"Аждарлар" яна ОФК Кубогини ютишга қодирми? Демьяненко нима деганди? 10 йил олдинги ва бугунги "Насаф" ҳақида Ботир Қораев қандай фикрда?

“Насаф” 25 август куни Қаршида ОФК Кубоги доирасида Туркманистоннинг “Аҳал” жамоасини қабул қилади. 2011 йили “Насаф”нинг ушбу мусобақада ғолиб чиққанини ҳамон ёқимли хотиралар билан эсга оламиз.

Ҳозир Рўзиқул Бердиев жамоаси бор эътиборини “Аҳал”га қарши баҳсга қаратган. Ушбу учрашув олдидан “Насаф” клуби спорт директори Ботир Қораев билан суҳбатлашдик.

Билсангиз, 2011 йили жамоанинг ОФК Кубогини ютганида у “Насаф” сардори ва етакчиси сифатида ўзидан яхши таассурот қолдирган. Энди эса Қораев клуб мутасаддиларидан бири сифатида фаолиятини давом эттиряпти.

- Олдинда жамоани ОФК Кубоги доирасида Туркманистоннинг “Аҳал” клубига қарши ўйин кутяпти. Бўлажак баҳсга тайёргарлик қандай, футболчиларнинг кайфияти қай даражада?

- Тайёргарлигимиз яхши кетяпти. Чемпионатда иккита ўйинда ютқаздик ва бир бор дуранг ўйнадик. Ўзбекистон Кубогида “Металлург” билан ўйинда яхши натижага эришдик. Учта ўйин омадсиз ўтгани билан футболчиларнинг кайфияти тушгани йўқ. Охирги ўйинимизни кўрган бўлсангиз 5:2 ҳисобида ғалаба қозондик. Янги легионеримиз ҳам Кубокда дастлабки голларини урди. Жамоамизга мослашиб кетяпти. “Ахал” билан учрашувда ҳам йигитлардан шундай ғалабани кутиб қоламиз.

ботир3

- “Насаф” 2011 йили ОФК Кубогини қўлга киритган маҳалда сиз жамоа сардори эдингиз ва ўша мусобақанинг энг яхши футболчисига айлангансиз. Ўша ғолиблик ҳақида эслаганингизда хаёлингизга биринчи навбатда нима келади?

- ОФК Кубоги Осиё Чемпионлар лигасидан кейин иккинчи даражали турнир бўлса ҳам барибир бу халқаро мусобақа саналади. “Насаф” 2011 йили ОФК Кубогини қўлга киритди ва бунга ҳам 10 йил бўлди. Ғолибликни яна такрорлаш учун “Насаф”да имконият бор. Буни ўйинчиларимиз ҳам яхши тушуниб турибди. “Ахал”ни ютсак, мақсад сари яна бир қадам ташлаган бўламиз. Бизга ўша пайтда Анатолий Демяьненконинг айтган сўзлари ёдимизда қолган. Нимадир ютсанг, кейин уни ҳис қиласан, ҳатто кўз олдингда пул ҳам кўринмайди, буни гашти бошқача, деб айтган. ОФК Кубогини ютиш орқали шунга ўзим ҳам гувоҳ бўлдим. Ҳозирги таркибимиз жуда ёш. Шунга қарамай, йигитларнинг иштиёқи катта. Ҳаракат қилишяпти, тўғри, қаердадир нимадир ўхшамаяпти. Аммо ўйиндан-ўйинга яхшиланиб боряпти. 2011 йилги жамоамизга келсак, ўша пайтда тажрибали ўйинчиларимиз кўп эди. Захирамиз ҳам яхши эди. Ҳозирги пайтда жамоамиз ёшлардан ташкил топган бўлса ҳам улардаги потенциал юқори.

- 2011 йили ОФК Кубоги қўлга киритилишида кўп факторлар бор. Масалан, мураббийлар штабининг кучли бўлгани, таркибда ҳам тажрибали ўйинчилар жамлангани ва албатта яратилган шароитлар ҳам шунга яраша бўлган. Бугунги таркиб ёш, шароитлар олдингидек эмас. Реал баҳо берсак, “Насаф” ОФК Кубогини иккинчи бор ютишга қодирми?

- Қувайт жамоаси таркибини кучайтирди. Яқинда сафига яхши легионерларни олди. Биз ўйнаган пайтда ОФК Кубогидаги ўйинлар уй-сафар тизимида ўтарди. Ҳозир пандемия сабабли битта ўйиндан иборат бўляпти. Шунинг учун эпласа бўлади.

ботир5

- “Насаф”нинг ОФК Кубогини ютган пайтида сиз ҳимояда мустаҳкам қўрғон бўла олгандингиз. Ҳозирги “Насаф”да янги Ботир Қораев сифатида кимни кўряпсиз?

- Менинг позициямда Шерзод Насруллаев ўйнаяпти. У жамоанинг етакчиларидан бири. Охирги бешта турда ўйнамади. Чап томонда муаммоларимиз борлиги билиниб қолди. Худо хоҳласа, Шерзод “Ахал”га қарши ўйнайди. Балки унда ўйин амалиёти камроқ бўлиши мумкин. Чунки бешта турдан бери ўйнамади. Ўйлайманки, бу камчилик бартараф этилиб, ўйинга тезроқ қўшилиб кетади. Жамоада яна Умар Эшмуродов, Хусниддин Алиқулов каби ҳимоячиларимиз ҳам бор. Улар Ўзбекистондаги энг яхши ҳимоячилардан бири. Терма жамоада ҳам бемалол ўйнай оладилар.

- Умуман айтганда, “Насаф”нинг олдига ОФК Кубогини ютиш бўйича аниқ мақсад қўйилганми? Ёки клуб бу борада таваккалона йўл тутмоқчими?

- Ҳар доим “Насаф” юқори мақсад қўяди, биз ўйнаган пайтда ҳам, ҳозир ҳам. Жамоа ёш бўлса-да, ўтган йили иккинчи ўринни олди. Ҳаммма вақт чемпионлик, медаллар учун курашиш вазифаси қўйилади. Бу йил жамоа ОФК Кубогини ютишга ҳаракат қилади.

ботир

- “Насаф” ўша муваффақиятидан 10 йил ўтиб яна ОФК Кубогига қайтди. Бунда рамзий маъно бордек...

- Ҳаммасини бир-бирига боғлиқ жойи бор. “Насаф” ОФК Кубогини ютгандан кейин бир неча йил давомида Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этди. Кейин орада танаффус бўлди. Мана, энди яна ОФК Кубогида қатнашяпти. Жамоамизда ўзини кўрсатиш ва иккинчи бор мусобақада ютиш учун иштиёқ баланд. 10 йиллик танаффусдан сўнг, яна ОФК Кубогида ғолиб чиқсак ажойиб натижа бўларди.

- Мураббий сифатида ишлаб келаётган Ботир Қораев энди “Насаф”да спорт директори лавозимида. Ташкилий ишлар билан банд бўлиш сизга қўшимча қийинчиликлар келтириб чиқармайдими?

- Мураббийликдан бу ишга ўтдим. Албатта, ҳамма соҳада ўзига яраша қийинчиликлар бўлади. Қийинчиликсиз яхши натижага эришиб бўлмайди. Бу ишни ҳам яхши бажаришга ҳаракат қиляпман. Аммо мураббийликни ҳам ташлаб қўйганим йўқ. Про лицензияси учун ўқияпман. Мендан ташқари, Шуҳрат Тошпўлатов билан Элдор Мойлиев ҳам таҳсил оляптилар. Ҳамма ишни ўрганиш одамга ҳеч қачон зарар қилмайди.

ботир4444

- “Насаф”нинг ёзги селекция ишларидан қанчалик қониқдингиз?

- Трансфер ойнаси пайтида кўпроғини хоҳлайди. Лекин жамоада молиявий муаммолар бор. Шунга қарамай, Калудеровични олдик. Баҳром Абдураҳимов билан Дониёр Нарзуллаевни қайтардик. Қўлдан келганича яхши трансферларни амалга оширишга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, яхши харидларни бажардик. Жамоамиз учун фойдали.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!