«Алдамчи тўққизлик» ролидаги Азар энг зўрими? (Эркин Ғайбуллаев блоги)
Ads

«Челси» юлдузи Премьер Лиганинг сўнгги турида бир гол ва голли узатмаси билан «Брайтон» устидан қозонилган ғалабада жамоасининг муҳим ўйинчиси эканлигини яна бир марта исботлади. У янги бош мураббийнинг тактик чизгиларида муҳим фигурага айланди.

Голлар, голли узатмалар ва ўйин услуби ҳамма ерда футбол мухлисларига ёқадиган асосий факторлар ҳисобланади. Эден Азар кеча бўлиб ўтган ўйинда ўзининг «Челси» сафидаги энг ёрқин ўйинларидан бирини ўтказди.

Бельгиялик футболчини авваллари секин ҳаракатланишда айблашарди. Шу сабабли ҳам у футбол дунёсида ўн йиллардан бери ҳукмронлик қилиб келаётган Криштиану Роналду ва Лионель Мессига рақобатчилик қила олмади.

У 2018/19-йилги мавсумда ҳам юқорида тилга олинган икки суперюлдуз каби тўпурарлик маҳоратини кўрсата олмаяпти. Аммо у бошқа жабҳада ўзини кўрсатмоқда. «Брайтон»га қарши баҳсда Педрога узатган паси тўққизинчиси бўлди ва бу билан у Европанинг энг яхши ассистентига қисқа муддатга бўлсада айланиб олди. Бир неча соат ўтиб «Леванте»ни «янчиб ташлаган» Месси етакчиликни яна қайтариб олди. Аргентиналик даҳонинг ҳисобида 10 та голли узатма бор.

Азар қарши ҳужумда Виллиан ва Матео Ковачичнинг ёрдами билан рақиб ҳимоясини доғда қолдиришга муваффақ бўлди.

Ўйиндан умумий хулоса шуки, Азар лондонликларнинг нафақат энг яхши вингери, балки энг яхши «тўққизлиги» ҳам ҳисобланади.

У сўнгги вақтларда намойиш қилаётган ўйинлари билан Премьер Лиганинг энг яхши футболчисига айланиб бормоқда.

У «Челси» учун борган сари муҳим футболчига айланиб бормоқда. У бу мавсумда Премьер Лигада гол+пас тизимида энг зўрига айланди (16 ўйинда 17 очко). У ўтган мавсумдаги (34 ўйинда 16 очко) кўрсаткичини ҳозирнинг ўзидаёқ янгилаб бўлди.

Маурисио Сарри Азар бундан кейин «алдамчи тўққизлик» вазифасини бажаришда давом этишини таъкидлади. «Ўйлашимча, у бу позицияда биз учун жуда муҳим футболчи бўлади. У жамоадошлари билан яхши ҳамкорлик қила олади, бўш ҳудудлар яратишга уста. Ҳозир у бу позицияда ҳужумдаги ўйинини ҳам кучайтириб олади» – деб ўйлайман деди италиялик мутахассис ўйиндан кейин берган интервьюсида.

Бу Саррининг «кўклар»ни марказий ҳужумчисиз ўйнашга қодир жамоага айлантиришида муҳим тактик ўзгариши бўлди. “Наполи”даги фаолиятининг охирларида Сарри Дрис Мертенсдан ҳужумдаги асосий қурол сифатида фойдаланганди. Бельгиялик футболчи бу вазифада юқори спорт формасини намойиш қилди ва А Серияда 91 очко жамғаришга эришди.

Энди эса бу нуқтада Эден Азар порлашга яқин турибди. 27 ёшли футболчининг ҳозирги спорт формаси ажойиб эканлигига доир муҳим факт шуки, у чемпионатнинг қатор учрашувида кетма-кет тўрт узатмани амалга оширди. Бу камдан кам ҳолларда содир бўладиган воқеа.

Ундан аввал «Челси»да 2014-йилда Сеск Фабрегас бундай кўрсаткичга эриша олган эди.

У «Брайтон»га қарши учрашувдан олдин 12 ўйинда гол ура олмай келаётганди. Сўнгги вақтларда бельгиялик иқтидор эгаси гол уришнинг ўрнига пас узатишни машқ қилиб келаётганди.

«Манчестер Сити»га қарши баҳсда у жамоасининг ғалабасини таъминлаш учун ўзини қурбон қилди.

«Брайтон»га қарши ўйинда у яна олдинги роли – суперюлдуз мақомига қайтди. «Манчестер Сити» «Челси»дан кўра анча кучлироқ таркибга эга бўлиши мумкин, «Ливерпуль»да бир талай кучли ҳужум чизиғи вакиллари бўлиши мумкин. Аммо Азар каби ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўладиганлари кам топилади. Айниқса унинг янги мураббий қўли остида янгидан-янги вазифаларни бажариши ва мураббий талабларини бекаму-кўст бажариши аҳамиятга молик.

Азар ҳам индивидуал, ҳам жамоавий жабҳаларини кучайтириб бораётгани таҳсинга сазовор. Премьер Лиганинг нечта футболчиси Азар бажараётган ишларни қилмоқда?