Алиризо Мансуриан: "Истиқлол" ва "Локомотив"нинг гуруҳдан чиқишини хоҳлайман


Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси ОЧЛ гуруҳ босқичи 3-тур учрашувини бугун Теҳронда муҳташам “Озоди” стадионида “Истиқлол”га қарши ўтказади.

Кеча мазкур ўйинолдидан ҳар икки клуб вакиллари, бош мураббийлари ва футболчилар иштирокида "Persian Esteghlal Hotel" меҳмонхонасида матбуот анжумани учрашувдан олдинги расмий тадбирлар ўтказилди.

Аввалига "Истиқлол" бош мураббийи Алиризо Мансуриан ҳамда жамоа сардори Маҳди Раҳмати журналистларнинг саволларига жавоб қайтаришди.

Биз “Локомотив”ни яхши биламиз, уларнинг ўйин услуби бизга маълум. "Локомотив"нинг "Ал Таавон"га қарши учрашувини кўрдик, шунингдек, "Ал Аҳли" билан кечган баҳсини ҳам ўрганиб чиқдик. Жамоа яхши шаклланган, муҳими, рақиб ўйинида тартиб-интизом бор.

– Тўғри, клубимизда молиявий муаммолар бор, лекин ҳозир бу ҳақда ўйлаш керак эмас. Эътиборни эртанги ўйинга қаратишимиз лозим. Мен фақат футбол ҳақидаги саволларга жавоб қайтараман, пул билан боғлиқ масалаларга эмас. Агар эртага ғалаба қозонсак, Наврўз байрами олдидан мухлисларимизга ажойиб совға туҳфа этган бўламиз.

– Биз ҳам "Локомотив" сингари бир ўйинда ғалаба қозониб, бир бор мағлуб бўлдик. Энди бўлса ўзаро куч синашиб кўрамиз ва бу ўйин жуда қизиқарли кечиши кутилмоқда. Мақсадимиз - гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб кейинги босқичга чиқиш. Аммо бу осон бўлмайди, чунки кучли рақибларга қарши баҳс олиб борамиз.

– Албатта, эртанги ўйин финал эмас, лекин эътиборга молик бўлиши турган гап. Гуруҳдан кимларнинг чиқиши менимча, тўртинчи турдан сўнг ойдинлашади. Унгача эса бир нарса дейиш қийин. Менга қолса, гуруҳдан "Истиқлол" ва "Локомотив" чиқишини хоҳлайман.


“Истиқлол” клуби сардори, дарвозабон Маҳди Раҳматининг фикрлари эса қуйидагича бўлди:

Жамоамиз бу мавсум бирмунча ўзгарди, таркибда ёшлар кўп, ички чемпионатда учинчи ўринда кетяпмиз. Лекин ҳали ҳаммаси ўз жойига тушади. Эртага бўлиб ўтадиган учрашувда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

Эслатиб ўтамиз, мазкур беллашув маҳаллий вақт билан 19:00 (Тошкент вақти билан 20:30)да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!