
"Ал-Халдия" устози: "Андижон"нинг 23-рақамдаги футболчиси бизга катта хавф туғдирди"
“Андижон” - “Ал-Халдия (0:0) учрашувидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Али Ашур қатнашди.
- Ўйиндан олдинги режамиз бўйича яхши натижа қайд этишимиз керак эди. Бугун икки очко йўқотдик, деб айта оламан. Ўйин дуранг билан тугади ва иккала клуб бир очкодан қўлга киритди. Менимча, бу натижа адолатли бўлди. Бошидан ўйинни яхши ташкил қилишга ҳаракат қилдик. Тўпни назорат қилдик. Майдон марказида ҳам назоратни қўлга олишимиз керак эди. Лекин доим ҳам биз ўйлаган режа иш бермайди. Майдон марказида бироз назоратни йўқотдик. Биринчи бўлимда “Андижон”нинг 23-рақамли футболчиси бизга катта хавф туғдирди. Қанотлардан тезкорлик билан жарима майдончамизга ёриб киришга ҳаракат қилди. Бу эса бизга катта муаммолар туғдирди. Танаффусда футболчиларимга қанотларда эхтиёткор бўлиб ўйнашларини уқтирдим. Чунки ўша қанот хавф туғдираётганди. Шунинг учун иккинчи таймдаги ўзгариш орқали қанотни ёпишга ҳаракат қилдик. Умуман олганда, бизда ҳам, рақибда ҳам имкониятлар бўлди. 0:0 ҳисобидаги дурангдан иккала жамоа очко олди.
- Жамоангиз биринчи бўлимни 30-дақиқасигача ташаббусни қўлга олди. Ундан кейин анча сусайиш пайдо бўлди. Бу нима билан боғлиқ?
- Дастлабки дақиқаларда эътиборимизни рақиб жарима майдонига қаратгандик. Футболчилар гол уришни жуда исташди. Бу ярим ҳимоядаги кичкина хатолар. Улар қанотлардан хавфли ҳужумлар уюштиришга тушганида бундан футболчиларимиз бироз эсанкираб қолишди. Хато қилмаслик, ярим ҳимоядан рақибни ўтказиб юбормаслик ҳақида кўпроқ ўйлаб қолишди. Биринчи бўлимни охирги 15 дақиқаси айнан мана шундай ҳолатда ўтди. Танаффусдан кейин шу жиҳатни кўпроқ ёпишга ҳаракат қилдик.
- Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида “Андижон”ни яхши ўрганганингиз ҳақида айтиб ўтгандингиз. Учрашувда “Андижон” анча тажовузкор ўйин кўрсатди. Рақиб сиз кутгандек кўриндими?
- Ўйиндан олдин айтганимдек, яна қайтаришим мумкинки, жамоада яхши мураббий ва яхши футболчилар бор. Ҳа, учрашувдан аввал уларни шундай ўйин кўрсатишларини кутгандик. Бундай майдон, бундай муҳит ва мухлислар қаршисида яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қилишади. Сабаби, ишқибозларидан позитив энергия олишади. Бизга қийин бўлишини билгандик. 23-рақамли ўйинчиси ва жамоа сардори - 18-рақамли футболчиси жуда яхши ўйин кўрсатишди. Мураббийни уларни алмаштириб юборгани менга бироз сюрприз бўлди. Лекин уларни ўрнига майдонга тушганлар ҳам яхши ҳаракат қилишди. Ўйнчиларим сўнгги дақиқаларда рақибга имконият бермаслик ҳақида ўйлашди.
- 5 ноябрь куни энди “Ал-Халдия” “Андижон”ни қабул қилади. Жавоб учрашувида қандайдир ўзгариш бўлиши мумкинми? Умуман, нима кутяпсиз?
- Унгача 29 октябрь куни Қатарда “Ал-Аҳли”га қарши ўйинимиз бор. Бор эътиборимиз ўша учрашувга қаратилади. 5 ноябрь кунги бўладиган ўйинга келсак, албатта, бу сафаргисидан фарқли ўйин бўлади. Бор эътиборимизни эса ундан олдинга баҳсга қаратиб турамиз.
- “Андижон” мухлислари ва “Бобур арена” стадиони сизга қанчалик ёқди?
- Албатта, мухлислар менга жуда ёқди. Умуман, ишқибозларни ёқтираман. Майдон ҳолати ва стадион ажойиб. Андижондан жуда катта таассуротлар билан қайтяпман. Одамлари, шаҳар, мамлакат, таомлари, ҳаммаси менга жуда манзур бўлди. Худо хоҳласа, жамоа Баҳрайнга борганда биз ҳам худди шундай кутиб олишга ҳаракат қиламиз.
Фикрлар
1 очко олганига хурсанд-ку