"Аждарлар" қон исини олишди - ғалаба хронологияси

Ҳар қандай саргузашт ундаги қаҳрамонларнинг меҳнати ва жасоратидан келиб чиқиб турли хотима топади. Спортда омад муҳим омил, албатта, лекин у доим кучлиларга кулиб боқишини унутмаслик лозим. Саудия Арабистонидаги 6 баҳс, 6 хил жараён ва шунча "жанг!" Ёрқин воқеалар инсон хотирасида қандай сақланиб қолиши юқорида айтиб ўтганимдек якунга боғлиқ.

Бугун "Насаф"нинг паст-баландликлардан иборат бўлган 1 ойлик жараёни ниҳоясига етди. Қувонарлиси шундаки, ҳаммаси "аждарлар" учун кўнгилдагидек тугади. Бир қарашда, биргина ўйин ва бошқа баҳслардаги қулай ҳисоблар жамоага плей-офф эшигини очгандек бўлиши мумкин, аммо ишонинг, ундай эмас! Ҳозир "Насаф" аъзолари учун ортда қолган 6 синов қандай ўтганини совуқ бош ва эмоцияларсиз қисқача ёдга оламиз!

8 апрель, "Ал-Садд" - "Насаф" 1:1

Эмоционал жиҳатдан жуда оғир, аммо якунда фойда берган бир очко

1 ўйин

Бердиев шогирдлари "Ал-Садд" билан баҳсга яққол аутсайдер сифатида чиқиб келди. Биринчи бўлиб гол киритгани ва икки киши кўп бўлиб ҳаракат қилаётганига қарамай, якунда дурангга имзо чекди. Айнан шу ўйин сабабли "Насаф" кескин танқидлар ёмғири остида қолди. Айрим журналистлар жамоада "дух" йўқ эканлигини таъкидлаган бўлса, бошқалар Қарши жамоаси гуруҳда сўнгги ўринни эгаллашини башорат қила бошлади. Катта эҳтимол билан, бу ўйин Бердиев шогирдлари учун гуруҳдаги энг оғири бўлди. 2 киши кўп бўлиб ҳаракат қила туриб, ғалабани қўлга кирита олмагани боис, йигитлар кичик шок ҳолатига тушгани рост.

11 апрель, "Насаф" - "Ал-Веҳдат" 2:0

"Аждар"нинг уйғониши

2 ўйин

Иорданияликлар биринчи турда Саудия клубидан очко олгани боис, 9 киши бўлиб қолган "Ал-Садд"ни юта олмаган ёшлардан иборат жамоа билан беллашувга фаворит мақомида чиқиб келди. Амалда эса, ҳаммаси ўзгача кўриниш олди. Рўзиқул Бердиев рақиб ўйинини мукаммал ўрганиб чиққани наф берди. Қаршиликлар тўп назорати, позицион ҳужумлар, зарбалар ва жамоавий футбол борасида бу гуруҳда "подарка" эмаслигини кўрсатиб қўйди. Аслида, ғалаба ўз йўлига. Биринчи учрашувдаги депрессиядан чиқиб кетиш учун бу ғалаба катта ёрдам берди. Бундан ташқари, олинган 3 очко ОЧЛда илк бор иштирок этаётган йигитларни ўз кучига бўлган ишончи шаклланишини таъминлади. Айнан шу омил қолган 4 ўйинда "халқ жамоаси"га катта далда бергани рост.

16 апрель, "Насаф" - "Ал-Файсали" 0:1

Бутун жамоа учун бир умрлик сабоқ

3з2ўзў235ў25

Саудия клуби билан илк ўйинда "Насаф" бирорта аспектда рақибдан кучсиз кўринмади, аммо битта хато таблодаги ҳисобга таъсир қилди. Асосан, Суперлига ва ОФК кубогида тўп тепган йигитлар "катта ўйин"ларда хато қанчалар қимматга тушишини чуқур ҳис қилди. Ўйлашимча, "Ал-Файсали" қаршиликларнинг иштиёқи баланд йигитларини ўз кучини ўзига қарши ишлатиб таслим этди. Баҳс якунлангач, Маринус Узунидис "аждарлар"ни гуруҳдаги энг кучли рақиб деб атади. Бу учрашув бизникилар учун омадсиз якунланган бўлсада, квартетдаги бошқа жамоалар Ўзбекистондан келган камтарин йигитлар бирлашса, қудратли кучга айланишини англаб етди. Бу иккинчи даврада "Насаф"га қарши барчани эҳтиёткор тўп тепишга чорлаган эди.

20 апрель, "Ал-Файсали" - "Насаф" 0:0

Аламли, бироқ жуда керакли 1 очко

абду1

Бу баҳс умуман бошқача натижа билан якунланиши мумкин эди, бироқ саудияликлар жуда ҳам тартибли ўйин намойиш этди. Ўз навбатида, "Насаф" ҳам бўш келгани йўқ. Икки жамоа ҳам хато қилмагач, таблода нурсиз дуранг пайдо бўлди. 0:0 фонида Абдувоҳид Неъматовнинг фантастик сейви кўпчиликнинг ёдидан кўтарилиб кетгани аниқ. Ёдингизда бўлса, посбонимиз иккинчи таймда рақибнинг кескин қарши ҳужуми сабабли юзага келган бирга-бир вазиятда жамоаси жонига ора кирди. Бу баҳс бугунги "аждарлар" фаолиятидаги иккинчи "катта ўйин" деб ҳисобласак, улар биринчисидан тўғри хулоса чиқарганини исботлади. Яхши футболчилар тез ўрганади, деб бекорга айтишмайди.

23 апрель, "Насаф" - "Ал-Садд" 3:1

Бурилиш нуқтаси

Nasaf dux yoq

Бердиев шогирдлари Қатар чемпионатида мағлубият нималигини билмай чемпионликни қўлга киритган "Ал-Садд"ни "сочиб ташлади". Ва энг муҳими, бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ! 90 дақиқа прессинг, ҳар бир эпизодни охиригача ўйнаб қўйиш ва кучли иштиёқ футбол ҳали тирик эканлигини исботлаб берди. Қаршиликлар яхлит бир механизмга айланган ҳолда, катта пуллар, супер легионерлар ва хорижлик мутахассисга суянган "Ал-Садд"га майдонда "нафас олиш"га бермади, якунда 3:1! Аслида, ғалаба ўз йўлига. Катта эҳтимол, бу ўйинда иштирок этган футболчилар ортга "катта футболчи" бўлиб қайтади. Айнан шундай ижрочилар оғир вазиятда катта саҳнага чиқишдан қўрқмасликни ўрганади. Бердиев жамоаси ЖЧни қабул қилувчи мамлакат чемпионидан олинган 3 очко қийматини келажакдаги муҳим баҳсларда қандай наф беришини ҳозир ҳеч ким тахмин қилмаяпти.

27 апрель, "Ал-Веҳдат" - "Насаф" 2:2

Яраланган шер ҳамласи бартараф этилди

6 ўйин

Иордания клуби сўнгги турда 3:0 ҳисобдаги ғалаба ёрдамида иккинчи ўринни эгаллаши мумкин эди. "Насаф" ҳатто, 2 тўп фарқи билан енгилиб ҳам плей-офф иштирокчисига айланиш имкониятини қўлга киритди. Афсуски, футболимизда энг муҳим паллада майдондаги футболчиларимизни асаблари дош бермаслигига кўникиб қолганмиз. Шунинг учун ҳам "Насаф"дан хавотир олганимиз рост. "Ал-Веҳдат" яраланган шер каби жангга кирди. "Аждарлар" биринчи бўлиб "ҳамла" қилганига қарамай, рақиб тезда ўзини ўнглаб, икки бор ҳисобни тенглаштирди. Якунда 2:2 ва "Насаф" 2-поғонани ўзиники қилиб, плей-офф йўлланмасига эга чиқди.

Якун: Тарихий воқеа

berdiyev

Ўйин унутилади, натижа қолади. Бу шафқатсиз ҳақиқат доим ўзини оқлаган. "Насаф" жуда кўп бор ОЧЛ ўйинларида яхши ўйнаб енгилган, лекин уларни ҳеч бирини бугун мухлислар ёдга олмайди. Бу сафар энди акси. Ишқибозлар ўз жамоаси тарихида биринчи бор қитъамизнинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақаси плей-оффида иштирок этишини ўйлаб хурсанд бўлиши мумкин.

Гуруҳ босқичидаги ўйинлар улар учун ўтмишда қолди. Футболчилар учун эса, тамомила тескариси. Саудия Арабистонида ўтган 6 ўйин улар учун ҳеч қаерда ўргатилмайдиган билим, пулга сотиб олишнинг имкони бўлмаган тажриба ва оғир кунда ўз кучига ишона олиш имкониятини тақдим этди. Агар "аждарлар" плей-оффда ҳам яхши натижа қайд этса, ажабланиб юрманг. Бердиев шогирдлари "қон исини олишди". Энди, бундан камига рози бўлишлари имконсиз.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bekk_MUFC
30/04/2022 07:19
"Xalq Jamoasi" udarrr chiqibdi.
Paxtakor "Napitka" ligada chempion boʻlaversin. Nasaf haqli ravishda "Xalq Jamoasi" unvonini tortib olmoqda. RESPECT. SARDOBADA NASAF MUHLISI.
&
998913132246
30/04/2022 04:30
Nasafga omad
&
Abdulla Hikmatov
30/04/2022 00:51
Yaxshi maqola bo'libdi. Omad Nasafga samarqandlik muxlislardan
&
Nasaf Qarshi
30/04/2022 00:01
Хакикат эгилади, букилади, лекин синмайди.Бунинг заминида клубнинг бир неча йиллик мехнатидир!
Umar As
30/04/2022 02:33
Sarloxa zur chiqibdi