Акмал Шораҳмедов - Кореядаги ўша машҳур автоголи, Суперлига савиясининг пасайиши сабаблари, термамиз нега мундиалга чиқа олмаётгани ҳақида дангал гапирди

Бу футболчи ҳаммага таниш-а? Мухлисларнинг ҳаёлида шундай тушунча пайдо бўлиб қолганки, Шораҳмедов деса биринчи навбатда мухлисларнинг кўз ўнгига ўша Жанубий Корея билан ўйиндаги кутилмаган автогол келади. Чунки бу ҳақида мухлислар орасида кўп эшитганмиз. Аммо баъзида керагидан ортиқ даражада танқид қилишади. Акмални яқиндан таниганлар унинг қандай инсон ва футболчилигини яхши билишади. Оғир босиқ, камтар, ўз ишини сидқидилдан бажарадиган футболчи.

Қаерда тўп сурмасин ҳамиша ишончни оқлаб келади. Масалан, АГМКдаги охирги икки йиллик фаолиятида ҳам Шораҳмедов жамоасида ўз ўрнига эга бўлди. Куни кеча sports.uz мухбири ушбу ўйинчи билан қатор мавзуларда суҳбат уюштирди.   

-  2020 йилда АГМК билан бронзани қўлга киритдингиз ва Ўзбекистон Кубоги финалида қатнашдингиз. Бу натижадан қониқдингизми?

-  Биласиз, 2019 йили АГМК сафига ўтганман. Ўшанда мақсадимиз юқори ўринлар эди, лекин чемпионатда 8-ўринни олдик. Таркиб борасида қарасак, биз ундан ҳам юқори поғоналардан бирини эгаллашимиз керак эди. Бу йилги мавсум эса жуда экстрамал тарзда ўтди. Пандемия ва яна ҳар хил воқеалар бўлди. Ўйинлар ҳамда машғулотларга анча қийналдик. Шунга қарамай, биз 3-ўринни қўлга киритдик. Лекин барибир ҳам буни қониқарсиз деб ўйлайман. Нимагаки, иккинчи ўринда бораётгандик, кетма-кет мағлубиятлар эвазига якунда уни бериб қўйдик. Ваҳоланки, иккинчи ўринни жуда ҳам хоҳлагандим. Тўғри тушунишимиз керак, “Пахтакор” таркиби кучли, шу боис улар биринчи ўринда. Биз Кубок финалига ҳам чиқдик. Аммо ютқазгандан кейин буни ҳамма унутади. Чунки Кубокда иккинчи ўрин бўлмайди.

-  Биламизки, 2018 йили “Пахтакор”да тўп сурдингиз. Кейинги йили эса АГМКга ўтиб кетдингиз ва бу ерда ҳам етакчилардан бири бўлдингиз. Агар “Пахтакор”да қолганингизда сизда ҳам чемпионлик ва Кубок соҳиби деган соврин бўларди...

-  “Пахтакор”даги фаолиятимни қониқарли ўтди деб ўйлайман. Ўшанда янги шаклланаётган жамоа эди. У пайтда “Локомотив” кучли таркибга эга ва шаклланиб бўлган жамоа эди. “Пахтакор”да ҳам яхши ўйинчилар йиғилганди. Олдиндан маълумки, кучли таркиб йиғилса ҳам биринчи йилларда чемпион бўлавермаган. “Локомотив”да ҳам, “Бунёдкор”да ҳам шунақа бўлган. Яъни, яхши ижрочилардан таркиб тузилгач, ўша мавсумнинг ёзидаёқ ҳеч ким чемпион бўлмаган, чунки бунга барибир вақт керак бўларди. Мен айнан шаклланаётган “Пахтакор”да тўп сурдим. Шота Арвеладзенинг қўл остида ўйнаш эса жуда мароқли бўлган. Ундан кўп нарса ўргандим. Кейинчалик мураббий бўлиб ишласам ҳам анча малака оширдим. Масалан, Купердан ҳам кўп нарса ўргандим. Кўпчилик уни ёмонлайди, аммо унинг машғулот услублари ўзбек мураббийларидан анча фарқ қилади. Агар ёшим улғаймаганида “Пахтакор”дан АГМКга ўтмаган бўлардим, буни очиқчасига айта оламан. Футболда барибир ёш ҳам роль ўйнайди.

акмал6

-  Энди янги мавсумни қаерда давом эттирмоқчисиз? Кўрдик, АГМКга озми-кўпми ҳиссангизни қўшдингиз. Балки сизга таклифлар ҳам бордир. Умуман, кейинги режаларингиз қандай?

-  АГМК билан шартномам тугади. Кубок финалида Егор Кримец билан тўқнашувда оёғимдан жароҳат олгандим. Ҳозир шуни даволатиш билан машғулман. Шундан кейин ҳаммасини ўйлаб кўрамиз. Футболчи ўзига ёққан ва уни ёқтиришган жойда тўп суриши керак. Ҳозирча қаерда тўп суришимни билмайман.

-  АГМКда Миржалол Қосимов билан бирга ишладингиз. Илгари термада ҳам фаолият олиб боргансизлар. Айтмоқчиманки, Миржалол Қўшоқович фаолиятингизда қандай аҳамият касб этади? Ёки сизда яна бошқа ўзгача бўлган мураббийлар ҳам борми?

-  Мураббийларга келсак, мен барчасини ҳурмат қиламан. Ҳаммасини ўзига яраша дунёқараши бор. Термада қайси мураббий ишлашидан қатъий назар асосий таркибда ўйнашга ҳаракат қилганман. Улар ҳам менга ишонишган. Ҳеч қайси мураббийни ёмонлаш нотўғри. Ҳамма Самвел Бабаянни нимадир деб танқид қилиши мумкин. Аммо уни ҳурмат қиламан. Нима бўлса ҳам унинг ўз йўналиши бор. Бир хил мураббийлар бўлади, уларнинг умуман йўналиши бўлмайди. Ундан ёки бундан “ўғирламоқчи” бўлади ва юраверади. Футболда яна бир нарса борки, барибир қайсидир мураббийга ёқишингиз керак. Иқтидорингиз бўлса ҳам, аммо ёқмасангиз қолиб кетаверасиз.

акмал

-  “Пахтакор” якка пешқадам ва кучли жамоа сифатида совринларни ютяпти, бу орқали Суперлигамиз савияси ҳам пастлагани кўриниб қоляпти. Ушбу вазиятга қандай муносабатдасиз?

-  Тўғри айтасиз, 7-8 йил олдинги ҳолат яна такрорланиб қоляпти. “Локомотив” кучсизланиб “Пахтакор” кучайиб кетди. Шунинг учун қизиқиш камайди, рақобат ҳам сусайди. Чемпионат ўртасидаёқ 15 очколик фарқ, қизиғи қолмади деярли. Биринчи ўрин учун йилнинг бошидан ҳеч ким курашмаяпти, чемпионлик мақсади ҳам қўйилмаяпти. Бу яхши эмас. Барибир олдин чемпионлик учун 3-4 та клуб курашарди. Бошиданоқ биринчи ўрин учун курашмаслик, бу “Пахтакор”нинг ўзи учун ҳам ёмон. Негаки, рақобат бўлмаса “Пахтакор”га ҳам қизиқмас. Футболчилари ўз савиясидан тушиб кетиши мумкин, ўзидан кучсиз рақиблар билан ўйнайвериб. Бу эса Осиё Чемпионлар лигасидаги ўйинларга таъсир қилади. Қачонки, ўйинчи бор кучи билан ўйнайверса, барибир яна ўзидан қўшиб бораверади. Кучсизлар билан ўйинлар эса бу терма жамоага ҳам таъсир кўрсатади. Футболчи ҳар доим кучлилар билан ўйнаб турса мувозанатни ҳам йўқотмайди.

-  Миллий термада ҳам кўп йиллар фаолият олиб бордингиз. Аммо вақт олий ҳакам деганларидек, ёшингиз ҳам ўтиб боряпти. Охирги пайтларда бош жамоамизда сизни кўрмай қўйдик. Бундан чиқди, термадаги фаолиятингизни якунладингизми ёки ҳали ҳам ёрдам бера оламан деб ўйлайсизми?

-  Терма жамоа қачонки, ёшларга инфраструктуралар, масалан машғулот майдонлари, худди “Бунёдкор”даги каби бир нечта машғулот майдонларига эга бўлганидан кейин жаҳон чемпионатини кутсак бўлади. Қишда совуқ бўлади, жамоалар яхши машғулот ўтказиш учун жой қидирилади, айниқса, ёшлар учун. Бу тўрт ой фақат югуриш билан ўтиб кетади дегани. Иккита клуб 15 кунга хорижга чиқиши мумкин, қолганлар чиқа олмайди. Қолган кунларда яхши машғулот учун шароит йўқ. Қозоғистонда ёпиқ манежларидан тахминан 10 тача клубларида бор. Бизда ҳаттоки ёпиқ манеж “Пахтакор”да ҳам йўқ. Жаҳон чемпионатига бориш учун биринчи навбатда шароит бўлиши керак. Терма жамоа – бу терма жамоа. У ерда ўйнаётган ўйинчилар бор. Термага битта ўйинга керак бўлсангиз, чақириши мумкин ва ёрдам бера оласиз. Барибир ёшлар тайёрланяпти. Бу тўғри, аммо улар учун аввало шароит қилиш керак.

-  Терма жамоамиз ўтган йили асосан назорат ўйинлари ўтказди, олдимизда ҳали жаҳон чемпионати йўлидаги иккинчи саралаш босқичининг қолган учрашувлари турибди. Яқинда Одил Аҳмедов сайтимизга интервью берганида олдинги терма жамоани ҳозиргисидан кучлироқ деб айтди.

-  Терма жамоадаги таркибларни солиштирмайман. Аммо ҳозирги пайтда Ўзбекистонда тўп сураётган футболчилар термада кўпроқ ўйнашяпти. Бу яхши эмас. Чунки чемпионатимиз савияси паст. Айтяпман-ку, “Пахтакор” олдиндан чемпион бўлса, унинг аксарият футболчилари терма жамоада тўп суришса, кучли ўйинларда кам иштирок этишганидан кейин барибир ўйинларига таъсир қилади. Бизда етакчи футболчи Элдор Шомуродов. Илоҳим, у ҳам ўйин амалиётига эга бўлиб турсин. Агар захирага ўтириб қолса, ўйин амалиёти камаяди ва янада кучсизланиб кетамиз. Илгари Одил Аҳмедов, Виталий Денисов ва яна бир нечтаси кучлироқ чемпионатларда тўп сурарди. Термага келиб, ўйнаганида осонроқ бўларди, чунки кучли чемпионатдан келишарди-да. Ҳозир эса кучсиз чемпионатдан келиб кучлилар билан ўйнаш қийинроқ. Менимча, Одил Аҳмедов шунинг учун ҳам шундай деган.

акмал5

-  Юқорида Купер ҳақида тўхталдингиз, кўпчилик унинг услуби ўзбек футболига мос тушмаганлиги ҳақида айтишди. Нима деб ўйлайсиз, у эртароқ ишдан бўшатилганми ёки...

-  Бизда ҳамма мураббийни ёмонлашга ўрганиб қолган. Эрон, Япония, Жанубий Корея, Австралия каби термалар билан ўйнаганмиз. Улар биздан кучли. Ўшаларни ютиш вазифаси қўйиларди, олдимизга. Гап фақат мураббийда эмас. Бу ерда ўйинчиларнинг савияси деган нарса ҳам бор. Масалан, зўр мураббийга зўр таркиб билан ишлаш осонроқ, тўғрими? Ўзимиздан кучсизларни ютиш қулайроқ. Лекин ўзимиздан кучли рақибларни ютиш қийинроқ. Купернинг услуби ҳимоявий ёки бошқа дейишади, лекин ўзингиздан кучли бўлган жамоани ютиш учун ҳимоявий ўйин кўрсатиш керак, бусиз иложи йўқ. Тўғри, агар кучсизроқ жамоа билан ўйнаганда ҳужумкор тактика қўлласа бўлади. Шунинг учун бизга келадиган ҳар қандай мураббийга қийин. Чунки ўзидан кучли бўлган рақибларни ютиш керак бўлади. Мана, Саудия Арабистони билан ўйнадик, уларга иккита гол урдик, аммо улар бизга учта гол урди. Ўшанда ютқазгандан кўра, ҳеч бўлмаганда дуранг ўйнаганимизда имкониятимиз кўпроқ бўларди. Шу боис ҳаммасини мураббийга айблаш нотўғри. Мураббий кучсизроқ таркиби билан ўзидан кучлироқ бўлган таркибни ютиши керак бўлади.

-  Футболчиларимизнинг савияси қандай? Улар жаҳон чемпионатига чиқишга тортадиган даражадами?

-  Жаҳон чемпионатига чиқадиган даражадаги футболчилар ҳали кам. Таркибда камида 5-6 та ана шундай футболчилар бўлса осонроқ бўлади. Жуда қийин. Ҳисобим бўйича жамоамизда учта ана шундай футболчи бор, аммо номларини айтмайман.

-  Вазиятга реал қарасак, Қатардаги мундиалга чиқиш учун имкониятимизни неча фоизга баҳолайсиз?

-  Ўйлашимча, худди Қатар қўллаган услубни биз ҳам жорий этишимиз керак. Терма жамоани ёшартириб, улардан натижа талаб қилмасдан 10 йилда, кейин жаҳон чемпионатига чиқадиган даражага келтиришимиз керак. Ҳар сафар натижа сўралади, аммо шунга яраша ҳаракат бўлмайди. Майли, қитъамиздаги мусобақаларда кўзлаган натижага эриша олмаслигимиз мумкин, аммо кейинчалик бу ўз мевасини берадиган даражада шакллантиришимиз керак деб ўйлайман.

акмал1

-  Яқинда Азиз Ҳайдаров ўз интервьюсида ўша Жанубий Корея билан ўйинни эслади, сизнинг автоголингиз эвазига ютқазганимизда аслида айб сизда эмаслигини ва ўшанда нималар бўлганини очиқ айтди. Ўша автогол сизни ҳалигача қийнаб келадими ёки унутиб юборганмисиз?

-  Футболчи ва спортчилар руҳий томондан кучли бўлишлари керак. Масалан, “Пахтакор” футболчиси “Навбаҳор” мухлисларига ёқмаслиги мумкин, “Навбаҳор” ўйинчиси эса “Пахтакор” ёки “Андижон” ишқибозига ёқмаслиги мумкин. Бу одатий ҳол, ҳар доим кимгадир ёқасан ёки аксинча. Ўша голга келсак, бу футболда учраб турадиган ҳолат. Ҳар ўйинда кимдир кимгадир гол уради. Ўша пайтни эсласак, тўп оширилганида бошимни олиб қочмайман-ку, ортимдаги рақиб гол уриши учун. Ҳар қандай ҳимоячи ҳар бир вазиятда тўпни чиқариб юборишга ҳаракат қилади. Шу каби ҳолатларда эса тўп кутилмаганда ўз дарвозасига кириб кетиши мумкин. Агар ўшанда тўп узатилганида мен бошимни олиб қочсам буни одамлар қандай тушунишарди? Тўпдан ўзимни олиб қочдим дейлик, аммо рақиб барибир гол уриб кетади, ахир бу бир хил ҳолат-ку. Шунинг учун футболни тушунадиган одамлар бу ҳақида бир марта ҳам гапиришмайди. Ниманидир сабаб қиладиганлар эса доим гапираверади. Ютқазса ҳакам ёки бошқаси айбдор бўлади. Биз ўшанда Тожикистон ёки Туркманистонга эмас, Жанубий Корея майдонида ютқаздик. Корея ўйинчилари ҳар томонлама Ўзбекистон чемпионатидан кучлироқ. Мана, Олег Зотеевдан Жанубий Корея биринчи лигасининг савиясини сўрасангиз қанақа фарқ қилишини айтиб беради.    

-  Фаолиятингизни қачондир хорижда давом эттириш имконияти ҳам сизда бўлган. Чунки легионерга айланишингизни кутгандик...

-  Хориждан кўп таклифлар бўлган. Очиқчасига айтишим керак, қанот ҳимоячиларининг легионер бўлиб тўп суриши жуда қийин. Шу сабабли позицияга ҳам қаралади. Ўртада ўйнайдиганлар, ҳужумкор футболчилар ёки ҳужумчилар кўпроқ четга чиқади. Менга четдан таклифлар бўлганида оилавий сабабларга кўра ҳам танламаганман. Ўғлимнинг ҳам қанот ҳимоячиси бўлишини хоҳламаяпман. Кўпроқ марказда тўп сурадиганлар ёки ҳимоячи, ё ҳужумкор футболчиларга эътибор кўпроқ бўлади. Ўз чемпионатларида барибир қанот ҳимоячилари маҳаллий ўйинчилардан иборат бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Javlon Abdullaev
05/01/2021 18:13
Бир тийн
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
05/01/2021 23:00
Akmal fikrningni maqullayman lekin. Jahon chempionatiga tortadigan uyinchilar hozir har doimkidan kuchli Sastav. shunchaki uyinchilarni. har bittasini bir beriga mos tushadigan sastav yigish kerak. Oddiy misol. Hamrabekov bilan Aziz Ganiev. MTJ uynagan uyinlarga urta butin maydon buylap uyinni legiropka qiladi. Oddiy misol qaysi kamanda qarang urtasi kuchli bulsa. usha kamanda kuchli uynaydi. Oddiy misol Nasafni qanot hujimchilari unchalik kuchli emas. lekin urtasi kuchli evaziga. Nasaf shu yil hamma kamandadan bir bosh ustin. uyin kursatdi. Qisqasi. Sastavni tugri tersa. MTJ kuchli hozir ham.