Александр Касьян: "Майдонга ғалаба иштиёқида тушамиз"
Ўзбекистон Суперлигаси 26-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – АГМК ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг 33 ёшли тажрибали ҳужумчиси Александр Касьян бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Бўлажак ўйин жамоамиз учун улкан аҳамиятга эга. Боиси, мазкур баҳсдаги ғалаба бизга чемпионлик унвонини тақдим этиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Фақатгина бунинг учун ушбу турдан ўрин олган “Бунёдкор” – “Пахтакор” ўйинида ҳеч бўлмаса, дуранг натижа қайд этилиши лозим.
Рақибимиз АГМК ҳам жорий мавсумнинг сўнгги учрашувида муносиб ўйин намойиш этишга интилади. Шунинг учун беллашув кескин курашлар остида ўтади, деган умиддаман.
Биз ҳам бу йилги мавсумни муваффақиятли тарзда якунлаб, охирги ўйинда мухлисларимизга қувонч улашишга интиламиз ва буни амалга ошириш учун барча имкониятимизни ишга соламиз. Майдонга эса ғалаба иштиёқида тушамиз.
Фақатгина ушбу беллашувда ишқибозлардан жамоамизни бевосита стадионда муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб, зафаримизни биргаликда нишонлашларини сўраб қоламан.
“Навбаҳор” жорий мавсумда ўз олдига қўйган мақсадни амалга ошириб, Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритишга муваффақ бўлди ва ушбу натижага эришганимиздан хурсандман.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар