Александр Стоймирович: "Ўз майдонимизда мағлуб бўлиш жуда оғир"

Суперлиганинг 7-туридан ўрин олган сўнгги учрашув "Локомотив" - ОКМК баҳси бўлиб ўтди. Ўйинда ҳисоб очилишини 84 дақиқада кутишга тўғри келди. Қосимов мезбонлар дарвозасини ишғол қилган бўлса, Ғиёсов фарқни иккитага ошириб қўйди. Шу тариқа, олмалиқликлар турнир жадвалида 4, "Локомотив" эса 10-ўринга жойлашди. Учрашувдан сўнг Александр Стоймирович матбуот анжуманида қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.

"Ўз майдонимизда мағлуб бўлиш жуда оғир. Устига-устак мен ушбу жамоаларда ишлаганман. Ўз вазиятларимиздан фойдалана олмадик, омадимиз келмади, ҳудди "Навбаҳор"га қарши ўйиндаги каби. Ўшанда дарвозамизга бўлган дастлабки иккита зарба гол бўлганди. Жуда оғир. Йигитларнинг ўйинга бўлган муносабати ўзгаргани йўқ. Ҳаракат қилишди, вазиятлар яратишди, ўйинда узоқ вақт давомида барчасини назорат қилиб туришди.

ОКМК - сўнгги йилларда биргаликда ўйнаб келаётган жуда яхши жамоа. Охирги икки йилда улар ОЧЛда ўйнашди. Илк турлардан бери айтяпман, қуйи лигадан чиқиб келингандан кейинги биринчи йил жуда қийин ўтади. Ҳозирча бизда айрим жойларда тажриба, баъзи пайтларда эса сифат етишмаяпти. Яхши ҳолатлар ҳам бор: бугун биз ўзимиз учун икки ёш футболчини кашф қилдик. Абдуллоҳ Йўлдошев ва Шерзод Комилов бугун яхши ўйин кўрсатишди, улар келажакда "Локомотив"да асосий таркибда ўйнашига ишонаман. Бизнинг мақсадимиз шундай: ёшларни кашф қилиш ва уларга имконият бериш. Лазиз Мирзаевга ҳам ҳали кўп имконият берилади.

Етти тур ўтди ва селекция борасида айрим ҳулосаларга келдик. Ўйин бобида нима дейиш мумкин, ОКМКни яхши ўрганиб чиққандик ва шунга яраша тайёрлангандик, ёмон ўйнадик деб ҳисобламайман. Шунчаки урилиши керак бўлган вазиятларни голга айлантира олмадик. Ҳа, кўп вазият яратмадик, аммо биз биринчи бўлиб вазият яратишни бошладик. Ҳечқиси йўқ, олдинга ҳаракатланишда давом этамиз. Навбатдаги учрашув "Бунёдкор" билан. Эртадан кейин бу баҳсга тайёргарликни бошлаймиз ва доимги кайфиятда ўйнаймиз", - деди Стоймирович.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!