Аҳмадалиев Ўзбекистондаги бокс оқшомида бирлашган чемпионлик тожини ҳимоя қилиш учун уйига қайтмоқда
Ўзбекистонлик енгилмас боксчи, иккинчи енгил вазннинг WBA ва IBF йўналишлари бўйича жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев 3 апрель куни Тошкентдаги “Ҳумо арена” саройида бўлиб ўтадиган бокс кечасида япониялик мажбурий даъвогар Рёсукэ Ивасага қарши ўз титулларини ҳимоя қилиш учун ватанига қайтади. Жангни DAZN платформаси орқали жонли томоша қилиш мумкин. Бу ҳақида "Matchroom Boxing" компанияси расмий пресс-релизни эълон қилди. Ушбу анонснинг ўзбекча талқинини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Аҳмадалиев (8-6, KOs) 2020 йилнинг январь ойида Даниель Романга қарши жангдан сўнг, бирлашган чемпионлик камарларига сазовор бўлган илк ўзбекистонлик чемпионга айланган эди. Майамида 12 раунд давом этган оқшомда у афсонавий Леон Спинкснинг рекордини такрорлади. Муроджоннинг профессионал боксдаги ушбу ғалабаси бокс ҳамжамияти учун сюрприз эмас. 2016 йилги Рио Олимпиадасидаги бронза, 2015 йил жаҳон чемпионатидаги кумуш, 2017 йил Осиё чемпионатидаги олтин медали ўзбек ҳаваскор бокси олтин авлоди вакилининг порлаши учун хизмат қилган.
Иваса (27-3, 17 KOs) Марлон Тапалесни 2019 йил Бруклинда ўтган жангнинг 11-раундида мағлуб этиб, ушбу вазнда IBF йўналишининг вақтинчалик камарига эга чиқди. 31 ёшли кашивалик боксчи илгари, 2017 йил сентябрда Огуни Юкинорини мағлубиятга учратиб, IBF камарига сазовор бўлган. Ушбу чапақай боксчи 2018 йилнинг март ойида Эрнесто Саулонгага қарши баҳсда чемпионлик камарини ҳимоя қилган ва 5 ой ўтиб, ўз юртида ирландиялик Доэнига қарши баҳсда имкониятни бой берган эди. Бу Ивасанинг фаолиятидаги учинчи мағлубият бўлишига қарамасдан, 2019 йил икки муҳим жангда ғалаба қозонди ва бирлашган чемпионлик камарининг даъвогарига айланди.
Ғиёсов ва Мадримов 3 апрель куни “Ҳумо арена” юлдузи бўлади
Кечанинг навбатдаги жангида мухлислар ёқимтойи Шаҳрам Ғиёсов (10-0, 8 KOs) WBA International камарини россиялик Иса Чаниевдан ҳимоя қилади. Инстаграм тармоғидан 1 миллиондан ортиқ кузатувчига эга бўлган ‘Wonderboy’ "Рио-2016" Олимпия ўйинларидаги кумуш, жаҳон ва Осиё чемпионатларидаги олтин медалларидан сўнг, ўз юртида катта шуҳратга эришди. 2019 йил Эдди Хирн билан реклама борасида келишувга эришган ушбу боксчи ўзининг сўнгги икки жангини колумбиялик собиқ жаҳон чемпиони Дарлис Перес ва Вистон Окампосга қарши ўтказиб, ҳар иккисини ҳам нокаут билан якунлашга муваффақ бўлди.
Ярим ўрта вазннинг порлаб келаётган юлдузларидан бири Исроил Мадримов (6-0, 5 KOs) профессионал боксдаги стартини ажойиб бошлади. 2018 ноябрда ўтган илк жангидаёқ титулни қўлга киритиб, ўз сўзини айтишга улгурди. ‘The Dream’ 2019 йил август ойида Оклахоманинг Тулса шаҳрида Эрик Уолкерга қарши кечган элиминатор жангида ғалаба қозонди ва WBA камарининг мажбурий даъвогарига айланди. Бу эса, саккиз жангда чемпионлик камарини қўлга киритган дўсти Аҳмадалиевнинг рекордини янгилаш учун қўйилган катта қадам бўлди.
Шунингдек, ушбу оқшомда порлаши кутилаётган яна бир қатор боксчилар борки, уларни эътибордан четда қолдириб ўтолмаймиз. Супер оғир вазн тоифасида енгилмас Баҳодир Жалолов (7-0, 6 KOs), 2021 йил ҳисобидан иккинчи жангини ўтказадиган ўрта вазн боксчиси Элнур Абдураимов (7-0, 6 KOs), енгил вазн вакили Ҳасанбой Дўсматов (2-0, 2 KOs), биринчи оғир вазнда жанг қиладиган Санжар Турсунов (2-0, 1 KO) навбатдаги жангини ўтказса, ярим ўрта вазнда Иқболжон Холдоров ҳамда ярим енгил вазнда Миразизбек Мирзахалиловнинг дебютига гувоҳ бўламиз.
“Matchroom” компаниясининг директори Эдди Хирн бўлажак оқшом ҳақида шундай дейди: “Бу ўзбек бокси ва “Matchroom” учун улкан бокс оқшоми бўлади. Узоқ йиллардан бери ўзбекистонлик ҳаваскор боксчилар жаҳон ареналарида ўз қудратларини намойиш қилиб келишмоқда. Яқин йилдирки, улар профессионал боксда ҳам, хусусан АҚШ промоутерлик компанияларида ўз мавқеларига эга бўлиб улгуришди. Энди улар ўз мамлакатларида тарихий бокс оқшомида жанг қилиш имкониятига эга бўлмоқдалар.
“Бу Ўзбекистонда бокс келажаги учун жуда муҳим воқеадир”, – дейди “Мир бокса” промоутер компаниясининг раҳбари Андрей Рябинский. “Ўйлайманки, бу ўзбек боксчилари учун йилни мухлислари кўз ўнгида ажойиб ғалабалар билан бошлаш ва ўз маҳоратларини намойиш қилиш учун яхши имконият. Бу йигитлар жуда тез фурсатда катта ўсишга эришмоқда ва келажакда бокс юлдузларига айланишади”.
Чипталар iTicket.UZ сайти орқали сотувга чиқарилади.
Манба: olympicboxing.uz
Фикрлар