Александр Хомяков: "Асосийси, сафардаги ўйинда бир очкони қўлга киритдик"
ОКМК – “Андижон” (0:0) ўртасидаги учрашувдан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманининг биринчи қисмида "бургутлар" бош мураббийи Александр Хомяков иштирок этди.
- Барча мухлисларни, ОКМК ва “Андижон” жамоасини ҳам янги мавсум бошлангани билан табриклаб қоламан. Айтишим мумкинки, ҳар бир жамоани кўзлаган мақсади доим ҳам амалга ошавермайди. Умумий маънода айтганда, ҳиссиётларга бой ўтган ўйиндаги натижа яхши бўлди, деб ўйлайман. Жанговар ўйин кечди. Ҳамма ҳиссиётларга берилди, ҳатто менда ҳам ўйин давомида ҳиссиётлар юз берди. Ўз ўрнида жамоамдан ғалаба кутгандим. Ғалаба иштиёқида майдонга тушгандик. Биз ўйлаган режа амалга ошмади. Ҳужумларимиз ёмон бўлмади. Аммо кўзлаган натижага эриша олмадик. Бир марта ҳимоячининг хатоси туфайли яхши имкониятга эга бўлгандик ва гол уришимиз мумкин эди. Афсуски, фойдалана олмадик. Рақиб ҳам хавфли вазиятларни ташкил қилди. Дарвозабонимиз эса яхши ҳаракат қилди. Бу ўйинга баҳо бериш анча қийин. Чунки хотиржам бўлиб, ўйинни бошидан кўриб чиқиш керак. Асосийси, сафардаги учрашувда бир очкони қўлга киритдик ва олдинга интилишда давом этамиз.
- Демак, бугунги натижадан қониқдингизми?
- Ҳа, натижадан қониқдим. Иккинчи таймда рақиб бир қатор ҳужумларни уюштирди. Биз бунда яхши ҳимояландик ва қарши ҳужумларда ўйнашга ҳаракат қилдик. Йигитлар характер кўрсатиб, топшириқларимни бажаришгани учун хурсандман. Ҳисобни сақлаб қолдик ва бир очкога эга бўлдик.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар