Александр Хомяков: "Ҳар бир ўйинни худди финал каби ўтказамиз"

“Сурхон” – “Андижон” (2:3) ўртасидаги учрашувдан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Александр Хомяков журналистларнинг саволларига жавоб берди.

- Авваламбор, узоқ йўл босиб келган мухлисларимизни ғалаба билан табриклайман. Бугунги ўйиндаги ғалаба билан жамоамиздаги барчани, футболчиларни табриклайман. Лекин учинчи голни урганимиздан кейин хотиржамликка берилдик ва охирги дақиқалар биз учун яхши ўтмади. Бу ҳолат биз учун дарс бўлди. Ўйинда ғалаба қозонганимиздан хурсандмиз.

- Бектемир Абдуманнонов бу йил “Андижон”нинг энг яхши трансфери бўлди. У кўпроқ пас берувчи ролни ўйнамоқда. Сиз ундан кўпроқ қайси хусусияти бўйича фойдаланяпсиз? Чунки у ҳужумчи. Аммо “Андижон”да паслар орқали ўйин намойиш қиляпти.

- Эътибор берган бўлсангиз, Абдуманнонов ҳужумкор қанот ярим ҳимоясида ўйнамоқда. Лекин айтиб ўтиш керак, нафақат Бектемир, балки бутун жамоа ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам бирдек ўйнаяпти. Лекин кимнидир алоҳида таъкидлаб ўтмаган бўлардим. Бутун жамоа ишлаяпти. Ҳар бир учрашув биз учун катта аҳамиятга эга ва биз ўйинларимизни финал каби ўтказмоқдамиз.

- “Андижон” иккита ўйинда 8 та гол урди ва муҳим ғалабаларни қўлга киритяпти. Футболда ғалабалар аксинча таъсир қилиши ҳам мумкин. Хаддан ташқари хотиржамликка берилиши ёки бўшаши каби...”Андижон”га мана шу ғалабалар кейинги учрашувларда қай тарзда таъсир ўтказади?

- Ҳа, албатта футболда бундай ҳолатлар кузатиб турилади. Ўз уйимиздаги биринчи учрашувда кўп голлар урдик. Мана, ҳозир ҳам меҳмонда учта тўп киритдик. Лекин биз бўшашмаймиз. Ҳар бир чизиққа эътибор берамиз. Жамоамизда юқори потенциал бор. Лекин ҳозирча 100 фоизли потенциалимизни кўрсатганимиз йўқ. Ҳужумда ва ҳимоядаги ўйинимизга эътибор беришимиз керак. Устимизда ишлашда давом этишимиз керак. Яна қайтараман: ҳар бир беллашувни худди финал каби ўтказамиз.

- Ўтган йили ўзини кўрсатган Рубин Хебай клубни тарк этди ва ўрнига россиялик ёш ҳужумчи Лука Згурский олиб келинди. У ҳақида фикрингиз қандай? Лука Хебайнинг ўрнини боса оладими?

- Ҳа, Хебай бошқа даражадаги ҳужумчи. Рубин бемалол голли имкониятларни юзага келтира олади. Лекин у иккинчи даврада нечта гол урганди?

- 3 та.

- У бугун гол урса, эртага буни бажара олмаслиги мумкин. Биз иккинчи даврада жамоавий ўйинга кўпроқ эътибор қаратиб, ғалабаларимизни шунинг асносида қўлга киритгандик. Ҳа, Хебай биринчи даврада кўпроқ гол урди ва вазиятлар ярата олди. Лекин иккинчи даврада айтганимдек, жамоавий ўйин эвазига голлар урдик ва ғалабаларга эришдик. Згурский ёш ва иқтидорли. У ўзини кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Ўтган турда гол ҳам урди. Бизда 3 та ҳужумчилар бор ва улар исталган пайтда бошланғич таркибда ўйинни бошлашлари мумкин. Самиев, Турдимуродов ва яна ёшлар жамоамиздаги ёш ҳужумчини айтишим мумкин. Биз Хебайнинг ўрнини ушбу ҳужумчиларимиз билан ёпмоқчимиз.

“Андижон” матбуот хизмати.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!