Албания терма жамоаси медиа раҳбари: "Албанияда Хебайни диққат билан кузатиб боришмоқда"

"Андижон" ҳужумчиси Рубин Хебайга боғлиқ навбатдаги мақоламизни тақдим этамиз. Яқинда унинг собиқ мураббийи албаниялик Ренато Арапининг фикр ва мулоҳазаларини тақдим этгандик ва бу сафар ваъдага вафо тариқасида олдиндан режалаштирганимиздек, Албания терма жамоаси медиа раҳбари Фатжон Кадро билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Рости, “Андижон” матбуот хизмати Хебай тўғрисида Албания терма жамоаси бош мураббийи бразилиялик Силвиньо билан боғланиб, суҳбатлашиш ҳаракатида бўлди. Бироқ мутахассис таътилда бўлгани сабабли бунинг иложи бўлмади ва энг яхши вариант сифатида биз бевосита ҳамкасбимиз, Албания терма жамоаси медиа раҳбари билан алоқага чиқдик. Табиийки, унинг фикрлари ҳам қизиқарли эди.

- Суҳбатга розилик билдирганингиз учун раҳмат. Асосий мавзу Рубин Хебай. Унинг Ўзбекистон чемпионатида қандай натижалар кўрсатганидан хабардор бўлсангиз керак...

- Рубин Хебай Албаниянинг иқтидорли ва келажаги порлоқ футболчиларидан бири, албатта. У бир нечта ёш тоифасидаги терма жамоаларда ўйнаган. Биз уни янгиликлар орқали кузатиб борамиз. Табиийки, Ўзбекистонда албаниялик футболчининг бу қадар ажойиб натижа кўрсатгани биз учун жуда ҳам фахрли туйғу. Албания матбуоти унинг ажойиб ўйинлари ҳақида давомли тарзда ахборотлар бериб боряпти ва бу ердаги ҳамма унинг Ўзбекистонда ҳамда “Андижон” клубидаги натижаларидан хабардор. Очиғи, Албанияда футбол ихлосмандлари мамлакатимиз ўйинчисини хорижда қандай натижага эришган бўлса, бунга беэътибор қарашмайди. Жиддий қарашади. Сизни ишонтириб айтишим мумкинки, албаниялик кўплаб мухлислар Рубин Хебайнинг Ўзбекистондаги ажойиб натижалари ва эришган ютуқларидан яхши хабардор ва уни диққат билан кузатиб боришмоқда.

кадро1

- Рубин жами 14 та гол урди ва “Андижон” клубининг энг яхши тўпурари бўлди. Ўзбекистон чемпионатида эса тўпурарлар орасида иккинчи ўринда қайд этилди. Бундан ташқари, Суперлиганинг ва клубнинг ҳам энг яхши ўйинчисига сазовор бўлди. Қолаверса, рамзий терма жамоадан жой олди. Ундан шундай натижаларни кутганмидингиз?

- Хебай доим юқори потенциалга эга футболчи бўлган. Биз учун у ҳамиша келажаги порлоқ иқтидор эгаси сифатида қаралган. У Шкодерда туғилган. Ушбу шаҳар Хебай каби жуда кўплаб иқтидор эгаларини етказиб бериш билан машҳур. Бу шаҳардан йилига жуда ҳам кўплаб кучли футболчилар етишиб чиқади, дейишим мумкин. Тўғриси, Рубинни бу қадар юқори даражага кўтарилиб бораётганини кўриш мен учун катта сюрприз эмас. Чунки унинг нималарга қодирлигини, қандай натижалар қайд эта олишини аввалдан тахмин қилишим мумкин эди. Айтишим мумкинки, унинг имкониятлари ва ҳозирги ёшидан келиб чиқиб, олдинда янада кўплаб яхши натижаларга эриша олишини тахмин қилишим мумкин. Унда бунинг учун барча хислатлар етарли.

- Сизнингча, бу футболчи Албания терма жамоасига мос тушадими? Нима деб ўйлайсиз, бош мураббий Силвиньонинг шахсан ўзи кузатяптими?

-  Тўғриси, бу менга эмас, бош мураббийга берилиши керак бўлган савол. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам кафолат бериб айтишим мумкинки, албаниялик хоҳлаган футболчи, у маҳаллий чемпионатда бўладими ёки дунёнинг бошқа исталган бурчагида бўладими, терма жамоанинг техник мутахассислари томонидан доимий равишда кузатиб борилади. Терма жамоа эшиклари қизил ва қора рангли либос кийишга лойиқ бўлган барча албаниялик учун очиқ ва Хебай ҳам бундан мустасно эмас.

кодра

- Умуман олганда, Албанияда Хебай тўғрисида яна нима дейишяпти?

- Олдин айтиб ўтганимдек, Албания медиаси унинг ютуқлари ва ривожланиши тўғрисида давомли тарзда маълумотлар бериб, ўзига яраша кўрсатувлар тайёрлаб эфирга узатиб келишяпти. Мухлисларимиз унинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида яхши билишади. Албания футболининг барча ишқибозлари Хебайнинг юртингиздаги ажойиб натижалари давом этиши, кўпроқ голлар уриши ва насиб этса жамоалари билан титуллар ютишини тилаб қолишади.

- Ўзбек футболи ҳақида нималарни биласиз?

- Тўғрисини айтишим керак, ўзбек футболи тўғрисида бизда кўп маълумот йўқ. Балки бу масофанинг олислиги ёки Хебайгача бирорта ўйинчи ушбу мамлакатда ўйнамагани билан боғлиқдир. Аммо Рубин Ўзбекистонда ўйнашни бошлаганидан кейин биз ўзбек футболи ва чемпионати ҳақида кўпроқ маълумот олишни, яхшироқ билишни бошладик. Шуни айтмоқчиманки, 2010 йилда Албания терма жамоаси Ўзбекистонга қарши ўртоқлик ўйинида ҳам ўйнаган ва унда биз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганимизни эслайман.

кадро2

- Қатарда Осиё Кубоги мусобақаси старт олди. Ўзбекистон терма жамоасининг имконияти ҳақида сўрамоқчиман. Ушбу турнирни кузатасизми?

- Биз одатда жаҳон ва Европа чемпионатларини кузатиб борамиз. Бизнинг мамлакатимизда одамлар футболни жуда ҳам яхши кўришади. Бироқ халқаро миқёсидаги катта мусобақалар, жумладан, Осиё Кубоги, Африка миллатлар Кубоги ва Копа Америка каби турнирларни ҳам давомли тарзда кузатиб боришга ҳаракат қиламиз. Ўзбекистон терма жамоаси Сречко Катанец бошчилигида яхши натижаларга эришаётгани хусусида биламиз. Айниқса, словениялик мутахассис бизнинг мамлакатда ҳам яхши танилган. Биз Сречко Катанец номини яхши биламиз. Айтиб ўтишим керакки, Ўзбекистон Осиё Кубогида Австралия, Сурия ва Ҳиндистонга қарши қийин гуруҳдан жой олган. Бироқ жамоа ва ундаги футболчиларнинг даражасидан келиб чиқиб айтишим мумкинки, Осиё Кубогида терма жамоангиз яхши натижаларга эришиши мумкин.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!