
Александр Хомяков: "Қўқон-1912"ни аутсайдер деб ҳисобламайман"
Суперлиганинг илк туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Андижон” (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Александр Хомяков иштирок этди.
- Авваламбор, чемпионат бошлангани билан барча мухлисларни қизғин табриклайман. Умид қиламанки, навбатдаги биринчилик томошабоп ва курашларга бой руҳда ўтади. Бевосита ўйинга келсак, биринчи турда ҳар қандай жамоа руҳан ҳаяжонланади. Эҳтиёткорликка урғу берилгани боис у ёки бу клуб томонидан хавфли вазиятлар кўп ҳам юзага келмайди. Қўқон жамоаси менга ёқди. Майдон эгалари бўлганлари боис улар учрашувда ташаббусни ўз қўлларида сақлашга ҳаракат қилишди. Хуллас, руҳий жиҳат биринчи планга чиққан баҳсда томонлар хатога йўл қўймасликка ҳаракат қилишади ва буни бугун гувоҳи ҳам бўлдик. Албатта, имкониятларимиз бўлди. Аммо жанговар дуранг.
- Про лигадан чиққан жамоа майдонида қайд этилган дуранг бўлди. Дебютантга қарши йўқотилган икки очко борасида нима дея оласиз?
- Мен бундай деб ҳисобламайман. Бугунги кунда ҳар бир жамоа футбол ўйнашни билади. Биринчи ўйин, уй стадиони. Боя айтганимдек, “Қўқон-1912” жамоаси менга ёқди. Мезбонлар ғалаба учун астойдил ҳаракат қилишди. Баъзи вазиятларда бизни шошириб ҳам қўя олдилар. Лекин вақтида амалга оширилган алмаштиришлар туфайли ўйин тенглашгандек бўлди. Очиғини айтаман, жамоамизнинг айрим вазиятлардаги ҳаракатларидан қониқмадим ва мен буни ўзига яраша сабоқ деб ҳисоблайман. Бундан эса албатта хулоса чиқариб оламиз. “Қўқон-1912”ни аутсайдер деб ҳисобламайман. Натижа эса ўйинга ҳар томонлама мос.
- Биринчи бўлимда “Андижон” тажовузкор ўйнади. Лекин иккинчи бўлимда бундай бўлмади.
- Биринчи бўлимда иккала жамоа вакиллари асабийлашгани шундоқ сезилиб турди. Мана шунинг эвазига жуда томошабоп футбол бўлгани йўқ. Иккинчи бўлимга келсак, бир қатор футболчиларимиз ўйиндан узилиб қолганлари учун алмаштиришларни амалга оширдик. Тўғри, бўлимнинг дастлабки 15 дақиқасида назоратни ўз қўлимизда ушлаган бўлдик, кейин эса то ўйин тугагунча ҳимояландик. Айтмоқчиманки, алмаштиришлардан кўпроқ майдон эгалари яхшироқ фойдалана олдилар. Биз эса буни уддалай олмадик.
Фикрлар