Аҳрол Рисқуллаев: “Мен тўп қўлга текканини кўрмай қолдим” Таниқли ўзбек рефериси билан интервью
“Дангал” лойиҳасининг махсус сони тўлиқлигича ҳакамлик мавзусига йўналтирилгани ҳақида аввалроқ хабар берган эдик. Унда иштирок этган Аҳрол Рисқуллаев кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб бериб ўтди. Эътиборлиси шундаки, мамлакатимиздаги энг номдир реферилардан бири карьераси давомидаги энг катта воқеалар ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Қаршидаги ўйинда Рўзиқул Бердиев билан нима бўлган эди? Ўша воқеадан сўнг “Насаф” устози 3 ўйинга четлатилганди!
- Бу футбол, унда доим "азарт" бўлади. Инсон қизишади, асабийлашади. Мен профессионал футбол ўйнаганим учун бу нима эканлигини биламан. Худди шундек, ҳакамларга ҳам эмоция ҳар хил таъсир қилиши мумкин. Бу нарсани ҳакамлик фаолиятимни бошлаганимдан сўнг тушундим. Тўғри, ўша ўйиндаги вазият кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Барчасига воқеа ҳакам томондан қўшиб берилган дақиқаларда бўлган воқеа сабаб бўлди. “Насаф” футболчиси сўнгги дақиқаларда йўллаган зарба Кахи Махарадзенинг қўлига тегди, аммо буни табиий ҳол деб баҳоладим. Вазиятни яхши кўрганим учун иккиланиб ўтирганим йўқ. ВАРдаги Рустам Лутфуллин билан суҳбатлашдим. Агар мен хато қилганимда, у мени тўхтатган бўларди, ҳатто, бошқа жамоа ҳужум қилаётганда ҳам. “Локомотив” олдинга ўтаётган пайтда ВАРдагилар менга қарорим тўғри эканлигини айтди. Баҳс якунлангандан сўнг Рўзиқул Бердиев олдимга келиб, қизишиб кетдилар. Вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилдим, аммо шахсиятга тегадиган гапларни айтдилар. Кейинчалик, футболчилар ва ёнимда ҳакамлар буни тасдиқлади.
Нега Ўзбекистонда янги Равшан Эрматовлар чиқмаяпти?
- Тўғри, 10 йил бўлди. Ҳаракат қиляпмиз, аммо Эрматов талант. Уларнинг орқасидан биз ҳам жаҳон аренасига чиқишга интиляпмиз. Ҳозиргача халқаро ўйинларга чиқсак, Равшан Эрматовни сўрашади. Уларга ўринбосар бўлишга ҳаракат қиляпмиз. Бизни ўзбек ҳакамлиги мактаби бор эканлиги учун ҳурмат қилишади.
Фаолиятингиз давомида эсласангиз афсусланадиган даражадаги хато бўлган қарорингиз борми?
- Карантиндан аввал эди. “Навбаҳор” – “Андижон” ўйини ёдимда. Очиғи, баҳс охири бўлгани учун вазиятни кўра олмай қолганман. Ўша ҳолатни ҳали-ҳамон эслайман. "Водий дербиси", стадион лиқ тўла, беллашув 1:1 ҳисобида давом этмоқда, атмосфера даҳшатли даражада, ҳар бир дақиқада ҳужум. “Андижон” темпни тушуриш учун ҳаракат қилмоқда, аммо якунга бориб “Навбаҳор” стандартга эга бўлди. Жарима майдончаси ичида 18 та футболчи бор эди. Тўп узатиб берилгач, “Навбаҳор” футболчиси бош билан зарба йўллади. Тўп “Андижон” форварди Рўзимбой Аҳмедовнинг қўлига тегди. Мен қўлни "табиий ҳолатда" деб баҳолаган эдим. Ўйиндан кейин ушбу кадрларни қайта кўргач, хато қилганимни сездим.
Тўлиқ интервьюни томоша қилинг
Фикрлар