
Акбар Исматуллаев: Янги мавсумни 90 фоизга Таиландда ўтказишим аниқ
«Металлург» жамоаси сардори Акбар Исматуллаев ҳақида кўпчилик ушбу мавсумдаги ўйини учун юқори баҳо беришмоқда. Икки йил аввал «Пахтакор»га керак бўлмай қолган ҳимоячи «Металлург»да янада ўсишга эришди. Натижада у миллий терма жамоа даражасигача кўтарилди.
Мавсумни кучли бешликда якунлашгани ҳақида
«Металлург» мавсум давомида асосан ўрта поғоналарда юрган бўлса-да, охирги турдан кейин жамоанинг 5-ўринни банд этгани маълум бўлди. Исматуллаев дастлаб шу ҳақида гапирди.
- Мавсум аввалида олдимизга кучли бешликка кириш вазифаси қўйилганди. Чунки ўтган йили ҳам 5-ўринни эгаллагандик ва бу йил ҳам буни такрорладик. Ўйлайманки, бу Бекобод жамоаси учун ёмон натижа бўлмади. Мавсум давомида ғалабали ва мағлубиятли ўйинларимиз ҳам бўлди. Яъни, омадимиз чопмаган ўйинларни ҳам ўтказдик. Лекин якуний натижадан келиб чиқсак, барчамиз учун қониқарли тугади деб айта оламан. Тўғри, мавсум давомида биз асосан 7 ва 8-ўринларда бўлдик. Лекин шахсан мен учун жамоа сардори сифатида «Металлург»нинг кучли бешликка кира олгани кутилмган ҳолат эмас. Рақиб жамоа дарвозаларига гол уриш, зарба бериш, дарвозамиздан кам гол ўтказиш, тўпни назорат қилиш, умуман шунга ўхшаш статистикалар борасида ҳам кўплаб клублардан устунлик қилдик. Бу борада олдингига қараганда яхши бўлди.
Янги даражага кўтарилган Исматуллаев
Акбар «Металлург»нинг чинакам етакчисига айланди. У ҳаттоки «Пахтакор»даги ўйинларидан кўра Бекободда янада кучлироқ ўйин кўрсата бошлади. Шу боис Исматуллаев ҳақидаги илиқ фикрлар кўп эшитилди.
- Футболда барибир мураббийнинг ишончи муҳим аҳамият касб этади, - деб мавзуни давом эттирди, футболчи. - «Пахтакор»га айрим жиҳатларимиз тўғри келмагани учун «Металлург»да ижарада ўйнашни бошлагандик. Аммо бу биз учун яхшиликка хизмат қилди. 7 йил «Пахтакор»да тўп сурганим боис аввалига бошқа клубда ўйнашимда айрим қийинчиликлар бўлганди. Лекин икки йил ичида фақат олдинга ҳаракат қилдим. Чунки ҳаёт давом этади. Андрей Шипилов бизга ишонч берди ва имконият тақдим этди. Аммо инсон ўсишдан тўхтаб қолмасдан, яна янги марралар сари интилишни давом эттириши керак. Балки мени миллий терма жамоага чақиришгани ҳам бежиз эмасдир. Илгари олимпия терма жамоасида Вадим Абрамов билан бирга ишлаганман. У ўйинларимни кузатиб келгани учун ҳам миллий жамоага чақирди деб ўйлайман.
Андрей Шипилов тўғрисида
Шу ўринда футболчи «Металлург» бош мураббийи Андрей Шипилов ҳақида фикр билдирар экан, уни ўзи билан бирга ишлаган мутахассислар орасида алоҳида аҳамиятга эгалигини айтди.
- Ҳа, Шипиловни фаолиятимда катта ўрин тутадиган мураббий десам бўлади. Чунки бу мураббий билан «Пахтакор»да етти йил бирга ишлаганман. У «Металлург»га бош мураббий бўлганидан кейин бизни чақирди. «Пахтакор»нинг захирасида ўтириб умримизни ўтказгандан кўра бошқа жамоанинг асосий таркибида ўйнаб ўзимизни кўрсатганимиз яхши-да. Шу сабабли Андрей Сергеевичга инсонгарчилик сифатида ҳам раҳмат айтаман. «Металлург»да икки йил давомида бор кучимиз билан ўйнадик. Ўтган вақт давомида мени жамоа сардори этиб тайинлашди. Қўлдан келганича ёрдам беришга ҳаракат қилдим.
Миллий терма жамоага чақирилгани хусусида
Шуниндек, Акбар Исматуллаев миллий терма жамоага ҳам чақирила бошланди. Бу эса унинг учун ажойиб воқелик эди. Кўриниб турибдики, Вадим Абрамовга ҳам «Металлург» сардорининг ўйинлари маъқул келган.
- Миллий терма жамоа барибир ўз номи билан миллий терма жамоа. Бундай жойда ўйнаш ҳар бир ўйинчининг орзуси. У ерга борганда сиз фақат ватан шаънини муносиб ҳимоя қилиш учун ўйнайсиз. Шундай экан, барибир терма жамоадаги муҳит ҳам бошқача бўлади. Вадим Абрамов менга ҳам ишонч билдираётган экан, унинг ишончини қозонишни истардим. У йиғинлар ва расмий учрашувларга таклиф қилганида мени яна кейинги йиғинларга ҳам чақиришини айтди. Умид қиламанки, бор кучим билан ёрдам беришга тайёрман.
Таиланднинг «Бурирам» жамоасидан тушган таклиф ҳақида
Охирги пайтларда уни Таиланднинг энг кучли клуби ҳисобланган «Бурирам Юнайтед»га кетиши ҳақида кўп айтилди. Бу ҳақида ўзи шундай деди:
- Ҳа, менга яхши таклифлар бўлди. Аммо расман шартнома тузганимдан кейин янада аниқ маълумот айтаман. Ўйлашимча, яқин икки ҳафта ичида барчаси маълум бўлади. Аммо ҳозирдан шуни айтишим мумкинки, кейинги мавсумни деярли 90 фоизга Таиланд етакчиси «Бурирам» жамоасида ўтказишим аниқ. Тез орада у ерга кетаман. Бу клуб келаси йили Осиё Чемпионлар лигасида ўйнайди. Менга Таиланддан таклиф яқин 2-3 ой ичида бўлди. Ўшанда мураббийларимиз билан бу ҳақида маслаҳатлашдик. Бу мен учун янги чақирув. Ёшим ҳам 28 да. Бундай пайтда менга Таиланднинг энг кучли клубидан таклиф бўлди. Агар ўртамиёна ёки кучсизроқ жамоасидан таклиф бўлганида ҳам бошқа гап эди. Лекин доим ҳам сизга етакчи клубдан таклиф бўлавермайди. У ерда кучли легионерлар тўп суради. Насиб қилса, Таиландда легионер сифатида Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этишни ният қилиб турибман.
Хайрлашиш олдидан «Металлург» ҳақида тилак билдирди
Ушбу мавсум Исматуллаев учун «Металлург»даги охиргиси бўлди. Шу боисдан футболчи Бекобод жамоаси ҳақида фикр билдирди.
- Икки йил ичида «Металлург»да ўйнаб ҳар томонлама, инсонийлик ва футболчи сифатида кўп нарса ўргандим. Бемалол айтаманки, бу жамоа менга кўп нарса берди. Жамоа ишқибозларига омад тилайман. «Металлург» доим юқори ўринларда бўлишини тилайман. Ўз навбатида клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби, жамоа аъзолари, ишчи-ходимлар, ҳамма-ҳаммага ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ўйлайманки, вақти келиб яна «Металлург»да ўйнаш насиб қилар. Чунки ўтган икки йил давомида мен у ерда жуда яхши инсонлар билан ишладим.
«Пахтакор» ҳақида нима дейди?
Акбар учун собиқ клубига айланган «Пахтакор» бу йил ҳаммадан кучли ўйин кўрсатди. Бу борада эса Исматуллаев ўзининг фикрларини ҳам билдириб ўтди.
- Натижага ярим йил ёки бир йилда эришиш қийин бўлади. Шота Арвеладзени «Пахтакор»да бу йил учинчи йили бўлди. Айнан уч йил деганда мураббий натижа кўрсата олди. Чунки бирданига клубни шакллантириш қийин бўлади. Бу йил эса «Пахтакор» чиндан ҳам бошқаларга қараганда кучли ўйнади ва ҳақли равишда муваффақият қозонди.
Фикрлар