Александр Хомяков: "Ўйинда нималар ўхшаган ёки ўхшамагани ҳақида гапирмоқчи эмасман"

TIGGO 2 PRO

“Навбаҳор” – “Андижон” (2:2) ўртасидаги учрашувдан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманининг дастлабки қисмида меҳмонлар бош мураббийи Александр Хомяков журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Бундай дербилар ҳиссиётларга бой ва бошқача  руҳда ўтади. Ўйлайманки, ушбу сафарги водий дербиси ҳам ўзини оқлади. Ҳиссиётларга, голларга, вазиятларга бой бўлди. Об-ҳаво ҳам туртки бўлди, ўйиндан аввал ёмғир ёғди. Майдон футбол ўйнаш учун яхши ҳолатда эди. Ўйлайманки, қизиқарли учрашув гувоҳига айландик. Охиригача интрига сақланиб турди. Ўйин якуни асабий ўтди. Майдонда камчилик бўлиб қолганимиздан кейин ҳам ҳисобни тенглаштириш учун олдинга ташланган футболчиларимга қойил қолиш керак. Албатта, бизни  бундан бошқа йўлимиз ҳам йўқ эди. Барчасини жуда яхши тушуниб тургандик. Чунки бизни жуда катта мухлислар армияси қўллаб-қувватлаб турганди. Улар бизга қайғуришяпти, ишонишяпти ҳамда доимгидек ғалабани кутишяпти. Мураббий сифатида бир қанча ҳолатлар мени қониқтирмади. Бир қатор режаларимиз ўхшамади. Рақиб бизга ўйнашимиз учун имконият яратиб берди. Бундай пайтда бошқачароқ ўйин кўрсатсак бўларди. Биринчи ва иккинчи бўлимдаги тезкор голлар эса бизни таслим қилмади. Ўйин якунида очко олишни уддаладик. Албатта, бунинг учун йигитларга раҳмат.

- Охирги йилларда Наманганда “Андижон” ажойиб ўйин намойиш қиляпти ва ноқулай рақибга айланиб боряпти. Айтинг-чи, бу учрашувда нима ўхшади ва нима ўхшамади? Шунингдек, “Навбаҳор” майдонида энг оғир ўйин қайси бўлган?

- Савол учун раҳмат. Ҳар бир учрашув қийин ўтади. Ўйинда айнан нималар ўхшаган ёки ўхшамагани ҳақида гапирмоқчи эмасман. Режамиз бўйича биз бошқачароқ ўйин кўрсатмоқчи эдик. Иккала бўлим бошида голлар ўтказиб юборганимиз ёмон. “Навбаҳор” тўртталик услубига ўтганидан кейин бизда муаммолар кўзга ташланди. Айтганимдек, бу ердаги ҳар бир беллашув оғир ўтади. Баъзида ўйлаганларинг амалга ошади, баъзида эса йўқ. “Навбаҳор” яхши жамоа. Омад биз томонда бўлди. Бир футболчи кам бўлиб қолганимизда ҳам йигитлар қўлини туширишмади. Ўз имкониятини кутишди. Учрашувдан яхши жиҳатларни кўрса бўлади.

- Олдинги учрашувларга нисбатан таркибда ротация бўлишига нима сабаб?

- Биласизми, об-ҳаво туфайли айрим ўйинчиларимиз бетоб бўлиб қолишди. Крезиу шамоллаганди. Олег Зотеевда иситма бор эди. Таваккал қилиб уни майдонга туширишни истамадик. Захирадан ўйинга қўшилганлар яхши киришиб кетишди, омадли бўлди ва энг асосийси, керакли голни урдик.

- Ҳакам футболчимизга қизил карточка кўрсатди. Ўша вазиятдан олдин кўпчилик “Навбаҳор” ўйинчисига қизил кўрсатишини кутганди. Буни кутганмидингиз?

- Ўша эпизод биздан узоқда эди. Рақиб ўйинчиси қўполлик ишлатгандек кўринганди. Бизнинг ўйинчимизга қўпол ўйнагандек, эди. Лекин ҳакам халқаро тажрибага эга. Бизнинг ўзбек ҳакамларимиз орасида байроқдори. Айрим вазиятлар учун баҳслашиш мумкиндир, бироқ умумий олганда унга ортиқча эътирозлар йўқ.

- “Андижон”нинг иккала голини “Навбаҳор” футболчилари киритишди. Жамоангиз кўп ҳам вазият ярата олгани йўқ. Бундай ўйин билан ОЧЛга қанчалик тайёр бўла оласизлар?

- Ҳа, менга ёқмади. Лекин футбол хатолардан иборат. Ҳеч ким хато қилмаса футболнинг жозибаси йўқолади. Мухлислар шу боис стадионга келадилар. Бизда ҳам, “Навбаҳор”да ҳам хатолар учраб турди. Ўйинда муаммоларимиз бор. Ҳамма ўз муаммоларини тўғрилаш ҳаракатида. Тажовузкор ўйнашга ҳаракат қиляпмиз, аммо ҳимояда ўтказиб юборяпмиз. ОЧЛга ҳали вақт бор. Камчиликларимиз устида ишлаймиз. ОЧЛ баҳсларида бошқа даража бўламиз.

- Таркибдан қониқяпсизми? ОЧЛ учун яна кучайтириладими?

- Албатта, йиғилган таркибдан қониқиш ҳосил қиляпман. Бу жамоа билан жиддий мақсадларни бажаришга ҳаракат қиламиз. Ҳозирча бироз вақт керак. Кўплаб янги футболчилар бор. Бир-бирини тушуниши учун вақт талаб қилинади. Кўрамиз, вақт олий ҳакам. Ҳимояда ва ҳужумда, ўйинни ташкил қилиш бўйича ишни давом эттирамиз.

- “Нефтчи”, “Навбаҳор” ва “Андижон” каби водий клубларининг совринли ўринлар учун имкониятини қандай баҳолайсиз?

-“Қўқон-1912” ҳам бор. Мен башоратчи эмасман. Ҳозир яққол фаворит йўқ. Эндигина 3-турни ўтказдик, нима дейишим мумкин? Ҳар бир жамоада имконият бор. Чунки ҳар бир клуб охиригача кураш олиб боряпти. Натижага бир қатор омилларнинг таъсири бўлади.

- Бу мавсумда “Андижон”нинг мақсади қандай?

- Юқори мақсад бор. Медаллар учун курашамиз. Ҳар бир ўйинда мухлисларимизни хурсанд қилиш учун ўйнаймиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!