Александр Касьян: “Бу сафар ғалаба тўпини киритиш ниятидаман”

Хабарингиз бор, Coca Cola Суперлига 21-туридан ўрин олган баҳсда “Навбаҳор” ўз майдонида Самарқанднинг “Динамо” клубини қабул қилади. Мазкур ўйиндан олдин "лочинлар"нинг россиялик ҳужумчиси Александр Касьян бўлажак учрашув борасида клуб матбуот хизматига қисқача интервью берди.

- Бўлажак ўйинга тажрибали мураббий Андрей Антанасович Канчельскиснинг қўл остида жиддий тайёргарлик кўряпмиз ҳамда майдонга фақат ғалаба иштиёқида тушамиз.

Тўғри, 1 октябрь кунги баҳс жамоамиз учун осон кечмайди. Боиси, “Динамо” клуби турнир жадвалининг қуйи поғонасида бормоқда ҳамда Суперлигада “жон сақлаб қолиш” учун рақибимизга очко сув ва ҳаводек зарур. Бундан ташқари, самарқандликлар Наманганга янги бош мураббий бошчилигида ташриф буюришади ва унинг дебют ўйинида ўзларининг бор маҳоратларини намойиш этишга ҳаракат қилишади. Шунинг учун бўлажак баҳснинг кескин курашлар остида кечиши эҳтимоли юқори.

“Навбаҳор” 2-даврада мухлислар кутган ўйинни намойиш этолмаяпти. Шунингдек, мен ҳам анчадан буён майдонни голсиз тарк этяпман. Бўлажак ўйинда ушбу нохуш анъанага чек қўйиш, “Динамо” дарвозасига тўп киритиб, жамоамизнинг ютуғига муносиб ҳисса қўшиш учун барча имкониятимни ишга соламан.

Ёдингизда бўлса, биринчи даврада кечган Самарқандда бўлиб ўтган баҳсда гол уриб, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлгандим (Сoca Cola Суперлига 6-туридан ўрин олган ўша баҳсда жанговар дуранг – 2:2 ҳисоби қайд этилганди).

Наманганда “Динамо” дарвозасига урадиган бу сафарги голим эса “Навбаҳор”га ғалаба келтиради, деган умиддаман.

Ишқибозлардан эса бизни бўлажак ўйинда муносиб қўллаб-қувватлашларини тилаб қоламн. “Навбаҳор” – “Динамо” учрашувига ташриф буюриб, бизни 12-ўйинчи сифатида қўллаб-қувватланг, азиз мухлислар!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Фан
29/09/2019 09:59
Албатта стадиондан туриб куллаб-кувватлашимизга худо хохласа шубхамиз йук.
Ниятинг йулдошинг булсин, "галаба тупи" эмас туплари десанг хам сенга ярашаверади.