
Алаба Хаби Алонсо қўл остида янги имкониятга эга бўладими?
Мадриднинг "Реал" клуби ҳимоячиси Давид Алаба янги бош мураббий Хаби Алонсо даврида ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
Сўнгги икки мавсум австриялик футболчи жароҳатлар сабаб омадсиз ўтказди ва матбуотда унинг фаолияти тугаётгани ҳақида гаплар пайдо бўлган эди. Бироқ, "Marca" нашрининг хабар беришича, Алонсо Алабанинг тўп билан ишлаш маҳоратини юқори баҳолайди ва унинг жамоага катта фойда келтиришига ишонади.
Испаниялик мураббий 33 ёшли футболчини турли позицияларда синамоқда. Яқинда "Леганес"га қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувида номинал марказий ҳимоячи ярим ҳимояда тўп сурди.
Алабанинг "Реал" билан шартномаси келаси йил ёзда якунланади. Маълумот учун, Давид 2024/25 йилги мавсумда майдонга 14 марта тушган.
Фикрлар