутахассис. Унга бутун давлат ишонч билдиради ва бу мураббий учун керакли нарса. У қурган жамоа паслар билан яхши ўйнайди. Боя айтганимдек, биз уларни яхши ўрганиб чиқдик ва фақат ғалаба учун ўйнаймиз.
"Насаф"нинг сўнгги ўйинлардаги кичик муваффақиятсизликлари ҳақида
Тўғрисини айтсам, бу бизни ҳайрон қолдирди. Лекин бу ҳолат жамоанинг мақсадлари билан боғлиқ, деб ўйлайман. Рақибнинг кичик муваффақиятсизлиги хотиржамликка берилишимизга сабаб бўлмаслиги лозим. "Насаф" доим кучли жамоа бўлиб қолаверади ва биз жангга тайёрмиз.
Ўзбекистон чемпионатида иштирок этадиган клублар мунтазам равишда Осиё Чемпионлар лигасида яхши ўйин намойиш этиб келади. Чемпионат темпи ҳам анча юқори. Биз у ерда ҳаракат қилган футболчимиз Арсланмират Аманов билан "Насаф" ҳақида фикр алмашдик. Ўйлайманки, бу эртанги учрашувда бизга асқатади.
Рақиб таркибида ҳаракат қилаётган футболчиларни ҳам ўрганиб чиқдик. Станоевич, Бозоров каби футболчилар ўзининг техник ҳаракатлари билан алоҳида ажралиб туради. Яна бошқа ҳислатларни ҳам келтириб ўтишим мумкин. Бироқ яна бир бор такрорлайман, биз фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Тайёргарликка ҳам кўп нарса боғлиқ".
Жамоа сардори Эльман Тагаев:
"Яна бир бор меҳмондўстлик учун раҳмат айтаман. Бу ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик ва эртага фақат ғалаба учун майдонга тушамиз".
Фикрлар